Натижадорлик ва ҳисобдорлик муҳим мезонга айланади

22.08.2019, 16:33

Натижадорлик ва ҳисобдорлик муҳим мезонга айланади

Шу йил 14 август куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2019 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишларни муҳокама қилиш ҳамда 9 ой ва йил якуни бўйича белгиланган прогноз параметрларига эришишни таъминлайдиган устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилиш макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, ёқилғи-энергетика, қайта ишлаш саноати ва агросаноат тармоқларини модернизация қилиш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳаларни яхшилаш, аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижалари таҳлил қилиниб, кўпгина муаммоларга ечим излаш баробарида мутасаддилар кесимида аниқ вазифалар белгилаб берилгани билан аҳамиятли бўлди.

O‘zLiDePнинг ушбу йиғилишдан келиб чиқувчи яқин истиқболдаги мақсад ва режаларини ҳам белгилаб олди.

Мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйгач, давлат бошқарувидаги туб ўзгаришлар халқнинг ичига кириб бориш, ҳаётга яқинроқ бўлиш, ҳудудларни ривожлантиришга устуворлик берилишида кўзга ташланди. Ушбу йўналишдаги ишлар янада чуқурлаштирилиб, мантиқий давоми сифатида янги тартиб жорий этилмоқдаки, бу ҳам ислоҳотларнинг натижадорлигини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Давлатимиз раҳбари бундан буён Вазирлар Маҳкамаси комплекслари раҳбарлари, вазирлар, қўмиталар ва хўжалик бирлашмалари раислари иш услубини ўзгартириб, кўпроқ ҳудудларга, олис қишлоқларга бориб, пастдаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда ҳокимликлар, тадбиркорлар ва жойлардаги раҳбарларга амалий ёрдам бериши зарурлигини таъкидлади. Масаланинг яна бир эътиборга молик жиҳати, эндиликда республика даражасидаги раҳбарлар мавжуд муаммоларнинг ҳал этилиши ва натижалари бўйича вилоят халқ депутатлари кенгаши ва фаоллари олдида ҳисобот бериб боради.

Янги тизимни амалда жорий қилиш асносида ўз-ўзидан халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг нуфузи ва таъсир доираси ошиб, шунга яраша зиммасидаги масъулият ҳам кучайтирилиши тақозо этилади. Хўш, жойларда фаолият юритаётган партиямиз депутатлари мутасаддиларнинг ҳисоботини эшитишга қанчалик тайёр? Шундай имкониятдан фойдаланиб, ўзига берилган ваколат ва халқ ишончини чуқур ҳис этган ҳолда, тараққиётимиз йўлидаги ғовларни бартараф қилишда халқ ноиблари қатъий позициясини қанчалик намоён эта олади?

Зеро, ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида депутатларга жуда катта ишонч билдирилмоқда. Бугун биз ана шундай ўткир саволларни кўндаланг қўйиб, фаолиятимизни қисқа фурсатда танқидий ёндашув асосида қайта кўриб чиқишимиз зарур. Боз устига, олдимизда парламент қуйи палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайловлардек муҳим сиёсий жараён турибди. Шу йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларга қараб бутун дунё Ўзбекистонга баҳо беради. Кейинги беш йилликдаги тараққиётимиз ҳам кўп жиҳатдан ушбу сиёсий жараённинг қанчалик адолатли ўтишига боғлиқ десак адашмаймиз.

Ижро ҳокимиятининг турли бўғинларидаги эскирган иш услублари оёғимизга тўғаноқ бўлаётгани кундан-кунга ойдинлашиб бормоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, янги Ўзбекистон қуриш йўлида бошлаган ишларимизнинг самарадорлигини таъминлашда кадрларнинг билим савияси ва фидойилиги ҳал этувчи омилдир. Ёшларимиз чин маънода ватанпарвар бўлиб, халқимизга елкадошлик саодатини теран тушунган ҳолда, миллий юксалишга хизмат қилувчи кенг кўламли ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини туйиши, буни фаол фуқаролик позицияси ва амалий ҳаракатлари билан кўрсата олиши муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода O‘zLiDeP жаҳон даражасида фикрлайдиган, юқори интеллектуал салоҳиятга эга навқирон авлодни камол топтиришга ҳисса қўшиб келаётган лойиҳалари қамровини янада кенгайтиришни мақсад қилиб олади.

Давлатимиз раҳбари энди қишлоқ хўжалигида манфаат ишлайди, рағбат ишлайди, дея алоҳида уқтиргани бежиз эмас. Мазкур таъкид замирида аграр тизимда йиллар мобайнида йиғилиб қолган асосий муаммолар сабаби ифода этилдики, кейинги уч йилда фермерлар манфаатдорлиги ва даромадларини кўпайтиришга қаратилган иқтисодий механизмлар жорий этилгани, пахта ва ғалланинг давлат хариди нархи сезиларли оширилгани қишлоқ мулкдорлари қаддини чинакамига кўтарди. Йиғилишда бу борадаги ишларни изчил давом эттириш, куз ойларида қўшимча сабзавотлар экиш, туманларнинг табиий иқлим шароитидан келиб чиқиб, ҳосилдорликни ошириш, ғаллачилик кластерлари, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик комплекслари ташкил этиш, сувни тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш бўйича ҳам аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Биринчи ярим йилликда қарийб 86 триллион сўм, яъни ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 баробар кўп инвестициялар ўзлаштирилгани, мамлакатимиз тарихида биринчи марта инвестициянинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 38 фоиздан ошгани барчамизни қувонтиради. Юртимизда амалга оширилаётган инвестиция сиёсатининг ўзига хос хусусияти шундаки, маҳаллий хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлашни таъминлайдиган, юқори технологияларга асосланган янги ишлаб чиқариш субъектларини ташкил этишга қаратилган лойиҳаларга устувор аҳамият берилмоқда. Фаол инвестиция сиёсати юритилиб, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри хорижий сармоялар йўналтирилаётгани натижасида кўплаб лойиҳалар рўёбга чиқмоқда. Бу эса аҳоли бандлиги ва турмуш фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

 Албатта, бугун эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб, хотиржамликка бериладиган одам ютқизади. Мақсадимиз Ўзбекистонни дунёнинг ривожланган эллик давлати қаторига қўшиш экан, ушбу кўрсаткичларни янада ошириш, юртимизнинг инвестицион жозибадорлигини тобора кучайтириш ишларидан ҳеч қачон четда турмаслигимиз лозим. Айниқса, асосий электорати тадбиркорлар, фермерлар ҳамда йирик бизнес вакиллари бўлган O‘zLiDeP ушбу жараёнларнинг ичида бўлмоғи шарт. Партиямизнинг янгиланган дастури ва Сайловолди платформасида бу масала диққат марказида тутилди. Хусусан, мамлакат иқтисодиётига хорижий сармояларни жалб қилиш, замонавий экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини ошириш, миллий рақобатбардош маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш тизимини такомиллаштириш, маҳаллий корхоналар билан чет эллик ишбилармонлар ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик муносабатларини шакллантиришга кучли эътибор қаратамиз. Экспортни рағбатлантириш, қулай молиявий-иқтисодий ва божхона шароитларини яратиш, янги транспорт йўлакларини шакллантириш орқали географик маконни кенгайтиришга қаратилган вазифалар ҳам белгиланган. Биз хорижий сармояларнинг барқарор жалб қилинишини таъминловчи фаол инвестициявий сиёсатни юритиш, истиқболли инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнларининг самарадорлиги ва шаффофлигини оширишни кўзда тутувчи лойиҳавий бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш тарафдоримиз.

Президентимиз таъкидлаганидек, барча давлат идоралари ва корхоналарида тизимли ишлаш, қатъий тартиб-интизомга риоя этиш, қабул қилинган қарорларни сўзсиз бажариш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва амалий ёрдам бериш ислоҳотларимизнинг натижадорлигини таъминлашда асосий омил бўлиши зарур ва шарт.

Актам ХАИТОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    439
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Темиров Даврон O‘zLiDeP Бўка туман Кенгаши депутатлик гурухи ижрочи котиби2019-08-25 11:09:39

Ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида Президентимиз депутатларга жуда катта ишонч билдирил моқда. Шунинг учун биз ана шундай маъсулиятли вазифани бажаришга тайёрмизми? Деган саволни саволларни кўндаланг қўйиб, фаолиятимизни қисқа фурсатда танқидий ёндашув асосида қайта кўриб чиқишимиз зарур. Сабаби, олдимизда парламент қуйи палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайловлардек муҳим сиёсий жараён турибди. Шу йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларга қараб бутун дунё Ўзбекистонга баҳо беради. Кейинги беш йилликдаги тараққиётимиз ҳам кўп жиҳатдан ушбу сиёсий жараённинг қанчалик адолатли ўтишига боғлиқлигини унутмаслигимиз зарур.


Рахманова Гульнара 2019-08-22 17:15:56

Хакикатдан хам Президентимиз таъкидлаганидек, барча давлат идоралари ва корхоналарида тизимли ишлаш, қатъий тартиб-интизомга риоя этиш, давлатимиз тамонидан қабул қилинган қарорларни жойларда тулаконли бажарилишини таъминлаш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва амалий ёрдам бериш ислоҳотларимизнинг натижадорлиги таъминланишида асос булади. Халкимиз фарованлиги турмушимиз ободанчилиги йулидаги ислохатларни амалга оширлишида УзЛиДеП аъзолари фаоллик билан ендашишимиз зарур.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+