Назорат кучаймаса...

05.09.2019, 17:35

Назорат кучаймаса...

Халқ депутатлари Қоровулбозор туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида Президентимизнинг “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий эркинлигини ошириш, маҳаллий бюджетларга тушумларнинг тўлиқлигини таъминлаш бўйича солиқ ва молия органлари жавобгарлигини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан 2019 йилнинг биринчи ярмида ҳудудда амалга оширилган ишлар бўйича туман молия бўлимининг ҳисоботи эшитилди.

Бугунги кундаги муҳим вазифалардан бири ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ҳал этишда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари эркинлиги ва масъулиятини ошириш, маҳаллий бюджетларни шакллантиришнинг шаффофлигини таъминлаш ва унинг бажарилиши устидан назоратни кучайтиришдан иборатдир. Йиғилишда айнан шу йўналишда туманда олиб борилаётган ишлар атрофлича кўриб чиқилди. Юқорида тилга олинган фармон мазмун-моҳияти, амалдаги ижроси бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида батафсил фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, туманда 2019 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича қатор истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга 16,4 триллион сўм миқдорида кредит ажратилган. Иқтисодиётда инвестициялар ўзлаштириш ҳажми 1,3 бараварга, янгидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари сони эса 2,3 бараварга ўсган. Солиқ сиёсатига киритилган ўзгартиришлар инобатга олинадиган бўлса, туманнинг маҳаллий бюджет даромадлари 45 миллиард 75 миллион сўмга етказилиши ёки 2018 йилга нисбатан 145 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Депутатлик гуруҳи йиғилишида, шунингдек, туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари А.Тўхтаевнинг ҳудудда автомобиль йўллари қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, мавжуд инфратузилмани ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги ахбороти ҳам тингланди.

Кун тартибида муҳокама этилган иккала масала юзасидан ҳам депутатлик гуруҳининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

  • Кўрилди
    989
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+