O‘zLiDeP фракцияси аъзолари “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига киритиш таклифини берди

05.09.2019, 16:50

O‘zLiDeP фракцияси аъзолари “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига киритиш таклифини берди

5 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган бир қатор қонун лойиҳалари депутатлар ҳукмига ҳавола этилди.

Дастлаб, фракция аъзолари маориф тизимидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, тизимни тубдан такомиллаштириш ва таълимни халқаро ҳамжамият билан уйғунлашган ҳолда олиб бориш учун кенг имкониятлар яратиш, ўқитиш сифатини яхшилаш мақсадида ишлаб чиқилган «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини концептуал жиҳатдан кўриб чиқдилар.

O‘zLiDeP фракцияси лойиҳадаги нодавлат таълим хизматларини ташкил этишда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, НТТни ташкил этиш ва улар фаолиятини лицензиялашга оид тартиблар, таълим соҳасида экспериментал ва инновацион фаолият, соҳага инвестицияларни жалб қилиш, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилаётган таълим муассасаларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, «таълим кампус»ларини ташкил этишда тадбиркорлик субъектларининг таълим соҳасида ўз хизматларини таклиф этишига кенг имкониятлар яратилаётганига алоҳида эътибор қаратдилар.

Айниқса, фуқароларнинг хорижда таълим олиши, чет элда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларнинг тан олиниши, шунингдек илк бор мамлакатимизда бутун умр таълим концепциясининг киритилиши каби масалаларнинг қонун лойиҳаси нормаларида илгари сурилиши таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтаради.

Чунки O‘zLiDeP сиёсий платформасида партиянинг ижтимоий, гуманитар, маънавий соҳалардаги, жамиятни интеллектуал ривожлантириш борасидаги устувор вазифалари сифатида таълим тизимида ислоҳотларни чуқурлаштириш ва шу орқали ушбу соҳанинг юқори халқаро мезон ва стандартларга мослигини таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Хусусан, олий таълим тизимида рақобат муҳитини шакллантиришга кўмаклашиш, миллий дипломларимизнинг хорижда тан олинишини таъминловчи модул тизимини ўқув жараёнига киритишни жадаллаштириш, олий ўқув юртларининг мустақиллигини ошириш бўйича зарур чораларни амалга ошириш, олий ўқув юртларининг тижорат асосида пуллик таълим хизматларини кўрсатиш бўйича ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш ҳисобидан уларнинг давлат томонидан молиялаштиришни босқичма-босқич камайтириш сиёсатини қўллаб-қувватлаш, масофадан туриб таълим беришнинг замонавий шаклларини жадал суръатлар билан ривожлантириш чораларини кўриш каби устувор вазифалар шулар жумласидандир.

O‘zLiDeP фракцияси аъзоларининг фикрича, қонун лойиҳасида баъзи масалалар очиқ қолган. «Махсус таълим» тушунчасига аниқлик киритиш, таълим тизимига инвестицияларни кенгроқ жалб қилиш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бу борадаги ваколатларини қайтадан кўриб чиқиш, коллежлар тизимини иқтисодиётнинг реал талабларидан келиб чиққан ҳолда тезкор касбий тайёргарлик масканларига айлантириш, умуман қонун лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига киритиш, ҳудудлардаги таълим муассасаларида мутахассислар, ўқитувчилар ва тарбиячилар, олимлар ўртасида кенг муҳокама этиш лозим.

Йиғилиш давомида депутатлар томонидан кун тартибига киритилган бир қатор қонун лойиҳалари, шунингдек фракция ваколатига кирувчи бошқа масалаларни ҳам ҳар томонлама кўриб чиқдилар. Барча масалалар бўйича O‘zLiDeP фракциясининг позицияси ишлаб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

  • Кўрилди
    984
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+