Президентимиз ташрифлари самараси

27.08.2019, 17:01

Президентимиз ташрифлари самараси

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида олиб борилаётган, мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишлари бугунги кунда Қорақалпоғистонда жадал суръатларда амалга оширилаётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Куни  кеча  муҳтарам  Президентимиз Ш.Мирзиёев ҳудудимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш,  пировардида  халқ билан яқиндан мулоқот қилиш мақсадида ўз ташрифларини олис Мўйноқдан бошлаганликлари ҳам бежиз эмас.

Зеро, юртбошимиз ҳар доим барча тоифадаги раҳбарларни доимо пастга тушган ҳолда, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этишга чақириб келадилар. Хусусан, 2016 йил 10 ноябрь куни Қорақалпоғистон  Республикаси  Шуманай  туманида бўлиб ўтган сайловолди учрашувида: «Бундан буён ҳар бир туман ва шаҳарга, керак бўлса, чекка-чекка қишлоқ ва овулларгача кириб борамиз. У ерда истиқомат қилаётган одамларнинг дардини эшитамиз,  муаммоларини ҳал қилишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқамиз ва ижросини қатъий назоратга оламиз» деган эдилар.

Дарҳақиқат, қанча вақтлардан буён Мўйноқ тумани глобал экологик вазият гирдобида қолган бир ҳудуд эди. Маҳаллий аҳолининг бир қисми турмуш  тарзини яхшилаш мақсадида бегона ерларга кўчиб кетиши оқибатида миграция даражаси кескин ошиб бормоқда эди.

2017 йил 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш тўғрисида» ги  ПҚ-2754-сонли қарори қабул қилингандан  сўнг  ушбу  юртда  яшаётган  инсонларнинг  кўкракларига шамол тегиб, умид кўртаклари пайдо бўла бошлади. Шу кундан бошлаб мазкур ҳудудни ривожлантириш,  кўкаламзорлаштириш,  аҳолига мос турмуш тарзини яратиш бўйича ишлар борган сари жадаллашмоқда. Жумладан, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик асосидаги Траст фонди тузилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инновация маркази, Оролбўйида инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.  Денгизнинг қуриган тубида ҳимоя ўрмонзорлар барпо этилмоқда. Шунингдек, туман марказида давлат хизматлари маркази, амфитеатр, бассейн, спорт зали, мусиқа ва санъат мактаби, тиббиёт маскани ва бошқа объектлар бунёд этилиши билан бирга аҳоли фаровонлигини таъминлаш мақсадида барча қулайликларга эга бўлган қаватли уй-жойлар қад кўтармоқда.

Бу каби яратувчанлик, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари нафақат Мўйноқ,  балки  Қорақалпоғистоннинг  барча ҳудудларида кўтаринки  руҳда меҳнаткаш халқимиз, турли касб эгалари, фидоий раҳбарлар томонидан мустақиллигимизнинг 28 йиллик шодиёнасига туҳфа сифатида тортиқ қилинаяпти десак,  асло муболаға бўлмайди. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Қорақалпоғистонда ялпи ҳудудий маҳсулот 7,2 фоизга,  қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 5,4 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 45 фоизга ўсган.

Президентимиз ташрифлари давомида  Қораўзак туманидаги Тебинбулоқ кони негизида кон-металлургия комплексини қуриш лойиҳаси билан танишдилар. Маълумотларга кўра, ушбу конда 1,1 миллиард тонна хомашё захираси аниқланган бўлиб, ундан 1,5 миллион тонна темир олиш имконияти мавжуд экан. Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида йилига 900 минг тонна арматура, 225 минг тонна сим, 375 минг тонна уголок, швеллер ва бошқа материаллар ишлаб чиқариш қуввати пайдо бўлади. Шунингдек,  бу ерда 2 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилиб, тайёрланган маҳсулотларнинг 35 фоизини экспорт қилиш режалаштирилмоқда. Бу ўз навбатида мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини кўтариш билан бирга, машинасозлик соҳасини ҳам янада ривожлантиришга замин яратади. Бирор бир тармоқни алоҳида ривожлантиришнинг имкони  йўқлигидан келиб чиққан ҳолда, машинасозлик соҳаси ўзига ёндош тармоқлар бўлган электроника, гидравлика, нефт-газ, кимё саноати каби бошқа тармоқлар ривожига ҳам ўзининг ижобий таъсирини ўтказмасдан қолмайди. 

Юртбошимизнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича режалаштирилган ишлар билан яқиндан танишишлари, юзага келаётган  муаммолардан хабар топиб, уларни ечиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилишлари ҳамда жойларда халқимиз равнақини янада юксалтириш бўйича пайдо бўлган ғояларнинг амалга ошишида яқиндан ёрдам кўсатишлари бугунги кунда тизимли тус олди.

 Бу эса бошқарувнинг энг содда, аммо энг илғор ва самарадор усули ҳисобланади. Ўйлаймизки, ҳар биримиз ўз масъулиятимизни чуқур ҳис қилган ҳолда, юртимизга дахлдорлик, ватанпарварлик туйғуси билан олдимизга  қўйган  вазифаларимизни адо этсаккина ўйлаган натижаларимизга эришишимиз муқаррар.

Қутлимурат Бабашев

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги OzLiDeP

фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    895
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+