Меҳнат мигрантлари манфаатлари акс этган муҳим фармонда O‘zLiDeP таклифлари инобатга олинди (+фото)

30.08.2019, 18:05

Меҳнат мигрантлари манфаатлари акс этган муҳим фармонда O‘zLiDeP таклифлари инобатга олинди (+фото)

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда Президентимизнинг 2019 йил 20 августда имзоланган “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти ва унда белгилаб берилган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда мазкур фармон бевосита O‘zLiDePнинг амалий таклифлари асосида қабул қилинганлиги айтиб ўтилди. Ушбу таклифлар асосида фармонда фуқароларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар, шунингдек, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган аниқ вазифалар белгиланди.

Меҳнат мигрантларига бир йил муддатга сўраладиган ҳужжатлар минимал пакети (паспорт, ариза ва меҳнат органининг илтимосномаси), гаров таъминотисиз, уни тезлаштириб бир банк иш куни давомида беришни расмийлаштириш маъқулланди. Бундан ташқари хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ бўлган харажатларни тўлаш учун 2 миллион сўм миқдорида микроқарзлар бериш тизими жорий этилмоқда. Шу билан бирга ҳар бир суғурталанган меҳнат мигрантига йилига бир маротаба 50 минг сўм миқдорида хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида ҳаёти ва соғлиғи ҳамда бошқа таваккалчиликларни суғурталаш бўйича суғурта мукофоти суммасини қоплаш учун суғурта компанияларига бирйўла субсидия тақдим этиш тартиби ишлаб чиқиладиган бўлди. Шунингдек, уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига 2020 йилда кўп квартирали уйлардан республика бўйича жами 3 462 та хонадон ажратилиши  белгиланди. Партия томонидан ишлаб чиқилган шу каби таклифлар фармонда ўз аксини топди.

Бундан ташқари фармонда эндиликда чет элда мушкул аҳволга тушиб қолган ва ёрдамга муҳтож меҳнат мигрантлари масофавий мурожаат қилишлари мумкин. Мазкур ишлар Ягона миллий меҳнат тизими доирасида яъни “Labor - migration” дастурий комплекси орқали амалга оширилиши белгиланди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳужжатга кўра эндиликда вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун хорижга жўнаш истагини билдирган фуқароларга онлайн режимида ишга жойлашиш тартиби, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида ахборот бериб борилади.  

Бир сўз билан айтганда, фармон меҳнат мигрантларининг қонуний ишлашга бўлган рағбатини оширади. Шунингдек, меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосий тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш механизмларини ишлаб чиқишга хизмат қилади.

Давра суҳбатида давлатимиз раҳбарининг мазкур муҳим фармони хорижда меҳнат қилаётган ҳар бир Ўзбекистон фуқароси эндиликда эътиборда, ҳимояда эканлигини,  яъни мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси у қаерда, қандай шароитда меҳнат қилишидан қатъий назар уларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясига олиниши каби бир қатор имтиёз ва имкониятлар мазмун-моҳиятини аҳолига айниқса бугун чет элда ишлаш орзусида юрган ёшларга етказиш лозимлиги борасида аниқ вазифалар белгилаб олинди.

 O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1283
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+