Меҳнат мигрантлари манфаатлари акс этган муҳим фармон кучга кирди

21.08.2019, 17:44

Меҳнат мигрантлари манфаатлари акс этган муҳим фармон кучга кирди

 Миграция табиий жараён. Дунёнинг бирор бир мамлакати айни бундан юз ўгиролмайди, миграция жараённи тўхтатишга ҳам қодир эмас. Бироқ мазкур жараённи тартибга солиши ва ўз фуқаролари учун ҳуқуқий ҳимоя механизмини яратиши мумкин. Ўзбекистон шу йўлда зарур ислоҳотларни амалга ошириб келмоқда. Президентимизнинг “Хорижда вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини янада кучайтириш тўғрисида”ги Фармони ҳам бунинг ёрқин исботи десак хато бўлмайди. Унда фуқароларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар, шунингдек, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган аниқ вазифалар белгиланди.

Мазкур ҳаётий ҳужжатнинг асосий жиҳатлари ҳақида гапирадиган бўлсак, унда хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ транспорт ва бошқа харажатларни қоплаш ҳамда зарур ҳужжатларни расмийлаштириш учун меҳнат мигрантларига молиявий ёрдам кўрсатиш, улар учун миграцион ва меҳнат қонунчилиги бўйича қисқа муддатли ўқувларни ташкил этиш, муҳтож меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ёрдам кўрсатиш, хорижда ишлаб Ватанимизга қайтиб келган меҳнат мигрантларига бошқа масалаларда кўмаклашиш, уларнинг оила аъзоларига уй-жой шароитларини яхшилашда ёрдам бериш каби ҳаётий масалалар қамраб олинган.

Фармонда белгиланган яна муҳим қарор эндиликда чет элда мушкул аҳволга тушиб қолган ва ёрдамга муҳтож меҳнат мигрантлари масофавий мурожаат қилишлари мумкин. Мазкур ишлар Ягона миллий меҳнат тизими доирасида яъни “Labor - migration” дастурий комплекси орқали амалга оширилиши белгиланди.

Соддароқ қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур муҳим фармони хорижда меҳнат қилаётган ҳар бир Ўзбекистон фуқароси эндиликда эътиборда, ҳимояда эканлигини англатади. Яъни мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси у қаерда, қандай шароитда меҳнат қилишидан қатъий назар уларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясига олинади. Сиёсий партия вакили сифатида биздан талаб қилинадиган биринчи галдаги вазифа фармонда ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинаётган  ана шундай имтиёз ва имкониятлар мазмун-моҳиятини аҳолига айниқса бугун чет элда ишлаш орзусида юрган ёшларга етказишимиз керак.

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги

OzLiDeP фракцияси аъзоси

Теглар
Кун мавзуси
  • Кўрилди
    921
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+