Туризмнинг ривожланишида янги тарихий қадам қўйилди

21.08.2019, 17:14

Туризмнинг ривожланишида янги тарихий қадам қўйилди

Туризм - мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи саналади. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йуллаган Мурожаатномасида 2025 йилда юртимизга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сонини 7 миллион нафарга, туризм экспортидан келадиган йиллик даромадни эса 2 миллиард долларга етказиш вазифаси куйилган эди.  

«Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурига мувофиқ Туризмнинг янги турларини ривожлантириш ва мавсумийлик омили таъсирини камайтириш мақсадида ишбилармонлик туризмини («MICE») ривожлантириш, узоқ ва яқин хорижий мамлакатлардан келадиган туристлар сонини янада ошириш, уларнинг мамлакат ичида эркин ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида авиатранспорт тизимини янада такомиллаштириш, машҳур халқаро брендлар асосида фаолият юритувчи етакчи компаниялар филиалларини Ўзбекистонда очиш чораларини кўриш вазифалари белгиланган.

Жорий йилнинг ўтган олти ойи  мобайнида юртиимизга 3 миллион нафардан ортиқ  сайёҳлар ташриф буюрди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 2,3 млн. нафарни ташкил этган бўлиб, 31 фоизга ошди.

Натижада туристик хизматлар экспорти 33,2 фоизга ошиб, 602,4 млн. АҚШ долларни ташкил этди. Аҳамиятли томони шундаки, узоқ хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган сайёҳлар сони қўшни ва бошқа МДҲ мамлакатларидан келувчиларга қараганда кўпроқни ташкил этмоқда.

Тадбиркорлар томонидан туризм соҳасига 191,7 млрд. сўм инвестициялар киритилиши эвазига 1 142 та янги иш ўринлари яратилди.   

Ҳозирги кунда 23 минг хонага эга жами 1046 та жойлаштириш воситалари фаолият юритмоқда.  Шундан 107 та жойлаштириш воситалари  жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида барпо этилди.

Аҳолини туризм соҳасидаги тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш борасида олиб борилган ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида 364 та янги оилавий меҳмон уйлари ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 472 тага етказилди.

Таъкидлаш жоизки,  эришилган бундай кўрсаткичларнинг замирида туризм соҳасининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор фармон ва қарорларда белгиланган вазифалар ижросининг тўлиқ таъминланаётганлиги ҳамда яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Туризм тўғрисида”ги қонунининг ҳаётга татбиқ этилаётганлигида кўришимиз мумкин.

Жорий йилнинг 13 август куни Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони соҳанинг ривожланиши учун том маънодаги тарихий қарор бўлди.

Чунки мамлакатимиз тарихида илк бор “Очиқ осмон” режими жорий этилиши белгиланди. Унга кўра, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб “Қарши”, “Нукус” ва “Термиз” халқаро аэропортларида “бешинчи ҳаво эркинлиги”ни қўллаган ҳолда, шунингдек, “Бухоро” халқаро аэропортида “бешинчи ҳаво эркинлиги”ни хорижий давлатлар фуқароларини ташишда қўллаган ҳолда “Очиқ осмон” режими жорий этилади.

Шунингдек, фармонда туризм фаолияти субъектлари ва авиаташувчиларнинг хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга чартер рейсларини ташкил қилиш бўйича харажатларининг бир қисми ҳар бир хорижий турист учун, у республика ҳудудида камида беш кеча тунаб қолган тақдирда, 20 АҚШ доллари, қиш мавсумида эса 50 АҚШ доллари миқдорида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қоплаб берилиши назарда тутилади.

Фармонда Туризм соҳасида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, Тошкент шаҳридан ташқари республикамизнинг барча ҳудудларида чет эл таомларига ёки алоҳида йўналишга ихтисослаштирилган мавзули овқатланиш шохобчаларини, “караоке” заллари ва туристик қўнгилочар муассасаларни ташкил этиш харажатларининг бир қисми Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши белгиланганлиги электоратимиз вакиллари бўлган тадбиркорларни руҳлантириб юборди. 

Мамлакатимиз туристик салоҳиятини оширишга бефарқ бўлмаган аҳолининг оилавий меҳмон уйларини, туристлар учун камида беш хил хизмат кўрсатиш турларини ташкил этганда “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” ёки “Туризм овули” мақомини беришга оид янгиликлар киритилмоқда.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, республикамизнинг етиб бориш қийин бўлган ва чекка жойларда туризм хизматларини кўрсатадиган юридик шахсларга  бир қатор солиқ имтиёзлари берилиши назарда тутилган.

Мамлакатда туризм соҳасини ривожлантириш ва оммалаштиришга муносиб ҳисса қўшган жамоат тузилмалари вакилларига ва хориждаги ватандошларга “Туризм соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишонини таъсис этиш таклифининг қўллаб-қувватланиши нафақат юртдошларимизни, балки хорижда яшаётган ватандошларимизнинг ҳам Ўзбекистоннинг улкан туристик имкониятларини очиб беришда муҳим омил бўлиши шубҳасиз.

Бир сўз билан айтганда фармоннинг қабул қилиниши мамлакатимизда туризм соҳасининг янада ривожланишида, ўз олдимизга қўйган юксак марраларни  эгаллашимизда дастуриламал бўлади.

 Одинахон ЖАМОЛДИНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилк

палатаси депутати,

O’zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    78
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+