Тараққиётнинг ўқ илдизи ёхуд хизмат кўрсатиш (сервис)нинг мамлакат имижини оширишдаги муҳим роли хусусида

05.09.2019, 17:45

Тараққиётнинг ўқ илдизи ёхуд хизмат кўрсатиш (сервис)нинг мамлакат имижини оширишдаги муҳим роли хусусида

Аввал муддао

Давр талабидан келиб чиқиб, “2020 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатиш (сервис) иқтисодиётини ривожлантириш стратегияси”ни ишлаб чиқиш вақти келди деб ҳисоблаймиз ва уни ҳаётга татбиқ этиш масаласини кун тартибига қўймоқдамиз. Бунга етарлича асослар мавжуд. 

Маълумки, мамлакатимиз сиёсий майдонида 15 йилдан кўпроқ вақт мобайнида фаолият юритиб келаётган Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг дастурий мақсадларидан бири – бозор иқтисодиётига асосланган ҳаракат дастурини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этишдир.

Шу йилнинг 22 август куни сиёсий партиялар раҳбарлари билан бўлган учрашувда давлатимиз раҳбари ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олишини алоҳида таъкидлади.

Бу жуда ўринли ва вақтида қилинган даъват. Чунки бу йилги сайловлар кескин рақобат шароитида ўтиши кутилмоқда. Шундай экан, ушбу муҳим тадбирга пухта асосга эга янги ғоялар билан  кириб бормасак, мақсадимизга эриша олмаймиз.

Хизмат кўрсатиш (сервис) иқтисодиёти нима?

Савол туғилади. Хўш, хизмат кўрсатиш (сервис) иқтисодиёти (“servis economy”, “сервисная экономика”) деганда нима тушунилади? Шу бўйича жаҳон тажрибаси қандай ва ўз навбатида Ўзбекистонда бу борада қилинган ишлар қониқарлими?

Масалага назарий жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, бу – иқтисодий фаолиятнинг моддий ишлаб чиқаришидан хизмат кўрсатишга ўтиши билан изоҳланади ҳамда жамият ривожланишининг узоқ тарихий босқичида шаклланиб, мослашиб келаётган ишлаб чиқариш муносабатларининг йиғиндисидир. Хизмат кўрсатиш (сервис) иқтисодиётининг асосий манбаси бу ахборот ва билимдир. Хизмат кўрсатиш – кундалик ҳаётдаги эҳтиёжларни қондиришга фаол кўмаклашади ҳамда жамият ижтимоий шарт-шароитлари ва муносабатларини, аҳоли турмуш шароитини ва интеллектуал салоҳиятини, билим ҳамда кўникмаларини, истеъмол талабининг ўзгариб бориш жараёнларини ишлаб чиқариш соҳасига узлуксиз татбиқ этиб боради. “Хизмат кўрсатиш иқтисодиёти”нинг яна бир ўзига хос хусусияти шундаки, агар хизмат кўрсатиш (сервис)га “товар” деб қарасак ва шу товар – хизмат кўрсатиш (сервис)ни сотиш учун унинг баҳосини ҳисоблаб чиқсак, товарга кетган харажат бу – хизмат кўрсатишнинг ўзидангина иборат деган оддийгина хулоса чиқаришимиз мумкин.

Мазкур соҳа нафақат иқтисодий тушунча, балки ижтимоий-иқтисодий фаолият ҳам саналади. Чунки хизмат кўрсатиш йўналишидаги бандликнинг улуши шу давлатнинг ривожланиш даражаси ва аҳоли фаровонлигини акс эттирувчи асосий индикаторлардан биридир.

Масалан...

Аксарият ривожланмаётган ёки ривожланиш босқичига энди ўтаётган давлатларда, аҳолининг тўртдан уч қисми қишлоқ хўжалигига боғланган. Тараққий топган давлатларда аксинча: ишга яроқли жами аҳолининг бор-йўғи 10 фоизини ташкил этади. Ҳатто етакчи 20 таликка кирмайдиган ва бу соҳада бор имкониятдан фойдаланмаган давлатларда ҳам хизмат кўрсатиш соҳасида аҳолининг камида 50 фоизи банд. Айниқса, хизмат кўрсатишдан олинаётган фойда ЯИМнинг 4/3 қисмини ташкил қилаётган давлатларда, ЯИМга нисбатан “хизмат кўрсатиш иқтисодиёти”нинг улуши, хусусан, Люксембург 85 фоиз, Франция 87 фоиз, AҚШ 86 фоиз, Белгия 85 фоиз, Англия 83 фоизга, шунингдек, Жануби-шарқий Осиёдаги баъзи мамлакатлар, жумладан, Гонконгда 94 фоиз, Сингапурда 91 фоизга етган. Хизмат кўрсатишнинг юқори даражасига эришган давлатларда қоида тариқасида молия, кредит, кафиллик, кафолат, суғурта, таълим, туризм, тиббиёт, алоқа ва ахборот, инновацион ва нано технологияларга асосланган хизматлар ўрин олган. Испания, Италия ва Францияга ўхшаган давлатларда ЯИМ асосини туризм соҳасидаги хизмат кўрсатиш ташкил этади. АҚШнинг қатор компаниялари эса ишлаб чиқаришга алоқадор хизматларни сотиш орқали ишлаб чиқаришдаги даромаднинг камида 50 фоизидан кўпроғига эгалик қилади.

Бизда қонунчилик асоси яратилган, аммо...

Сир эмаски, мамлакатимизда ҳам хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Гарчи мазкур ислоҳотлар замон ва халқаро талаблар даражасига тўла жавоб бермаса-да, қонунчилик асосини яратишга хизмат қилди. Хусусан, хизмат кўрсатиш ва фаолиятнинг тартибга солиш ва рухсат бериш тартиб-тамойилларига оид яхлит қонунлар қабул қилинди. Бироқ айни вазифа ижросини кузатиб борувчи самарали норма ижодкорлиги, мақбул ҳуқуқий механизм амалиётда ўзининг муносиб ўрнини топмади. Тан олиш керак, йиллар давомида қабул қилинган хизмат кўрсатиш соҳасидаги мавжуд ҳуқуқий асослар тизимга оид муносабатларни у ёки бу жиҳатдан тартибга солиш, чеклаш, талаблар белгилаш, лицензиялаш, рухсат бериш, сертификатлаш, гувоҳнома бериш тартиб-тамойилларини белгилашга урғу берилган умумий қолип ва таснифдаги ҳуқуқий мажмуа сифатида шаклланди. Бунинг далилини шу даврлар оралиғида 400 дан ортиқ фаолият турларига рухсат бериш тартиботлари жорий этилганида ҳам кўриш мумкин (бугунги кунда ҳам 100 га яқин шундай тартиботлар сақланиб турибдики, тараққий топган давлатларда бундай талаблар 8-10 тадан ортмайди). Натижада 1990-йиллар бошида иқтисодиётда хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши 33 фоиз атрофида бўлгани ҳолда қатор йиллар давомида асоссиз статистика (15-18 фоиз ўсганлиги қуруқ ҳисоботларда) юритилиб, бугунги кунда ҳам ЯИМда (2018 йил – 35,6 фоиз) унинг улуши сезиларли даражада ортмади.

Маъмурий усул
натижа бермаяпти

Ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2006-2010, 2012-2016, 2016-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан ЯИМда хизмат кўрсатиш соҳасининг улушини 55 фоизгача оширишнинг мақсадли параметрлари тасдиқланган.

Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастурлари мақсадли параметрларининг амалга оширилиши юзасидан масъулларга шахсий жавобгарлик юклатилган. Лекин бу соҳада эркин бозор механизмларининг амал қилиши мақсадга мувофиқлиги, маъмурий усулнинг натижа бермаслигига етарли даражада эътибор қаратилмаган.

Аҳолига турли ижтимоий ва коммунал-маиший хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, улардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш орқали соҳа ривожига туртки бериш кўзланган. Шундай бўлса-да, коммунал соҳадаги монополлашув, маиший хизмат кўрсатишда янгиликка интилмаслик, талабни кутиб кун ўтказиш, том маънодаги хизмат кўрсатиш ва сервис манбаи, яъни ахборот ва билимни соҳада кенг қўлламаслик бу вазифанинг ҳам лозим даражада ижросига таъсир этмасдан қолмаяпти.

Айниқса, коммунал ва барча турдаги транспорт – логистика соҳасидаги ҳаддан ташқари монополлашув, алоқа хизматидаги яширин – ярим монополия мазкур фаолият турларида ҳам соғлом рақобат муҳитини инкор этиб, бир маромдаги кўрсаткичларнинг сақланиб қолишига замин яратган. 

Қишлоқларда хизмат кўрсатиш корхоналарини ривожлантириш, хизмат кўрсатишга ихтисослашган касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари битирувчилари ичидан ёшларни кенг жалб этиш талаби эса соҳа ривожига билъакс таъсир кўрсатган. Негаки, хизмат кўрсатиш ташкилоти мулкдори соҳани ривожлантириши учун маълум билим ва малакага эга мутахассисларни жалб этиш ҳуқуқини ҳар доим ҳам амалга ошира олмаган. Бунга яна бир омил – таълимда соҳаларнинг ҳақиқий мутахассисини тайёрлаш эмас, балки ОТМларда белгиланган қатъий квота доирасида дипломли кадрларни чиқариш ва замон талабларига мос бўлмаган таълим дастурлари ўз вақтида янгиланмагани, кадрлар тайёрлашда жамиятнинг бозор қоидалари асосида ривожланаётгани эътибордан четда қолгани сабаб бўлган.

Ажратилган имтиёзли кредит ресурслари хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган амалдаги тадбиркорлик субъектларини техник ва технологик жиҳозлаш мақсадида йўналтирилган. Имтиёзли кредитда устувор ҳуқуқ қишлоқ жойларда хизмат кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларига берилган. Ваҳоланки, ушбу амалиёт ҳам кўпгина ҳолларда Шарқий Осиё ва МДҲ давлатларидаги энг замонавий талабларга жавоб бермайдиган техник ва технологик жиҳоз келтирилиши натижасида ўз самарасини бермаган. Қишлоқ жойларда хизмат кўрсатишга талаб ва таклифнинг номувофиқлиги, яъни кредит бўйича устувор ҳуқуққа зарурат бўлмагани ҳам кўзланган мақсад рўёбга чиқмаганига асос бўлган. Умуман олганда, хизмат кўрсатаётган микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови бўйича имтиёзлар, қишлоқ жойлардаги маиший хизмат кўрсатувчиларга берилган имтиёзлар рақобат муҳити ривожига ижобий таъсир кўрсатмаган.

Энди 2018 йил
якунлари ҳақида...

Юқорида хизмат кўрсатиш соҳасида хорижий тажрибага қисқача тўхталган эдик. Энди ўз тажрибамизни 2018 йил якунлари мисолида, статистик маълумотларга таянган ҳолда таҳлилий жиҳатдан кўриб чиқсак. 2018 йилда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 5,1 фоиз ўсиб, ҳажми 407,5 трлн сўмни ташкил этган. Унда саноат улуши – 26,3 фоиз, қурилиш соҳаси улуши – 5,7  фоиз, қишлоқ хўжалиги, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги – 32,4 фоизни, хизмат кўрсатиш соҳаси улуши – 35,6 фоизни ташкил қилган.

5,1 фоиз ўсиш ЯИМ таркибида саноат улуши – 2,1 фоиз, хизматлар кўрсатиш – 1,8 фоиз, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар – 0,6 фоиз, қурилиш соҳаси – 0,5 фоиз, қишлоқ хўжалиги соҳаси эса – 0,1 фоизни ташкил этади. Энди 2018 йил ЯИМдаги хизматлар кўрсатиш соҳасининг (1,8 фоиз) таркиби бўйича, ташиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар 3,7 фоизга, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 15,3 фоизга ўсиб, умумий 1,8 фоиздан 0,5 фоиз улушни, сотув, савдо, яшаш ва овқатланиш хизматлари 4,4 фоизга ўсиб, умумий 1,8 фоиздан 0,3 фоиз улушни, қолган хизматлар турлари – 5,4 фоизга ўсиб, умумий 1,8 фоиздан 1 фоизини қамраб олган.

Демак, қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнатга лаёқатли аҳолининг қарийб 34 фоизга яқини алоқадорлигидан келиб чиқсак, ЯИМ қишлоқ хўжалигининг улуши 0,1 фоизни ташкил этаётгани ушбу соҳада “хизмат кўрсатиш иқтисодиёти стратегияси” доирасида қатор ислоҳотлар ўтказиш заруратини тақозо этади.

ЯИМда 26,3 фоиз улуши бўлган саноат соҳаси таркибига ҳам бир назар соладиган бўлсак, саноат соҳасида ишлаб чиқилган ЯҚҚнинг 22,7 фоизи – тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлашга, 70 фоизи – ишлаб чиқарадиган (қайта ишлаш) саноатига, саноатнинг бошқа тармоқларидаги улуш эса атиги 7,3 фоизга тенг.

Англашилмоқдаки, саноат соҳаси ривожининг бундай таркибий улуши хизматлар кўрсатиш (сервис) соҳаси ривожига ҳам салбий таъсир этмай қолмайди. Зеро, саноат, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари бир-бирига чамбарчас боғлиқдир.

Шундай экан, энг аввало, “хизматлар статис­тика”си – статистика фаолиятининг нисбатан янги тармоғи бўлиб, унинг аҳамияти республика информацион тизимининг макроиқтисодий кўрсаткичлари, миллий ҳисобчилик ва халқаро миқёсда тан олинган статистика принципларига ҳамоҳанг тарзда шакллантиришга ўтишни кечиктириб бўлмайдиган вазифа қилиб беради. Зеро, сўнгги ўн йилликда дунё миқёсида хизмат кўрсатиш соҳаси шиддат билан ривожланмоқда. Хизматлар экспорти ва импорти харитаси тобора кенгайиб, глобал аҳамият касб этмоқда.

Деталлаштирилмаган кўриниш

Бугун “ақлли иқтисодиёт”, “хизмат кўрсатиш иқтисодиёти” ёки “иқтисодий шахс” деган тушунчалар хизмат кўрсатиш соҳасида янгилик сифатида баҳоланмаяпти. Яъни, бу сўзлар кенг истеъмолга кирганига ҳам етарли вақт ўтди. Бироқ юртимизда соҳани ривожлантириш бўйича маёқ бўлиши мумкин бўлган хизматлар статистикасини юритиш ҳали-ҳамон алоқа ва ахборотлаштириш, молиявий, транспорт, қурилиш соҳаси, яшаш ва овқатланиш, савдо хизматлари, кўчмас мулк билан боғлиқ, ижара, таълим, соғлиқни сақлаш соҳасидаги, компьютерлар ва маиший товарларни таъмирлаш каби саноқли хизматлар бўйичагина деталлаштирилмаган кўринишда олиб борилмоқда. Умуман олганда, бугун юритилаётган статистикани қайта кўриб чиқиб, такомиллаштиришга зарурат мавжуд.

Масалан, қурилиш соҳасидаги қатор ишларни бажариш хизмат кўрсатишга оид статистикада кўрсатилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига мувофиқ, фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидаги товар, иш бажариш ва хизмат кўрсатиш тушунчалари бир-бирига жуда яқиндир. Лекин ишларни бажариш бу – пудрат ва ҳақ каби моддий неъмат яратадиган ишларни бажариш саналса, хизмат кўрсатишда эса алоқа хизмати, тиббиёт, ветеринария, аудиторлик, маслаҳат, ахборот хизматлари, таълим бериш, сайёҳлик хизмати ва бошқалар каби моддий неъмат яратмайдиган соҳалар тушунилади.

Таклифларимиз

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда хизмат кўрсатиш (сервис)ни ривожлантириш стратегиясига бугун ҳар қачонгидан-да кўпроқ эҳтиёж бор. Мақсад – ишлаб чиқилаётган стратегия доирасида ЯИМда соҳа улушини камида 80 фоизга олиб чиқиш, шу бўйича йўл харитасини тузиш ҳамда унда қуйидагиларга эътибор қаратилиши лозим деб ҳисоблаймиз:

  1. Стратегияда долзарб вазифа сифатида, хизмат кўрсатиш (сервис)ни тараққий эттиришнинг мавжуд ҳуқуқий асоси ўзини оқламаганини эътироф этган ҳолда:

– энг илғор давлатларнинг бу борадаги норма ижодкорлигини тадқиқ қилиш;

– миллий қонунчилигимиздаги айни шу бўғинни танқидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиш;

– тўғридан-тўғри амал қилувчи, халқаро стандартлар талабларига тўла жавоб берадиган соҳа қонунчилигининг яхлит асосини яратиш, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг хизмат кўрсатиш (сервис) кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилиши мақсадга мувофиқдир.

  1. Хизмат кўрсатиш (сервис) соҳасини ривожлантиришда маъмурий усулдан бутунлай воз кечиш, фаолиятга бозор механизмларини, “ақлли бошқарув”ни жорий этишга қаратилган Илмий-амалий маслаҳат маркази фаолиятини йўлга қўйиш. Бунда асосий эътибор хизмат кўрсатиш (сервис)ни ахборот ва билим яратишнинг назарий, амалий қўлланмасини ишлаб чиқиш, амалий кўникмаларнинг асосларини яратиш ва татбиқ этишга қаратилади.
  2. Хизмат кўрсатиш (сервис)ни ташкил қилувчи ахборот, ғояни тўғридан-тўғри сотиш механизмини такомиллаштириш, биргина патент бутун бошли фабрикадан самаралироқ бўлиши мумкинлигига доир илғор тамойилни амалиётга татбиқ этиш. Бунинг учун патент, муаллифлик ҳуқуқи, рухсат олиш, лицензиялашнинг соддалашган ҳуқуқий механизмини кечиктириб бўлмайдиган муддатларда жорий этиш керак бўлади.

Бизнингча...

Соҳада фаолият юритаётган аҳоли сони салмоқли бўлса-да, улар фаолияти асосан йирик корхоналарда ташкил этилгани боис хизмат кўрсатиш (севис)нинг асосий қисми маълум бир режаларга таяниб қолган. Натижада хизмат кўрсатишдаги аксарият қатлам давлат ва давлат хўжалик бошқаруви жабҳасида кундалик бир хил фаолият билан машғулдир. Шунингдек, асосан ички истеъмолга, ички талаб ва таклиф имкониятлари доирасига боғланиб қолган тор доирадаги мавжуд талабларни қаноатлантиришга қаратилган миллий хизмат кўрсатиш (сервис)ни “хизмат кўрсатиш экспорти, импорти, хизмат-товар” урф ва қоидаларига мослаш зарур. Зеро, хизмат кўрсатиш соҳаси энг юқори ўринларда турувчи давлатларда мазкур қоида институционал аҳамият касб этиб, соҳагa давлат бошқарувининг барча институтлари, жумладан, маҳаллий ва ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам шерикчилик асосида жалб этилган. Соҳада юқори динамизм, ҳудудий сегментация, хизматларни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишнинг маҳаллий табиати, капитал айланмасининг юқори тезлиги, бозор шароитидаги юқори сезувчанлик, хизматлар ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг кичик ва ўта кичик субъектлари (микробизнес субъектлари), ишлаб чиқарувчилар ва хизматдан фойдаланувчиларнинг тизимли узвий алоқалари, хизматларнинг юқори даражадаги дифференцияси, истеъмолнинг персонификацияси ҳал қилувчи роль ўйнайди. Уни қўллаб-қувватлаш механизми – ҳар қандай асосий хизматни махсус, қўшимча хизматлар томонидан қўллаб-қувватлашда акс этади. Айнан қўшимча хизмат истеъмолчини жалб қилишда асосий ўринда туради. Халқаро иқтисодиётда қўшимча ва махсус хизматларнинг кенг ифодаси рақобат тушунчасини ҳам ўзгартириб юбормоқда. Ушбу ҳолатларни эътиборга олган ҳолда ишлаб чиқилган чора-тадбирларда, албатта, стратегия йўналишлари ўз ўрнини топиши керак.

Масаланинг яна бир муҳим жиҳати – хизмат кўрсатиш (сервис)ни ривожлантиришда энг мақбул бўлган корхоналар фаолиятини ва кўламини кенгайтиришдир. Бунда франшизинг – комплекс тадбиркорлик – фирма номидан, қўриқланадиган тижорат ахборотидан, мутлақ ҳуқуқларга кирувчи товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва ихтиролар ҳамда бошқалардан фойдаланиш ҳамда ундан фойда топиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш механизмини жорий этишда ташаббускорликни таъминлашга қаратилади.

Яна таклифлар...

– Хизмат кўрсатиш (сервис)ни ривожлантириш стратегиясида фуқаролик қонунчилигини, хусусан, “Мулкчилик тўғрисида”ги қонунни ўз кучини йўқотган деб топиш масаласини кўриб чиқиш, Фуқаролик кодексининг янги таҳририни қабул қилиш жараёнида юридик шахсларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари, юридик шахс бўлмаган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқий мақомларини оптималлаштириш, юридик шахсларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини унда ишловчи шахслар сонига қараб белгилаш эмас, балки умуман бу борада ижобий илғор тажрибани имплиментация қилиш, аутсорсинг тизимига урғу бериш мақсадга мувофиқдир;

Албатта, АКТ технологияларининг ривожи бутун иқтисодиёт тараққиётига қандай таъсир қилса, хизмат кўрсатиш (сервис)ни ривожлантиришида ҳам шундай ҳал этувчи таъсирга эга. Шу нуқтаи назардан миллий  иқтисодиётимизни глобал иқтисодиётга интеграциялашув, яъни хизмат кўрсатиш (сервис) соҳасида АКТ ускуналари ва интернетдан янада интенсив фойдаланиш хизматларини ривожлантириш тенденцияларига эътибор орқали миллий хизмат турларини кенгайтиришга қаратилган аниқ дастурлар асосида йўлга қўйиш лозим. Чунки соҳани ривожлантиришга олиб келаётган ижтимоий ўзгаришлар, аҳоли даромадларининг ўсиши ёки акси, турмуш тарзининг ўзгариши, ўсишнинг маданий ва маърифий даражаси, истеъмол хизматларининг мутлақ ва нисбий мувозанати, хизмат кўрсатишнинг халқаролашуви халқаро миқёсга чиқиш учун тайёргарликка ундайди. Шу боис хизмат кўрсатиш соҳаси субъект­ларининг янги бозорларга кириб бориши, муҳим стратегик иттифоқларнинг юзага келаётгани, трансмиллий хизмат кўрсатувчи экспорт ва импорт компанияларининг кенгайиши, чунончи, хизматлар экспорти компанияларининг қўллаб-қуватлаш концепциясини яратиш галдаги вазифа сифатида белгиланади;

– хизмат кўрсатиш (сервис)ни ривожлантиришда “кредит иқтисодиёти”, яъни кредитга асосланган бизнес операциялар, кредит маълумотлари ва хизматларини бир ҳисобдан бошқасига ўтказиш, тўлов операцияларининг электрон чек, кредит карта, электрон пул ва бошқа кўринишдаги нақд пулсиз тўлов шаклларидаги ютуқлардан кенг фойдаланиш муҳим.

Дарвоқе,
туризм...

Охирги пайтда туризмни ривожлантириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилди. Қисқа вақтда натижа ҳам ёмон бўлмади. Шу билан бирга, туризмни ривожлантириш учун хизмат кўрсатиш (сервис)ни ривожлантириш эмас, аксинча, хизмат кўрсатишни тараққий эттириш орқали туризм ривожига муносиб шароит ҳозирлаш, туризмнинг кенг қулоч ёйишига йўл очиш мумкинлигини эътироф этиш, хизматлар кўрсатиш+ишлаб чиқариш+туризм формуласини ҳаётга татбиқ этиш мақсадга мувофиқдир. Шундагина хизматлар кўрсатиш генератори ёрдамида туризм инфраструктураси яратилади, туризмнинг ўзи эса комплекс хизмат кўрсатиш соҳаси сифатида кенг ривожланади.

ХУЛОСА ЎРНИДА

Ҳаёт синовларидан ўтган – ахборот, билим ва интеллектга таянган илғор халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, хизмат кўрсатиш ҳар бир замонавий давлат иқтисодиётида локомотив сифатида иқтисодиётнинг барча соҳалари ўсишига хизмат қилмоқда. Бу замоннинг инкор этиб бўлмас ҳақиқати. Соҳага жиддий эътибор қаратиш келажакда юртимиз иқтисодий ривожига муносиб ҳисса қўшади, албатта.

Мулоҳазалар ниҳоясида шуни таъкидлаймизки, хизмат кўрсатиш (сервис) соҳаси ҳам интеллект ёрдамида ташаббус кўрсатиб, таваккалчилик билан қилинадиган тадбиркорлик фаолиятидир. Тадбиркорликнинг бошқа турларидан ўзига хос хусусияти эса унинг иқтисодий вазифаси билан бирга ижтимоий вазифаси ҳам борлигида кўринади. Соҳага дахлдор ҳар бир масъулни, ҳар бир фаол фуқаролик позициясига эга шахсни “сервисни ривожлантириш  давлатни тараққий эттирмоқ”дир, деган ғояни ҳис этишга даъват қилади.

 Нуриддин МУРОДОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий

Кенгаши Ижроия қўмитаси

котибият мудири, ҳуқуқшунос

 

  • Кўрилди
    2485
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Жамшид 2019-09-08 14:40:55

Бир тадбиркор сифатида шуни айтаманки манаполия йуколмас экан тадбиркорлик ялпи махсулот усишига эришиб булмайди


Фарид Хасанов2019-09-06 17:48:57

Хизмат кўрсатиш (сервис) соҳасига оид ҳуқуқий асослар тизимга талуқли муносабатларни у ёки бу жиҳатдан тартибга солиш, чеклаш, талаблар белгилаш, лицензиялаш, рухсат бериш, сертификатлаш, гувоҳнома бериш тартиб-тамойилларини белгилашга урғу берилган умумий қолип ва таснифдаги ҳуқуқий мажмуа сифатида шаклланди. Бунинг далилини шу даврлар оралиғида 400 дан ортиқ фаолият турларига рухсат бериш тартиботлари жорий этилганида ҳам кўриш мумкин. Бугунги кунда ҳам мамлакатимизда соҳага оид 100га яқин шундай тартиботлар сақланиб турибди. Ваҳолангки тараққий топган давлатларда бундай талаблар 8-10 тани ташкил этади халос. Бу борада ушбу соҳа ривожланган хориж давлатлари тажрибасини ўрганган ҳолда миллий қонунчилик нормаларига ўзгартишлар киритиш (соддалаштириш) ва ҳалқаро майдонда тўғридан-тўғри амал қилувчи, халқаро стандартлар талабларига тўла жавоб берадиган соҳа қонунчилигининг яхлит асосини яратиш лозим деб ҳисоблаймиз.


Фарид Хасанов2019-09-06 17:47:24

Хизмат кўрсатиш (сервис) соҳасига оид ҳуқуқий асослар тизимга талуқли муносабатларни у ёки бу жиҳатдан тартибга солиш, чеклаш, талаблар белгилаш, лицензиялаш, рухсат бериш, сертификатлаш, гувоҳнома бериш тартиб-тамойилларини белгилашга урғу берилган умумий қолип ва таснифдаги ҳуқуқий мажмуа сифатида шаклланди. Бунинг далилини шу даврлар оралиғида 400 дан ортиқ фаолият турларига рухсат бериш тартиботлари жорий этилганида ҳам кўриш мумкин. Бугунги кунда ҳам мамлакатимизда соҳага оид 100га яқин шундай тартиботлар сақланиб турибди. Ваҳолангки тараққий топган давлатларда бундай талаблар 8-10 тани ташкил этади халос. Бу борада ушбу соҳа ривожланган хориж давлатлари тажрибасини ўрганган ҳолда миллий қонунчилик нормаларига ўзгартишлар киритиш (соддалаштириш) ва ҳалқаро майдонда тўғридан-тўғри амал қилувчи, халқаро стандартлар талабларига тўла жавоб берадиган соҳа қонунчилигининг яхлит асосини яратиш лозим деб ҳисоблаймиз.


Абдиримов Мардонбек 2019-09-06 17:35:42

ЎзЛиДеП ташаббускор бўлиши партиянинг замон олдимизга қўяётган талабларга жавоб беришга интилаётгани ва амалда бунга тайёр эканлигини кўрсатади. Хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланиши ва тараққий этишидан барчамиз, иш билан банд бўлмаган қанчадан-қанча юртдошларимиз манфаатдор десак асло хато бўлмайди. Нега-ки, бу соҳа ривожланиши натижасида кўплаб соҳалар ривожланиши учун ҳуқуқий шароит, янги имкониятлар яратилади. Шундай экан, ташаббус ҳар жиҳатдан муҳим. Ва уни амалга ошириш борасида мамлакатимиз парламенти қуйи палатаси, тизимда фаолият юритаётган ижтимоий фаол юртдошларимизнинг қўллаб-қуввалаши, энг асосийси бу борадаги қўшимча таклиф ва билдириш орқали соҳа ривожига ўз ҳиссаларини қўшган бўлар эди деб ҳисоблайман.


Умида2019-09-06 14:40:14

Юқоридаги билдирилган барча фикрларга қўшиламан. Ҳақиқаттан ҳам долзарб мавзу ўртага ташланган. Хизмат кўрастиш соҳаси асосан ривожланган давлатларда иқтисодиётнинг асосий манбаси ҳиобланади. Шунингдек, хизмат кўрсатиш (сервис) иқтисодиётининг асосий манбаси бу ахборот ва билимдир. Чунки ушбу соҳада юксак билимга эга бўлинмаса унинг икир-чикирларини била олмайди. Шу билан бирга бу соҳада муваффақиятларга эришганлар ҳақида ахборотга эга бўлмаса ҳам қоқилиш мумкин. Бир сўз билан айтганда мавзу ўта долзарб


Шойимов Қодир Бойирович - O'zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши аппарати Бизнес тузилмалар ва фермерлар билан ишлаш бўлими мудири 2019-09-06 12:47:18

Мамлакатимизда 2018 йилда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 5,1 фоиз ўсиб, ҳажми 407,5 трлн сўмни ташкил этган. Унда саноат улуши – 26,3 фоиз, қурилиш соҳаси улуши – 5,7 фоиз, қишлоқ хўжалиги, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги – 32,4 фоизни, хизмат кўрсатиш соҳаси улуши – 35,6 фоизни ташкил қилган. Бу кўрсаткич хориж тажрибасида қуйидагича: ЯИМга нисбатан “хизмат кўрсатиш иқтисодиёти”нинг улуши, хусусан, Люксембург 85 фоиз, Франция 87 фоиз, AҚШ 86 фоиз, Белгия 85 фоиз, Англия 83 фоизга, шунингдек, Жануби-шарқий Осиёдаги баъзи мамлакатлар, жумладан, Гонконгда 94 фоиз, Сингапурда 91 фоизга етган. Хизмат кўрсатишнинг юқори даражасига эришган давлатларда қоида тариқасида молия, кредит, кафиллик, кафолат, суғурта, таълим, туризм, тиббиёт, алоқа ва ахборот, инновацион ва нано технологияларга асосланган хизматлар ўрин олган. Испания, Италия ва Францияга ўхшаган давлатларда ЯИМ асосини туризм соҳасидаги хизмат кўрсатиш ташкил этади. АҚШнинг қатор компаниялари эса ишлаб чиқаришга алоқадор хизматларни сотиш орқали ишлаб чиқаришдаги даромаднинг камида 50 фоизидан кўпроғига эгалик қилади. Бу борада мамлакатимизда ҳам сўнги йилларда қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2006-2010, 2012-2016, 2016-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан ЯИМда хизмат кўрсатиш соҳасининг улушини 55 фоизгача оширишнинг мақсадли параметрлари тасдиқланган. Бироқ, соҳани янада ривожлантиришни замоннинг ўзи ва бу борадаги халқаро тажриба ҳам яққол кўрсатиб турибди. Шу нуқтаи назардан ЯИМда хизмат кўрсатиш (сервис)нинг улушини янада ошириш учун миллий қонунчилик нормаларига ўзгартишлар киритиш, бу борада энг илғор хориж тажрибасини ўрганган ҳолда ЯИМда соҳа улушини камида 80 фоизга олиб чиқиш, шу бўйича йўл харитасини тузиш энг муҳим ва долзарб вазифалардан деб ҳисоблаймиз.


Бахтигул Каршиева O'zLiDeP Самарыанд вилоят Кенгаши матбуот котиби2019-09-06 12:09:08

Албатта, Туризм соҳасини ривожлантириш иқтисодиётни ривожланишида муҳим рол ўйнайди.Бугун дунёда Туризм ортидан катта фойда кўраётган давлатлардан бири бу-Грузия давлатидир. Маълумотларга қараганда, Грузия давлати аҳолиси 3млн 700 мингдан ортиқроқ.Эътибор беринг: биргина 2018 йилда бу давлатга келиб кетган туристлар сони 8, 7 млн кишини ташкил этар экан. Жорий йилнинг биринчи чораги давомида эса,ушбу мамлакатга 1,6 млн турист ташриф буюрган бўлса, биринчи ярим йил таҳлилларига кўра 3,9 млн нафар хорижликлар ташриф буюрган. Яъни ярим йилда Грузия ташриф буюрган туристлар сони, аҳолисидан кўпроқ. Ваҳоланки, Бизда бу соҳа ривожлантириш, туристларни жалб қилиш борасида имкониятлар катта.O’zLiDeP фаоли Нуриддин МУРОДОВ таъкидлаганидек, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантирмасдан туриб, туризмни ривожлантириб бўлмайди. Бизда хизмат кўрсатиш ривожланса, 100 лаб янги ишчи ўринлари ташкил этилади.


Илҳом Ботиров2019-09-06 11:29:41

ЎзЛиДеП фаоли, ҳуқуқшунос Нуриддин Муродовнинг ушбу мақоласи мамлакатимизнинг бугунги ривожланиш босқичида тараққиётимизга алоҳида ҳисса қўшадиган соҳа яъни хизмат кўрсатиш соҳасига эътибор қаратиш нечоғли муҳим ва келажакда катта аҳамиятга эгалиги таҳлил қилингани билан аҳамиятлидир. "2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатиш (сервис) иқтисодиётини ривожлантириш стратегияси"ни ишлаб чиқиш вақти келгани ва бундай муҳим ҳужжатни қабул қилишда ЎзЛиДеП ташаббускор бўлиши партиянинг замон олдимизга қўяётган талабларга жавоб беришга интилаётгани ва амалда бунга тайёр эканлигини кўрсатади. Хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланиши ва тараққий этишидан барчамиз, иш билан банд бўлмаган қанчадан-қанча юртдошларимиз манфаатдор десак асло хато бўлмайди. Нега-ки, бу соҳа ривожланиши натижасида кўплаб соҳалар ривожланиши учун ҳуқуқий шароит, янги имкониятлар яратилади. Шундай экан, ташаббус ҳар жиҳатдан муҳим. Ва уни амалга ошириш борасида мамлакатимиз парламенти қуйи палатаси, тизимда фаолият юритаётган ижтимоий фаол юртдошларимизнинг қўллаб-қуввалаши, энг асосийси бу борадаги қўшимча таклиф ва ташаббусларини билдириш орқали соҳа ривожига ўз ҳиссаларини қўшган бўлар эди деб ҳисоблайман.


Даулетбай Бимуратов2019-09-06 11:08:56

Хизмат кўрсатиш соҳаси нафақат иқтисодий тушунча, балки у ижтимоий - иқтисодий фаолият ҳам саналади. Чунки, хизмат кўрсатиш соҳасидаги бандликнинг улуши шу давлатнинг ривожланиш даражаси ва аҳоли фаровонлигини акс эттирувчи асосий омиллардан биридир


Танирбергенов Байрамбай2019-09-06 11:06:45

Бир сўз билан айтганда, ҳаёт синовларидан ўтган - ахборот, билим ва интеллектга таянган илғор халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, хизмат кўрсатиш ҳар бир замонавий давлат иқтисодиётида локомотив сифатида иқтисодиётнинг барча соҳаларни ривожланишига хизмат қилмоқда.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+