Йўллар равон, манзиллар яқин бўладими?

05.09.2019, 17:16

Йўллар равон, манзиллар яқин бўладими?

Когон туманида ҳам аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилашга қаратилган бунёдкорлик ишларига алоҳида эътибор берилмоқда. Мазкур йўналишдаги муҳим тадбирлардан бири ички, вилоят ва давлат аҳамиятидаги йўлларни ўз вақтида таъмирлаш ҳамда талаб даражасида фойдаланишга топширишдир. Халқ депутатлари туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари О. Комиловнинг ҳисоботи тингланди.

Ҳисоботда таъкидланганидек, кейинги пайтда автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш юзасидан 2019 йил учун белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилган. Белгиланган режага мувофиқ, “Обод қишлоқ” дастурига киритилган “Нурафшон”, “Сиёз-поён”, “Ҳукуматобод” МФЙларга қарашли аҳоли яшаш масканларига олиб борадиган умумий узунлиги 33,3 километрдан иборат йўлларни тартибга келтириш бўйича муайян ишлар бажарилган. Бироқ бу борада айрим муаммолар ҳам йўқ эмас. Гап шундаки, ичимлик суви қувурлари ва канализация тармоқларини ўтказишга масъул корхоналарнинг сусткашлиги оқибатида йўлсозлар томонидан белгиланган ишларни ўз муддатида ниҳоясига етказиш кечикмоқда. Мутасадди ташкилотларнинг раҳбарлари бу ҳақда жиддий ўйлаб кўришлари лозимлиги ҳисоботда ва депутатлик гуруҳи аъзолари чиқишларида алоҳида тилга олинди. Шу йил охиригача режалаштирилган таъмирлаш-қурилиш ишларининг бекаму кўст ва ўз вақтида адо этилиши юқорида тилга олиб ўтилган салбий ҳолатларнинг бартараф этилишига кўп жиҳатдан боғлиқлиги қайд этилди. Шу кунгача 3,4 километрлик ички йўлларда, 146 километрлик вилоят ва 33 километрлик давлат аҳамиятига молик йўлларда тегишли таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилиб, бу борадаги ишларни йил охиригача тугаллаш кўзда тутилгани депутатларга маълум қилинди.

Муҳокама этилган масала бўйича сўз олган маҳаллий кенгаш депутатларидан О. Очилдиева, О. Азимов, Б. Муродов ва бошқалар “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Yoshlar – kelajagimiz”, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг чекка ҳудудлардаги ижроси хусусида фикр юритар экан, жойларда транспорт-коммуникация, сервис ва хизмат кўрсатиш субъектларини кўпайтириш, ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари, маънавий жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етишишлари учун етарли шарт-шароитларни яратиб бериш зарурлигини таъкидладилар. Бу борадаги ишларда O‘zLiDePдан сайланган депутатларнинг таъсир кучи, партиявий салоҳияти ва обрў-эътибори устуворлик касб этиши лозимлиги айтилди.

  • Кўрилди
    1354
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+