O‘zLiDeP сайловларга замонавий сайлов технологиялари борасида зарур билим ва кўникмаларни эгаллаган кадрлар билан кириб боради

14.08.2019, 18:08

O‘zLiDeP сайловларга замонавий сайлов технологиялари борасида зарур билим ва кўникмаларни эгаллаган кадрлар билан кириб боради

Маълумки, шу йил декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга депутатлик сайловлари бўлиб ўтади. Бугун соҳа мутахассилари, экспертлар томонидан бир жиҳат қайта-қайта таъкидланмоқда. Яъни бу галги сайловлар мутлақо янгича босқичда, янгича қарашлар асосида бўлиб ўтади. Шундай бўлиши табиий. Чунки тан олиш керак юртимизда кейинги икки йилдан кўпроқ вақт мобайнида барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар биринчи галда одамларнинг сиёсий онгини ва дунёқарашини ўзгартирди. Улар бугун ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши билади, давлат ва жамият бошқарувида бевосита иштирок этмоқда, ҳар қандай масалада ўзининг шахсий фикрига эга фаол фуқароларга айланди.

Қолаверса, бу галги сайловлар мамлакатимиз тарихида илк бор Сайлов кодекси асосида ўтказилади. Бу эса сайловнинг қонунийлик, шаффофлик, очиқлик ва мутлақо янги босқичда ўтишининг яна бир ёрқин далилидир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, шуни айтиш керакки, O‘zLiDePнинг барча бўғинидаги фаоллар ана шу талабларга жавоб берадиган даражада сиёсий жараёнга кириб бориши керак бўлади. Шу мақсадда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан жорий йилнинг 12 август куни “Сайловлар: ғалаба стратегияси ва тактикаси” мавзусида тренерлар ўқишининг республика босқичи ташкил этилди.

8 кун давом этадиган мазкур ўқувнинг биринчи босқичида партиянинг марказий ва ҳудудий кенгашлари вакиллари Ўзбекистон миллий университетида 2 та гуруҳга бўлинган ҳолда 35 нафар малакали мутахассис ва профессор-ўқитувчилардан зарур билим ва кўникмаларни ўрганишмоқда.

Мазкур босқичда ҳар бир партия учун 45 нафардан иборат республика даражасидаги тренерлар гуруҳи тайёрланиши режалаштирилган.

Ўз навбатида сайлов жараёнларига пухта тайёргарлик кўриш ва уларни самарали ўтказиш мақсадида малака оширган 45 нафар республика тренерлари томонидан партия ҳудудий кенгашлари аппарат раҳбарлари, раис ўринбосарлари ва мутахассислари, яъни жами 628 нафар вилоят ва туман тренерларини тайёрлаш учун ўқувлар ташкил этилади.

Ўқувларнинг кейинги босқичларида 673 нафар республика, вилоят ва туман тренерларининг ҳамкорликдаги фаолияти йўлга қўйилади ва бунда партия кузатувчилари, ваколатли вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари вилоят туман (шаҳар) кенгашларига депутатликка номзодлар ҳамда уларнинг ишончли вакиллари тизимли равишда ўқитилиши таъминланади.

Қанчалик қийин бўлмасин, бу йилги сайловнинг кўламидан, талабидан келиб чиқиб ўқувлар ана шундай тизимлилик асосида ташкил этилмоқда. Мақсад сайловга пухта тайёрланган, замонавий сайлов технологиялари борасида зарур билим ва кўникмаларни эгаллаган кадрлар билан кириб боришдан иборатдир.

Хўш ўқувлар қандай йўналиш ва мавзуларни қамраб олган? Мазкур ўқув семинарлар 3 йўналишда олиб борилади.

Биринчи йўналишда партия сайловолди дастури ва асосий ғояларининг мазмун моҳияти билан бўлғуси тренерларни таништириш. Партия ўз олдига қўйган асосий вазифлар орасида иқтисодий йўналишда амалга ошириладиган ишлар, хусусан, тадбиркорлик ва ишбилармонлик фаоллигини ошириш, мамлакат иқтисодиётига инвестицияларни, аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш борасидаги ҳамда тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмларини амалиётга жорий этиш вазифаларга бирламчи эътибор қаратилган. Шунингдек мамлакатда бизнес муҳитни янада яхшилаш, аҳолининг кенг қатламларини жумладан аёллар ва ёшларни тадбиркорлик ва фермерликка кенг жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Табиийки мазкур вазифаларни самарали амалга ошириш партиянинг мафкуравий йўналишдаги фаолиятини кучайтиришни талаб этади. Шу мақсадда ўқувларда теренерларга мафкуравий йўналишдаги фаолиятни кучайтириш бўйича зарур тавсиялар берилмоқда.

Иккинчи йўналиш бу – партиянинг сайловларда иштирокини самарали ташкил этиш усуллари борасидаги билим ва кўникмаларни оширишдан иборатдир. Бунда партиянинг марказий ва ҳудудий сайловолди штаблари фаолиятини бугунги кун талабларидан келиб чиққан аҳолда аҳоли кенг қатламлари билан ишлашга тайёргарлигини ошириш, сайловолди штабида республика ва маҳаллий ОАВ орқали кенг жамоатчиликни партиянинг сайлов жараёнидаги иштирокига қаратилган тарғибот ишлари, ўтказилаётган тадбирлар, тренинглар, машғулотлар ҳақида хабардор қилиш бўйича медиа-режаларни шакллантириш, бу борада бошланғич партия ташкилотларида, шаҳар ва туман партия кенгашларида ишни тўғри йўлга қўйиш бўйича атрофлича фикр ва мулоҳаза юритилмоқда.

Учинчи йўналиш – партия фаолиятига замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган. Зеро бугун шиддат билан ўзгараётган ахборот технологиялари асрида бу жуда муҳим. Сиёсий ва ПР технологиялар, паблисити асослари, сиёсий партия ва унинг фаоллари учун зарур бўлган имижмейкинг ва бошқа замонавий технологиялар атрофлича ўргатилмоқда.

Бундан ташқари ўқув семинарларни юқори савияда ташкил этиш учун бошқа бир қатор йўналишлар ҳам қамраб олинган.

Асосийси ўқув семинари иштирокчилари ҳар бир масалада ўзларининг шахсий позицияларини намойиш этишмоқда. Қизғин баҳс-мунозараларга киришиб, ўзларини қизиқтирган саволларга тажрибали мутахассислардан жавоб олишмоқда.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

Теглар
СТМ
  • Кўрилди
    220
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+