Маҳаллий вакиллик ҳамда ижро органларининг айрим мансабдор шахсларида ҳамон ташаббускорлик етишмаяпти

22.08.2019, 17:15

Маҳаллий вакиллик ҳамда ижро органларининг айрим мансабдор шахсларида ҳамон ташаббускорлик етишмаяпти

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2019 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган кенгайтирилган йиғилишни нафақат вилоят кенгаши депутати, балки мулкдорлар қатлами манфаатларини ифодаловчи партиянинг ҳудудий ташкилоти раҳбари сифатида диққат билан кузатдим.

Энг аввало, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, ёқилғи-энергетика, қайта ишлаш саноати ва агросаноат тармоқларини модернизация қилиш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш баробарида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани, аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижалари чуқур таҳлил қилингани диққат марказида бўлди.

Юртбошимизнинг барча бўғинлардаги раҳбарлар, мансабдор шахслар қандай ишлаши кераклиги, депутатлар ўз ваколатлари доирасида нималарга кўпроқ эътибор бериши зарурлиги тўғрисида билдирган фикрлари партиямиз электоратини руҳлантириш билан бирга, барчамизни ҳар бир соҳада янада фаол ва ташаббускор бўлишга ундагани шубҳасиз. Астойдил меҳнат қилиш ва ижро интизомини мустаҳкамлаш орқали мавжуд камчилик ва хатоларга барҳам берилиши ҳам айни ҳақиқатдир.

Тан олиш керакки, маҳаллий вакиллик ҳамда ижро органларининг айрим мансабдор шахсларида ҳамон ташаббускорлик етишмаяпти. Бошқарувнинг қотиб қолган усулларига таяниш ҳисобига самарасиз тадбирлар ўтказилиб, чуқур ўйланмаган қарорлар қабул қилиш ҳолатлари кўзга ташланаётганини ҳам инкор этиб бўлмайди. Ваҳоланки, турли тизимлар раҳбарлари ўзига нисбатан қанчалик талабчан бўлса, масъулиятни зиммасига ола билса, ходимларда ҳам шундай хислатлар шаклланади. Бундай муҳитда эса табиий равишда юксалиш кузатилади.

Йиғилиш якунига етгач, ўзимга ўзим савол бердим: мен раҳбарлик қилаётган ташкилот ҳисобот даврида қандай ютуқларга эришди? Фаолиятимиздаги нуқсонлар нималардан иборат бўлди?

O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида талай ишлар амалга оширилгани, хусусан, турли йўналишларга оид 68 та ҳужжат қабул қилингани ва ижроси таъминланганини кўришимиз мумкин. Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янгича йўлга қўйиш бўйича илгари сурилган 5 муҳим ташаббуснинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилишга бағишланган тадбирларни олинг. Бу жараёнда маҳаллий кенгашларга сайланган депутатларимиздан тортиб, бошланғич партия ташкилотлари етакчиларигача фаол иштирок этишяпти.

Фидойи сафдошларимиздан иборат ишчи гуруҳлар шу йилнинг ўтган даврида 358 та маҳалла фуқаролар йиғини ўрамидаги 13 798 та хонадонга кириб боришди. Аҳоли билан бевосита мулоқот чоғида 2 756 та муаммо аниқланди. Энг муҳими, аксарияти партиявий воситалар, депутатлик сўровлари орқали ижобий ҳал этилди. Тарғибот тадбирлари натижасида 60 нафар МФЙ раиси, маҳалла котибларининг 70 нафари, хотин-қизлар бўйича мутахассисларнинг 23 нафари O‘zLiDeP сафига қабул қилинди.

Тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган, аммо кредит олишда қийналаётганларнинг мурожаатлари жойида кўриб чиқилаётгани одамларнинг партиямизга ишончини тобора мустаҳкамламоқда. Масалан, Марҳамат  туманида ўтказилган сайёр қабул давомида фуқаролардан келиб тушган 50 дан зиёд мурожаат атрофлича ўрганилгани сўзимиз исботидир.

– Неварамни узоқ вақтдан буён астма касали безовта қилади, – деди Марҳамат тумани Шомат маҳалласида яшовчи Зулфияхон Абдуллаева. – Шу боис депутатлардан Жиззах вилояти Зомин туманидаги дам олиш маскани учун йўлланма олишда амалий ёрдам сўрадим. Бу масала ижобий ҳал бўлганидан жуда хурсандман.

Кези келганда, “Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш – тараққиёт гарови” мавзусида водий ёшлари форуми Андижонда юқори савияда ўтказилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Анжуманда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси навқирон юртдошларимизнинг эзгу интилишлари ва ташаббусларини, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришга салмоқли ҳисса қўшаётгани эътироф этилди. Бу борада олиб борилаётган ишлар йигит-қизларнинг тадбиркорликка оид билим ва кўникмаларини шакллантириш, бизнес-режаларини амалга ошириш, касб-ҳунар коллежи битирувчилари бандлигини таъминлашга кўмаклашишдек дастурий мақсадларимизга ҳамоҳангдир. Ушбу лойиҳа доирасида иштирокчилар Бўз туманидаги “Sabo Teks”, “Rash milk” ҳамда Шаҳрихон туманидаги “Пойабзаллар уйи” корхоналарининг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Учрашувларда тажрибали тадбиркорлар ўз бизнесини бошлаш ҳаракатида юрган ёшларга керакли тавсиялар беришди.

Гувоҳи бўлаётганингиздек, мақтаса арзигулик ишларимиз оз эмас. Лекин бугунги шиддатли давр амалга оширилганидан кўра ҳали бажарилмаган ишларни чуқур таҳлил қилишни, масъулиятни янада кучайтиришни, партиялараро соғлом рақобатга киришишни талаб этяпти. Эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб юриш замони аллақачон ўтиб кетди. Вакиллик органларига навбатдаги сайловлар эшик қоқиб турган бир пайтда ўз фаолиятидан қониқиш ҳосил қилиб, изланишдан тўхтаган сиёсий куч муваффақият қозона олмаслиги тайин.

Ярим йиллик якунларига бағишланган йиғилишда кейинги уч йилда аграр соҳа ва озиқ-овқат саноатини барқарор ривожлантириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича кўплаб қарор ва дастурлар қабул қилинганига эътибор қаратилганидан келиб чиқиб, партиямиз фермерлар манфаатдорлиги ва даромадларини оширишга қаратилган иқтисодий механизмларни такомиллаштириш юзасидан аниқ таклифларни илгари сурадиган фурсат етди деб ҳисоблайман. Бу борада сўз юритганда, O‘zLiDeP электоратининг салмоқли қисми қишлоқ мулкдорларидан иборатлиги, истеъмол маҳсулотларининг 70 фоизи иқтисодиётнинг ушбу тармоғида яратилаётгани, 180 дан зиёд турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 80 та мамлакатга экспорт қилинаётгани, иқтисодий фаол аҳолининг 27 фоизи айнан мазкур тизимда бандлиги, таъбир жоиз бўлса, биз учун қулай имкониятдир. Бинобарин, ғаллачилик кластерлари, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик комплекслари ташкил этиш, сувни тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш бўйича белгиланган аниқ чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлаш нафақат ижро органлари, балки бизнинг партиямизнинг ҳам устувор вазифалари сирасига киришини асло унутмаслик керак.

Тоҳиржон ТОЛИПОВ,

O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси,

Халқ  депутатлари вилоят Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    1062
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Муминов Ботиржон туман Кенгаши депутати2019-08-23 16:43:00

Маърузада долзарб мавзу кутарилган биз партия фаоллари вилоят, туман Кенгаши депутатлари олиб борилаётган ислохотларни илгари суришда, карор ва фармонларнинг ижросини таъминлашда ташаббускор булишимиз ва шу оркали халкимиз сайловчиларимиз ишончини козона оламиз. Келгусидаги сайловларда галаба қозониш самарали мехнатимиз эвазига булади.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+