“Эл эгасиз бўлмас…”

02.09.2019, 17:59

“Эл эгасиз бўлмас…”

Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган бир мақола эътиборимни тортди. “Америка овози”нинг “Ўзбекистон Парламенти сайловларида рақобат қай даражада?” сарлавҳали ушбу чиқишини ўқиб, ўз муносабатимни билдиришим лозим, деган хулосага келдим.

Энг аввало, бугунги кунда ҳар ким ўз фикрини эркин ифода этиб, у ёки бу жараёнларга ижобий ё салбий муносабатини ҳеч қандай монеликсиз билдириш ҳуқуқига эга экан, бу Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим ютуқларидан бири бўлиб қолаверади. Кимгадир ёқса ҳам, ёқмаса ҳам — шу.

Кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларда қизиқ бир мойиллик (тенденция) кўзга ташланмоқда. Яъни, кимдир бугунги Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларни, эришилаётган ютуқларни баралла айтса, шарҳи ҳол қилса, у гўёки — “маддоҳ”. Борди-ю, кўпчилик билиб турган, мавжуд камчилик ва хатоларни гўёки кўрсатиб, уларни эълон қилса – халқпарвар, қаҳрамон.

Албатта, ислоҳотларни амалга оширилишида барча муаммолар ҳал этилмаётгандир, эътибордан четда қолаётган масалалар ҳам бордир. Буни ҳеч ким инкор этаётгани йўқ, аксинча, уларни биргаликда ҳал қилишга чақириляпти, жамоатчилик назоратини ишга солишга имконият яратиляпти.

Қайси бир давлатнинг ўз ривожланишида хато, камчилик бўлмаган? Борми шундай давлат?

Энг муҳими, мамлакатимиз ривожланишидаги мақсад аниқ ва у тўғри қўйилди: халқ фаровонлигини таъминлаш, муносиб турмуш тарзини яратиш! Бу фақат давлат раҳбарининг вазифаси эмас, бу сизу бизнинг — ҳаммамизнинг, ўзини шу юрт фарзанди деб ҳисоблаган ҳар бир фуқаронинг вазифаси!

Энди “Америка овози” келтирган “Kun.uz” нашри ташкил этган виртуал сўровномага келсак, “Kun.uz”нинг ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлайман, чунки бу каби сўровномалар фуқароларимизнинг сиёсий жараёнларга қизиқишини янада оширади, дахлдорлик ҳиссини кучайтиради, фаолликка ундайди. Лекин ушбу сўровноманинг мақсади Ўзбекистондаги бугунги сиёсий вазиятни тўлиқ акс эттириш бўлмаган, аҳолининг атиги 0,1 фоизи (33 минг) иштирок этган сўровномада буни амалга оширишнинг имкони ҳам йўқ аслида.

Айтилишича, “Америка овози”нинг иддаосича, эмишки, сўровномага мамлакатдаги 5 та расмий партия киритилган, лекин мухолиф партияларга ўрин берилмаган. Ғалати иддао. Тушунарсиз…

Ахир мамлакатда расман 5 та сиёсий партия рўйхатга олинган, у мухолифат бўладими ёки мухолифат бўлмайдими — фарқи йўқ, бошқа сиёсий партия рўйхатдан ўтказилмаган. Ҳар бир давлатда сиёсий партияларни рўйхатга олиш тартиб-тамойили мавжуд! Қайси партия ҳақида гап кетмоқда? Мақолада келтирилишича, бу “Эрк” партияси эмиш

Савол туғилади: бу “Эрк” “партия”си ўзи нима каромат кўрсатган-у, энди нима кўрсатар эди?

Ўзга юртларда туриб олганча, бугун Ўзбекистоннинг жадал ва дадил қадамлар билан ривожланаётганини, ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан мустаҳкам оёққа тураётганини, аҳолининг турмуш шароити яхшиланаётганини ғайирлик билан кўра олмаётган, ўзимиз ҳам билиб, бартараф этишга қурбимиз етадиган, шунга ҳаракат қилинаётган камчиликларни қурол қилиб олиб, аслида шу орқали кимларнингдир буюртмасини бажараётган бундай томошабин “партия”ларнинг ўзи қўғирчоқ эмасми?

Агар Ўзбекистоннинг сиёсий майдонида қандайдир бўшлиқ мавжуд бўлса, у ўз заминимизда яшаётган, юртимиз тақдирига бефарқ бўлмаган Ватандошларимиз томонидан тўлдирилади. Четдан келиб, мамлакат вакиллик органини эгаллаш ҳақидаги хом хаёллар жуда ўринсиз, соғлом ақл қабул қила олмайдиган гап.

Ўзбекистон ўзининг ривожланиш йўлини танлаган. Бу ўринда ушбу йўлда юксалишимизга кўмак бера олмасангиз, халақит ҳам қилманг, дегимиз келади!

Шуҳрат ШАРАФУТДИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1392
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+