Муаммоларнинг ижобий ечими – марказ нигоҳида

19.12.2017, 16:27

Муаммоларнинг ижобий ечими – марказ нигоҳида

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қашқадарё вилоят кенгаши, туман ва шаҳар кенгашлари қошида “Аёллар қаноти” фаолиятини давр талаблари даражасида ташкил этиш мақсадида “Тадбиркор аёлларнинг муаммоларини ўрганиш маркази” иш бошлаганига кўп вақт бўлгани йўқ. Мазкур марказ замон руҳини теран англайдиган, тажрибали, ишбилармон, сиёсий етук тадбиркор ва фермер хотин-қизларни бирлаштириш, уларнинг сиёсий, ҳуқуқий ва иқтисодий билимларини ошириш, фаолиятидаги муаммоларни ўрганиш ва ижобий ҳал этишга яқиндан ёрдам бериб келаяпти.

O‘zLiDeP Қамаши туман кенгашида ташкил этилган “Тадбиркор аёлларнинг муаммоларини ўрганиш маркази”нинг навбатдаги йиғилишида ёш тадбиркор қиз Севара Дўсаеванинг мурожаати кўриб чиқилди. У оилавий корхона ташкил этиб, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш турлари очганлигини, аммо хонадонида етарли шароит йўқлиги боис Ибн Сино маҳалласи ҳудудидан тикувчилик цехи учун жой ажратилишига амалий ёрдам беришларини сўраган эди. Марказ аъзоларининг кўмаги билан унга йиғин биносига қарашли бинодан битта хона ажратиб берилди. Варганза қишлоғида яшовчи Ҳанифа Ниёзова ва Фотима Жўраеваларнинг мурожаатлари ўрганилиб, уларга Шаҳрисабздаги Оқсарой мемориал комплекси ёнидан ҳунармандчилик маҳсулотларини сотиш учун жой билан таъминланди. Феруза Абдуллаевага 40 млн,  Умринисо Халиловага эса 30 млн. сўм молиявий кўмак олишга амалий ёрдам берилди. Чироқчи туман Ғалла қишлоғида яшовчи Санам Хуррамова тикувчилик цехини кенгайтириш учун танлов асосида ажратилган ер участкасини бошқа бир фуқаро ноқонуний эгаллаб олиб, иморат қураётганлиги ҳақидаги мурожаати ўрганилиб, судга ариза киритилди. Авғонбоғ қишлоғида яшовчи ёш тадбиркор қиз Маҳлиё Йўлдошева ҳам банкдан кредит ололмаётганлиги учун, ёрдам сўраб марказга мурожаат этганди. Унинг мурожаати ҳам ижобий ҳал этиладиган бўлди.

-Вилоятимизнинг барча туман ва шаҳар кенгашларида ана шундай марказлар ташкил этилиб, самарали фаолиятни бошлаб юбордилар, - дейди партия вилоят кенгаши Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири Гулбаҳор Тўраева. – Марказ аъзолари маҳалла ва қишлоқларда бўлиб, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни жамият ҳаётининг фаол аъзоларига айлантириш борасида ғоявий-сиёсий ишларга муносиб ҳисса қўшиб келишаяпти. Ҳозирга қадар ўттизга яқин таниқли тадбиркор аёлларнинг иш тажрибаси оммалаштирилиб, ўз фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган 20 дан ортиқ ёш қизларга фаолиятини йўлга қўйишда амалий ёрдам берилди. Бугуннинг аёли ҳар жабҳада фаоллик кўрсатаётир. Уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишда камарбасталик билан иш олиб бораяпмиз.

                         O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

 Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1722
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+