Таълим-тарбия миллат саодатининг кўзгуси

28.08.2019, 17:29

Таълим-тарбия миллат саодатининг кўзгуси

Мамлакатимизда сўнгги уч йилда замонавий фикрлайдиган кадрларни тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялаш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Президентимиз томонидан халқ таълими тизимига оид 6 та фармон ва қарор, Вазирлар Маҳкамасининг 21 та қарори қабул қилиниб, бу соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий-меъёрий асослари мустаҳкамланди. 

Шу билан бирга ота-оналар, жамоатчиликнинг истаклари инобатга олиниб, юртимизда 11 йиллик мактаб таълими тизими тикланди, 157 та умумтаълим мактаби янгидан қурилди. Эътиборли томони, Президентимизнинг жорий йил 29 апрелдаги фармонига мувофиқ, халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Унда 48 та мақсадли кўрсаткичга эришиш бўйича аниқ механизмлар белгиланди. Масалан, 2030 йилга бориб ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича PISA халқаро дастури рейтингида Ўзбекистоннинг жаҳондаги етакчи 30 та мамлакат қаторидан жой эгаллаши мақсад қилиб қўйилган.

Жорий йилнинг 23 август куни Президентимиз раислигида халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириши шубҳасиз. Чунки айнан шу йиғилишда мамлакат ривожи, миллат тақдирининг таянч нуқтаси мактаб экани яна бир бор кўрсатиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари ўқитувчининг мақоми ва нуфузини ошириш, ҳуқуқлари ва имтиёзларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Бу бежиз эмас, чунки 2030 йилда Ўзбекистонни энг ривожланган 50 та давлат қаторига киритиш мақсад қилиб қўйилган. Ўша даврда бугун мактаб партасида ўтирган ўқувчиларимиз мамлакат, давлат, жамиятга хизмат қиладиган баркамол авлод бўлиб камол топади, демак, мамлакат тақдири, келажаги бугун мактабда ҳал бўлаяпти.

Яна бир гап. Йиғилишда мактаблардаги маънавий-тарбиявий ишларни янгича асосда ташкил этиш, “Миллий ғоя”, “Одобнома”, “Динлар тарихи”, “Ватан туйғуси” каби фанларни бирлаштирган ҳолда, ягона “Тарбия” фанини жорий қилиш зарурлиги қайд этилди. Мактабларга буюк алломалар, давлат ва сиёсат арбоблари, машҳур саркарда аждодларимизнинг номларини бериш муҳимлиги таъкидланди. Мактаб ҳаёти, фидойи ўқитувчилар ҳақида бадиий ва ҳужжатли фильмлар, саҳна асарлари ва видеороликлар яратиш бўйича тавсиялар берилди.

Мактаб тақдири – миллат тақдиридир, миллатимиз тақдирига эса бефарқ бўлишга ҳаққимиз йўқ. Демак, депутат сифатида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган амалий ишларда ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур.

Ўткир ТУРСУНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1917
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+