O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” 200 нафар хотин-қизни тиббий кўрикдан ўтказди

16.08.2019, 17:32

O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” 200 нафар хотин-қизни тиббий кўрикдан ўтказди

O‘zLiDeP Фарғона вилоят Кенгаши вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида “Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойиҳаси доирасида тиббий кўрик ўтказди.  

Сўх тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасида ташкил этилган кўрикда вилоят онкология диспансерининг малакали шифокорлари томонидан 200 га яқин хотин-қиз чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказилди.

–Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, хотин-қизлар орасида учраётган онкологик касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлашнинг самарали тизимини яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди O‘zLiDeP Фарғона вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Н.Элчиева. – Эътиборли жиҳати, бугунги кунда хасталикларни аниқлаш ва даволаш учун аҳолини хорижий давлатларга боришига ҳожат қолмади.

Шу куни O‘zLiDeP Қўқон шаҳар Кенгаши ва 2-сонли Фарғона вилоят онкология диспансери ҳамкорлигида “Шайхон” МФЙда тиббий кўрик ташкил этилди.

– Бугун аёллар ўртасида онкологик касалликлар бўйича кўрсаткич ошиб бормоқда. Энг ачинарлиси, ушбу касаллик кеч босқичда аниқланмоқда. Чунки хотин-қизларимиз ўз саломатликларига бефарқ бўлмоқда, – дейди 2-сонли вилоят онкология диспансери бош шифокори А.Тўйчибоев. – Баъзан тўқималарнинг катталашиши хавфли бўлмайди. Бошқа ҳолларда эса хавфли ўсмага айланиб кетиши мумкин. Шу боис танангизда ўзгариш пайдо бўлганда тезда шифокорга мурожаат қилинг.

Кўрикда онкологик касалликлар ичида сут бези саратони етакчилик қилиши, кейинги ўринларда  меъда, бачадон бўйи ва ўпка саратони қайд этилиши таъкидланди.  

 Шоҳсултон ТЎХТАМАТОВ,

O‘zLiDeP Фарғона вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    880
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+