Қоракўлчилик соҳасига давлат томонидан эътибор кучайтирилмоқда

21.08.2019, 17:03

Қоракўлчилик соҳасига давлат томонидан эътибор кучайтирилмоқда

Давлатимиз раҳбари томонидан қоракўлчилик соҳасини ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, Президентимиз ўтган йил февраль ойида Бухорога ташрифи давомида маҳаллий аҳоли илгаридан қоракўлчилик маҳсулотларини бутун дунёга сотиб катта даромад олганлигини, бу соҳада йўқолиб бораётган наслчилик ва тажрибани қайта тиклаш, чўпон ва тикувчи ҳунармандларни қўллаб–қувватлаш зарурлигини таъкидлаб ўтган эди.

Соҳани ривожлантиришнинг заруриятидан келиб чиқиб, 2018 йил 14 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қоракўлчилик соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, 2023 йил 1 январга қадар қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектлар ва қоракўлчилик маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари қоракўлчилик учун зарур бўлган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича импорт қилинадиган материаллар учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилди. Бундан ташқари, қоракўлчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун ягона ер солиғи ставкалари 2023 йил 1 январга қадар ўзгаришсиз қолдириладиган бўлди.

Президентимизнинг жорий йил 16 август куни қабул қилинган “Қоракўлчилик тармоғини комплекс ривожлантириш чора–тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг қабул қилиниши соҳани узвий ривожлантириш қанчалик муҳимлигини кўрсатди ва олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Дарҳақиқат, ўтган йилда соҳа олдига аниқ вазифалар белгилаб берилган, соҳани ривожлантириш мақсадида имтиёзлар берилган. Яқинда қабул қилинган ушбу қарор эса соҳада натижадорликка эришишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Хусусан, мазкур қарор билан 2019-2021 йилларда қоракўл зотли қўйлар бош сони, жун ва қоракўл тери ишлаб чиқаришни кўпайтиришнинг прогноз параметрлари тасдиқланди. Унга кўра, 2018 йилда республика бўйича қоркўл зотли қўйлар 5870 бош бўлган бўлса, 2019 йилда 6270 бош, 2020 йилда 6768 бош, 2021 йилда эса 7346 бошга етказилиши режалаштирилди.

Худди шу каби жун ишлаб чиқариш, ушбу даврда 125,1 фоизга, қоракўл териси ишлаб чиқариш 125,7 фоизга оширилиши белгиланди.

Яна бир ҳижат, юртимизнинг айрим минтақаларида юқори элита синфли наслдор қоракўл қўйлар етиштиришга ихтисослаштирилган Илмий-наслчилик тажриба станцияларини ташкил этиш белгиланди. Илмий-наслчилик тажриба станциялари фаолияти юқори наслдор элита синфига мансуб қўйлар отарларини илмий асосда ташкил этиш, отарларда наслчилик ва сунъий уруғлантириш ишларини тизимли ташкил этиш, қоракўл терининг рақобатбардош турларини яратиш, етиштирилган юқори маҳсулдор қоракўл қўй ва қўчқорларни аҳоли хонадонларига, деҳқон ҳамда фермер хўжаликларига тизимли равишда етказиб беришни йўлга қўйишга қаратилади.

Албатта, бу соҳага берилаётган эътибор мамлакатимизда чорва сони ошишига, қоракўлчилик соҳасини ривожланишига, экспорт ҳажми ортишига, пировардида аҳоли ва давлат даромадлари ошишига хизмат қилади.

Ўткир ТУРСУНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O’zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1118
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+