Хомашё масаласида муаммо бўлмайди

19.12.2017, 17:01

Хомашё  масаласида  муаммо  бўлмайди

Муҳаммаджон УСМОНОВ,

14-Хўжанд сайлов округидан халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши депутати, O’zLiDeP  депутатлик гуруҳи раҳбари:

- Кунда-кун ора янги-янги қонунлар, фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда. Энг муҳими, бу қонун ва конуности ҳужжатлари мамлакатимизда ислоҳотларни янада ривожлантиришга, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади. Яъни Давлатмиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимда таъкидлаганларидек, халқимиз турмуш даражаси юксалиб бораётганлигини бугундан ҳис қилиши, амалда бунинг исботини кўриши лозим.

Шу маънода  Президентимизнинг 2017 йил 14 декабрдаги  “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Фармони ҳам қишлоқ хўжалигида, ҳам енгил саноат ривожида муҳим қадам бўлади. Чунки ҳозирга қадар пахта хом ашёси ўзимизда етишитириларди, лекин саноат корхоналари хом ашёдан тўғридан-тўғри фермер хўжалигидан сотиб ололмасди. Энди ана шу тўсиқлар орадан олиб ташланяпти. Саноат корхонаси тўғридан-тўғри фермер хўжалигига пахта хом ашёсига буюртма беради. Ва ана шу буюртмасига  мувофиқ, хом ашёни қабул қилиб олади ва ундан маҳсулотлар ишлаб чиқаради.

Яна бир жиҳати шундаки, хом ашёни етиштириш ва ундан даромад олишдан фермер хўжалиги ҳам  саноат корхонаси ҳам бирдек манфаатдор бўлади. Шунинг учун буюртмачи тўловнинг 60 фоизини олдиндан аванс тариқасида фермер хўжалиги ҳисоб рақамига тушириб беради. Бу эса пахта хом ашёсини етиштириш билан боғлиқ кўп муаммоларни ўз вақтида ҳал қилишга имкон яратади.

Биз, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари аввало ушбу Фармоннинг мазмун-моҳиятини аҳоли орасида, партиямиз электорати вакиллари бўлган фермер хўжаликлари мутасаддиларига, тадбиркорлик субъектларига етказиш юзасидан тарғибот ишларини олиб борамиз.

Иккинчидан, саноат корхоналари ва фермер хўжаликлари ўртасида тузиладиган шартномаларнинг ижросини назоратга оламиз. Шу масала юзасидан депутатлик гуруҳимизда эшитувлар ташкил этамиз.

Ғиёсиддин БОБОХОНОВ, “Наманган момиқ сочиқлари” масъулияти чекланган жамияти раиси:

- Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, айниқса, енгил саноатни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилаётгани корхонамиз ривожида муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, бизнес лойиҳамизни амалга оширишда дастлаб имтиёзли банк кредити таянч бўлган бўлса, сўнгра экспортчи корхоналар учун жорий қилинган солиқ имтиёзларидан унумли фойдаланиб келмоқдамиз.

Президентимизнинг мазкур Фармони биз учун янада кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Чунки тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун биринчи навбатда хом ашё масаласини ҳал қилиш зарур. Биз ҳозирга қадар пахта хом ашёсидан тайёрланган ипни Фарғонадаги турдош корхонадан олиб, ундан момиқ сочиқлар ишлаб чиқарамиз.

Фармонда саноат корхоналари билан фермер хўжаликлари ўртасида тўғридан-тўғри шартнома тузиш кўзда тутилган. Ушбу шартномага мувофиқ, тўқимачилик саноати корхоналари фермер хўжаликлари пахта хом ашёсини етиштириш бўйича асосий харажатларининг тузилган шартнома қийматининг камида 60 фоизини аванс бериш йўли билан молиялаштиришни амалга оширади. Бунда корхоналарга етказиб берилган пахта хом ашёсидан фақатгина кейинчалик чуқур қайта ишлаш ва тайёр рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланилади.

Демак, бу тизим ишга тушса, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати янада ривожланади. Тайёр маҳсулотлар ҳажми ва сифати ошади. Экспорт қилиш имкониятлари янада кенгаяди.

Жаҳон бозоридаги талаб ва таклиф, бевосита шу йўналишдаги ривожланган корхоналар тажрибасини ўргандик. Туркия ва Европа давлатларининг энг замонавий техника ва технологиялари асосида маҳаллий хомашё – юз фоиз пахтадан момиқ сочиқлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик.

Умид қиламизки, корхонамиз тайёр маҳсулотлари нафақат ички бозорни тўлдиради, балки уларни экспорт қиладиган давлатлар географияси янада кенгаяди. Яъни ташқи бозорга чиқарадиган маҳсулотимиз “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган ёрлиқни муносиб тутиб, чет элларда юртимиз обрў-эътиборини янада юксалтиришга ҳам хизмат қилади.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1522
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+