O‘zLiDeP сайловолди дастурига қишлоқ хўжалиги вакиллари, фермерлар соҳага оид аниқ таклифлар билдирди

28.08.2019, 17:55

O‘zLiDeP сайловолди дастурига қишлоқ хўжалиги вакиллари, фермерлар соҳага оид аниқ таклифлар билдирди

Жорий йилнинг 28 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, партиянинг парламентдаги фракцияси ҳамда Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорликда “Қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилишни такомиллаштириш масалалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда  вазирликлар, “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ ва Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси мутахассислари, соҳа олимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди. 

Ушбу масала O‘zLiDeP томонидан ўз сайловолди дастуридан ўрин бермоқчи бўлган муҳим масалалар сирасига киради. Партия томонидан масалага бу қадар муҳим аҳамият қаратилаётганлиги бежиз эмас. Чунки ўсимликларни зараркунанда ва касалликлардан самарали ҳимоя қилмай туриб, улардан сифатли ва юқори ҳосил олиб бўлмайди. Шу туфайли ҳам ушбу масала мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдек муҳим аҳамият касб этувчи масаланинг ҳал этувчи қисмларидан бирига айланган. Мутахассисларнинг фикрича, бугунги кунда мамлакатимиз экин майдонларида зарарли инвазив турларнинг салмоғи ортиб бормоқда.

Бегона ўтлар қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини ва етиштирилган маҳсулот сифатига салбий таъсир кўрсатувчи асосий омил хисобланади. Бегона ўтлар кенг тарқалган йиллари маданий ўсимликларнинг ҳосилдорлиги ғаллазорларда 10%га, дон дуккаклиларда 13,4%га,  ғўзада 7,5% га, картошкада 6%га, сабзавот экинларида 10,8%га пасаяди.

Шунингдек, ўсимлик маҳсулотларини экспорт ва импорт қилиш бўйича иқтисодий савдо муносабатларининг ва товарларни давлатлараро айрибошлаш жараёнининг кенгайиб бориши хорижий давлатлардан ўсимлик уруғлари, мева-сабзавот, полиз экинлари ва манзарали ўсимликларнинг янги навларини кириб келиши карантин тадбирларни ҳам амалга оширишни янада кучайтиришни тақозо этади.

Шу жиҳатдан “Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини тайёрлашда соҳага доир ваколатли органларнинг ваколат ва мажбуриятларини аниқ белгилаш, қонунни тўғридан-тўғри ишлайдиган нормалар билан таъминлашга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Таъкидланишича, хавфли зараркунандалардан республика ҳудудининг ишончли ҳимоясини таъминловчи ички ва ташқи ўсимликлар карантини бўйича давлат тадбирларининг самарали тизимини йўлга қўйиш ҳамда уларнинг мамлакат ичида тарқалишига йўл қўймаслик борасидаги ишларни кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Республика минтақаларида ҳозирги кунга қадар экспортга жўнатиладиган ҳамда карантин зараркунандалари, ўсимликлар касалликлари, бегона ўтлар ташувчиси бўлиши мумкин бўлган чет давлатлардан олиб кириладиган уруғлар, ўсимликлар, ўсимлик маҳсулотлари ва бошқа материалларни карантин текшируви ва экспертизадан ўтказиш бўйича лабораториялар сўнгги икки йилликда қайта ташкилланиб, ўсимлик клиникалари кўринишида ташкил этилмоқда.

Депутатлар соҳадаги энг муҳим масалардан яна бири қишлоқ хўжалиги ўсимликларини ҳимояси соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг таъсирчан тизими мавжуд эмаслиги, бунинг натижасида мутахассисларнинг касбий маҳоратлари, уларнинг ушбу соҳадаги иш кўникмалари оширилиши таъминланмаётганлигига эътибор қаратдилар. Шу билан бир қаторда замонавий лабараториялар ҳам етишмайди.

Тадбир якунида “Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини янада такомиллаштириш, замонавий ҳуқуқий механизмларни қонунчиликда акс эттиришга доир таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

 Қизғин-баҳс мунозарага бой бўлган очиқ мулоқотда партия сайловолди дастурига қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, кластерлар фаолияти ва  томорқа ер эгаларининг тўлиқ қонуний ҳимоя қилиш борасида ҳам аниқ таклифлар билдирилди.          

  • Кўрилди
    1708
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+