Саховат ва ҳикмат қадри

22.08.2019, 17:44

Саховат ва ҳикмат қадри

Тошкент вилоятида O‘zLiDePнинг устувор мақсадларига ҳамоҳанг тарзда ўтказилаётган партиявий тадбирларнинг аҳамияти хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳар ойнинг сўнгги ҳафтасини ўз сайлов округларида ўтказиши кўпчиликка яхши маълум. Айниқса, энг улуғ ва энг азиз байрамимиз арафасида сайловчилар билан учрашувлар янада кенг қамров касб этади. Куни кеча пойтахт вилояти маркази Нурафшон шаҳрида ана шундай мулоқотлардан навбатдагиси бўлиб ўтди.

Парламент қуйи палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Виктор Пакни 84-Тўйтепа сайлов округи сайловчилари яқин қадрдонидек қарши олгани, депутатнинг давлат тилида суҳбатга киришгани, катта залга йиғилганларнинг аксариятини таниши, уларга исмини айтиб мурожаат қилиши журналистларнинг диққатини тортди.

Учрашув аввалида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2019 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар муҳокамаси ҳамда йил якуни бўйича белгиланган прогноз параметрларига эришишни таъминлайдиган устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган кенгайтирилган йиғилиш тафсилотлари хусусида маълумот берилди.

– Юртбошимизнинг бевосита топшириғига кўра, бундан буён Вазирлар Маҳкамаси комплекслари раҳбарлари, вазирлар, қўмиталар ва хўжалик бирлашмалари раислари ўз иш услубларини тубдан ўзгартириб, кўпроқ ҳудудларга, олис қишлоқларга бориб, пастдаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда ҳокимликлар, тадбиркорлар ва жойлардаги раҳбарларга амалий ёрдам беришади, – деди Виктор Пак. – Худди шундай, вилоят ҳокимлари ҳам ўринбосарлари ва бошқарма бошлиқлари билан бирга ҳар чоракда туманларга бориб, муаммоларни ҳал қилиб, туман халқ депутатлари кенгаши ва фаоллар олдида ҳисобот беради.

Йиғилишда ижтимоий соҳаларни янада ривожлантириш, хизматлар қамрови ва сифатини ошириш бўйича қўшимча вазифалар белгилаб берилди. Барча давлат идоралари ва корхоналарида тизимли ишлаш, қатъий тартиб-интизом, қабул қилинган қарорларни сўзсиз бажариш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва амалий ёрдам бериш ислоҳотларимизнинг натижадорлигини таъминлашда асосий омил бўлиши зарурлиги таъкидланди.

Расмиятчиликдан холи тарзда кечган савол-жавоблар давомида сайловчилар таълим тизимидаги янгиликлар билан қизиқди. Депутат ўтган даврда 14 та янги олий таълим муассасаси, жумладан, 6 та маҳаллий ва 8 та хорижий олий таълим муассасаси филиали фаолияти йўлга қўйилиб, 40 та янги таълим йўналиши ҳамда 41 та янги мутахассислик ташкил этилгани ҳақида маълумот берди. Учрашувда кўпроқ аёллар қатнашаётганини инобатга олган O‘zLiDeP фракцияси аъзоси хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида 100 миллиард сўм ажратилгани, шу йилнинг 6 ойи давомида ушбу маблағнинг 41 фоизи ўзлаштирилиши туфайли 2 минг 240 та иш ўрни яратилганини таъкидлади.

Учрашувнинг иккинчи қисмида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Виктор Пак ўз округидаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга O‘zLiDeP номидан совға-саломлар улашди. Айниқса, Жанубий Кореянинг “New Hope” (“Янги умид”) компанияси билан йўлга қўйилган яқин ҳамкорлик туфайли хориждан келтирилган энг замонавий ногиронлик аравачалари ва ҳар томонлама қулай қўлтиқтаёқлар йиғилганларнинг дилини равшан қилди. – Виктор Пакнинг округдаги ҳар бир учрашуви мана шундай самимий муносабатларга қурилади, – дейди O‘zLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши депутатлик гуруҳлари билан ишлаш бўлими мудири Аброрбек Ўрозов. – Унинг “Қўлимдан нима келса, мана шу округдагиларга яхши бўлиши учун қилишдан чарчамайман” деган гапи ҳар бир сайловчига ёд бўлиб кетган. Мана, бугун ҳам учрашувга умумий қиймати 40 минг доллардан ошадиган 125 та турли тиббиёт жиҳозлари ва буюмлари билан келди. Уларнинг бир қисмини Ўрта Чирчиқ туман тиббиёт бирлашмасига беғараз ёрдам сифатида топширди.

Дарҳақиқат, аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатишда қўл келадиган, беморлар ва уларнинг яқинлари оғирини енгил қиладиган ускуналарни маҳаллий шифокорлар мамнуният билан қабул қилиб олар экан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутатларга миннатдорлик билдиришди. Эҳтиёжмандларга кўмаклашишда саховат ва ҳимматнинг қадри нақадар баланд эканини таъкидлашди.

– Эътибор берган бўлсангиз, биргина мана шу учрашувдан қанча одам хурсанд бўлиб уйига қайтди, – дейди O‘zLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Тўлқин Файзиев. – Мустақиллик байрами муносабати билан бундай тадбирлар вилоятимизнинг ҳар бир туманида, ҳар бир қишлоғида, барча бошланғич партия ташкилотларида тизимли равишда ўтказилмоқда. Мазкур мулоқотларда бугун амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ва қисқа муддатда эришилаётган ютуқлар янгиланаётган Ўзбекистоннинг миллий ғояси самаралари экани хусусида сўз юритиляпти. Ёшлар ўртасида ташкил этилаётган тарғибот-ташвиқот тадбирларида ҳам бу жараённинг долзарб аҳамияти жонли мисолларда ифодалаб берилмоқда.

Масалан, халқ депутатлари Қибрай туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари билан биргаликда партиянинг “Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойиҳаси доирасида ўтказилган мулоқот ва “Muborak” хусусий клиникасининг очилиш маросимида ҳам шундай муҳит ҳукмрон бўлди. Илғор технологиялар асосида фаолият кўрсатадиган клиникада дунёнинг етакчи компанияларида ишлаб чиқарилган сўнгги русумдаги тиббий техникалар мавжуд. Шифокорлар улар ёрдамида аҳоли орасида кенг тарқалган касалликларнинг олдини олиш бўйича зарур чораларни кўришади. Шу куннинг ўзида 25 нафар хотин-қиз чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказилгани эса хусусий тиббиёт тизимининг истиқболидан дарак беради.

Мухтасар қилиб айтганда, O‘zLiDeP давлатнинг ижтимоий соҳага оид сиёсатидаги стратегик устувор йўналишни инсонга бўлган эътибор ташкил этиши лозим деб ҳисоблайди. Бинобарин, партиявий лойиҳаларни ана шу тамойил асосида ташкил этади. Нурафшон шаҳрида ўтказил тадбир эса изчил жараённинг битта амалий мисоли, холос.

Озод РАЖАБОВ,

“XXI asr” мухбири

  • Кўрилди
    169
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+