Муносиб инсонга муносиб мукофот

05.09.2019, 17:41

Муносиб инсонга  муносиб мукофот

– Аёлига юксак эҳтиром кўрсатадиган Ватанимизнинг ушбу олий унвони мен каби барча хотин-қизлар  меҳнатига берилган баҳо деб биламан, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, O‘zLiDeP фаоли Лолахон Муротова.

Президент фармони билан Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари, O‘zLiDeP аъзоси Лолахон Муротовага “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилиши барча фарғоналикларни чексиз қувонтириб юборди. Лола опа яқинлари, ҳамюртлари ва маслакдошлари, туман, вилоят раҳбарларининг табриклари қуршовида ўзигагина хос соддалик ҳамда камтарлик билан миннатдорлик билдирди:

– Мени ардоқлаган халқимга, Президентимга раҳмат!

...Лолахон Муротова оддий деҳқон оиласида иккинчи фарзанд эди. Ҳали мактаб ўқувчиси бўлса-да, дам отаси, дам онаси билан далага чиқар, ерни экишга тайёрлашдан пахта териб олингунга қадар уларнинг ёнидан жилмас эди. Отаси Неъматжон ака хўжаликда муҳандис экани учунми, унда ҳам техникага иштиёқ пайдо бўлганди, ҳали у, ҳали бу тракторни ҳайдаб кўрарди. Қиз болага механизаторлик оғирлик қилади, деган насиҳатларга қулоқ солмади. Мактабни тугаллабоқ механизаторликка ўқиди.

– Биринчи марта тракторга ўтирганимда қўлларим қалтираган. Бирор кўчатга зарар етказиб қўймай деб оҳиста ҳайдаганман. Кейин отам кабинага чиқиб, ёнимга ўтирган, – деб эслайди у. – “Техникани бўйсундириш ўзингга бўлган ишончга боғлиқ, энди асло иккиланма”, деган эди отам ўшанда. Шу-шу, мен бошқармаган қишлоқ хўжалиги техникаси қолмади ҳисоб. Экдим, ишлов бердим, пахта тердим, ер ҳайдадим...

Ўшанда, 1977 йили ёш қизнинг трактор ҳайдаётганини кўргани қўшни туманлардан ҳам тенгқурлари келар, шогирдликка олишларини сўрарди. Лолахон механизатор бўлиб ишлаб юриб, қишлоқ хўжалигининг паст-баландини кўрди. Ҳатто иши йўқ кунлари ҳам даладан бери келмасди. Нега бу майдонга 90 схемада-ю, бунисига қўшқатор экиляпти, нега чигит навлари турлича, тунда шарбатлаб суғоришнинг нафи қандай... Шу каби саволлари билан мутахассисларни ҳоли-жонига қўймасди.

Бир куни хўжалик раҳбари ундаги иштиёқ, меҳнатсеварлик ва ерга меҳрни кўриб: “Пудратчи бўласанми, – деб сўраб қолди. – Ўзинг экасан, ўзинг ишлов берасан, ўзинг териб, давлатга сотасан. 50 гектар ер ажратамиз”. Лолахон кутилмаган бундай таклифдан қувониб кетса-да, бироз ўйланиб қолгани ҳам рост. Чунки масъулияти катта. Пуд­ратчининг атрофида унга ишониб бирга ишлайдиганлар ҳам бўлади. Уларнинг тирикчилиги пудрат натижаларига боғлиқ... Қатъийлик болалигидан юққан, таклифни дадил қабул қилди. Механизаторлик қилиб юрган йиллари тўплаган тажрибаси, ўйлаб қўйган режаларини мана энди ҳаётда қўллаш имкони бўлади. Ёнига ўзига ўхшаган ёш йигит-қизларни тўплаб, астойдил ишга киришди.

– Биринчи йили роса қийин бўлган. Баҳор ёмғирли келди. Экиш муддати ортга сурилди. Натижада чигитнинг бир қисми чириб кетди. Май ойининг ўрталарида чала жойларга яна қайтадан экдик,– дея эслайди Лолахон. – Кўзимга уйқу келмасди. Бундай пайтда ерга так­рор ва такрор ишлов бериш керак. Шундай қилай десам, ёнилғи лимити деган гап чиқди. Қўшимча харажатни даромаддан қоплаймиз, дедим-у, ўзим трактор рулига ўтириб, даладан чиқмадим. Ернинг захи кўтарилди. Тупроқ қуёш нуридан қувват олди. Кейин ғўзалар бирдан кўтарилди. Минерал ўғит бериш билан бирга шарбатни аямадик. Дала шийпони уйимиз бўлди. Бир вақт гуллар шиғил кўракка айланди. Ниҳоят хўжаликда биринчи бўлиб ва энг юқори ҳосилдорлик билан мажбуриятларни адо этдик. Биз билдикки, ирода билан қилинган меҳнат ва агротехникадаги қатъийлик албатта ижобий натижа берар экан.

Эришган ютуқлари туфайли пудратчи Лолахон Муротованинг номи тез тилга тушди. Энди уни туманда ўтадиган йиғинларга таклиф қиладиган, ҳурмат кўрсатиб сўз берадиган бўлишди. Аммо булардан ғурурланиб кетмади. Бир гектардан 40-50 центнер ҳосил олиш учун кўчат сони қанча бўлиши керак, суғоришда сув тежамкорлигига эришиш учун нима қилиш лозим... шу каби саволлар унга тинчлик бермасди.

– Илгари эркимиз ўзимизда эмасди. Мана бу навни экасан, фалон кундан бошлаб ишлов берасан, фалон пайтда теримга тушиш мумкин... Бу каби чекловлар аслида қишлоқ хўжалигига путур етказарди. Деҳқон ернинг ҳақиқий эгаси бўлолмади. 2006 йилга келиб, “Нурли обод” фермер хўжалигини туздик. Энди биз деҳқонлар тажриба ва шароитдан келиб чиқиб, қачон нима иш қилишни ўзимиз белгилай бошладик.

Янги фермер хўжалиги учун ер ажратилар экан, Лолахон Муротовани яна бир синовдан ўтказишди. Марказий Фарғона чўлларига туташ, қумлоқ, зах, унумдорлиги паст майдонларни унга беришди. Яна тинимсиз меҳнат кутарди уни. Аввало экин даласини қайта карталаштирди. Ҳар бир майдон учун тупроқ таркибидан келиб чиқиб алоҳида “даволаш” йўл харитасини тузди. Кеч куз ва қишда деҳқон дам олади одатда. Аммо Лолахон фидойи ҳамқишлоқлари билан на кундузи, на кечаси тиним билди. Шўр ювди, чуқур юмшатилмаган ер қолмади. Тезоб майдонларни плёнка остида чигит экишга тайёрлади, мартнинг дастлабки кунларидаёқ уруғ қадади.

– Мен пахта етиштирувчи Хитой, Америка, Ҳиндистон, Миср каби давлатлар тажрибаси билан қизиқдим, – дейди Лолахон Муротова ҳамкасбларига даласида ўтган семинарда. – Нега уларда ўртача ҳосилдорлик юқори? Биз қишлоқ хўжалигига инновацион усулларни қўрқмасдан жорий этишимиз зарур!

Фарғона вилояти деҳқончилик маданияти юқорилиги, қишлоқ хўжалигида илғор иш услубларини дадил қўллайдиган, ернинг ҳар бир қаричини қадрлайдиган етук мутахассислари билан ҳам машҳур. Давлатга дон сотиш режаси мамлакатда биринчилар қаторида ортиғи билан бажарилди. Бошқа туманлардаги пахта далаларини кўриб қайт­ган Лола опанинг фикрича, пахта хирмони ҳам ошиб-тошади, ҳосил мўл. Шубҳасиз, бу онгли меҳнат, илмий ёндашув натижасидир.

Президентимизнинг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида берган ҳаётий тавсиялари, йўл-йўриқлари асосида иш юритилгани боис энг аввало, ҳалол меҳнати билан юрт тараққиётига хизмат қилаётган бободеҳқоннинг қадр-қиммати жой-жойига қўйилаётгани даладаги иш унумига, айниқса ҳосилдорликнинг ошишига  ҳам таъсир кўрсатди. Масалан, 2018 йили вилоятда битта пахтачилик кластери ташкил этилганди, мамлакатда биринчи бўлиб режани бажарди. Натижадан манфаатдорлик ҳисси янги кластерларни шакллантирди. 2019 йили 9 та туман қишлоқ хўжалигининг шу илғор усулига ўтди. Кластерлар 40 та чигит экиш, ерга ишлов бериш техника воситасини сотиб олди. Натижада биринчи чигит қадаш ўтган йилга нисбатан 15 кун аввал якунланди. Риштон туманида энг кўпи билан 15 центнер пахта ҳосили оладиган фермер хўжалиги бор эди. Инновацион усул – томчилатиб суғоришга ўтилгач, бугунги чамалашга кўра, ҳар гектардан 41 центнердан хирмон кўтарилиши кутилмоқда.

2019 йилгача томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш 3,7 минг гектар, эгатга қора плёнка ётқизиб суғориш 4 минг гектар, эгилувчан қувурлар билан суғориш 10 минг гектар майдонга жорий қилинди. Бунинг натижасида 120 миллион метр куб сув иқтисод қилиняпти. Ишчи кучи, техника хизматини 15-20 фоиз камайтиришга эришилди. Қолаверса, илғор усулни қўллаган 12 та фермерга 1,1 миллиард сўм субсидия берилди. Суғориш насос­лари учун электр энергияси бепул қилинди...

Лола Муротованинг жонкуярлиги кенгроқ майдонларда ана шундай янгиликларни жорий этиш, қишлоқ хўжалигини янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини билганидан эди. Унинг далаларида туман фермерлари иштирокида ғўзанинг “Наманган-77” навини экиш, “Уруғлик пахта етиштириш”, “Маҳаллий ўғит жамғариш”, “Ерларни чигит экишга тайёрлаш ва экиш” ва “Дон экиш” мавзуларида кўргазмали семинарлар ўтказиб келинмоқда.

“Нурли обод” фермер хўжалигининг экин майдони 488,4 гектарни ташкил этиб, ҳозирги кунда 207 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Тажрибали фермер тупроқ унумдорлигини яхшилаш мақсадида сўнгги уч йилда 120 миллион сўмлик мелиорация ишларини амалга ошириб, экин майдонларининг балл бонитетини 41 баллдан 50 баллга оширишга эришган. 2016-2018 йилларда хўжаликда 1764,6 тонна пахта ва 6946,1 тонна ғалла етиштирилиб, шартнома мажбуриятлари 120-130, 150-160 фоизга бажарилган.

– Бу йил ғалладан ўртача ҳосилдорлик 80 центнердан ошди, – дейди Лола Муротова. – Соф фойдадан яна 3 та техника сотиб олдик. Фермер хўжалиги ҳисобига қолган дондан 274 тоннасини ишчиларимизга тарқатдик...

Қаҳрамон фермер бу гапларни оддийгина қилиб айтарди. Деҳқончиликдан бироз бўлса-да хабардор инсон ушбу рақамлар ортида қанчалик машаққат ётганини ҳис этади. У қандай ютуққа эришса, дарҳол бошқалар билан баҳам кўради. Ёш фермерларга тупроқ унумдорлигини ошириш, юқори ҳосилдорликка эришиш борасида амалий ёрдам кўрсатади. Жумладан, ҳудуддаги 2 та фермер хўжалигида унинг маслаҳати билан иш юритилиб, ҳосилдорлиги ўртача 30-31 центнердан иборат ерлардан 33-34 центнер пахта, ғаллачиликда 40-45 центнерлик ерларидан 55-60 центнер хирмон кўтаришга эришилди.

Лолахон Муротова фермер хўжалиги даромадларини нима қилар экан, деган савол туғилиши табиий. Албатта, аввало ишчиларини рағбатлантиради, техника воситаларини янгилаш, инновацион лойи­ҳаларга ажратади. Айни пайтда хайрия ишларида ҳам намуна кўрсатиб келмоқда. Шу йилнинг ўзида кам таъминланган оилалар, ногиронлар, якка-ёлғиз кексаларга 30 миллион сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатган. Шунингдек, 1 та кўп фарзандли ва кам даромадли оилага хўжалик ҳисобидан қорамол олиб берилди, 12 дан зиёд ёшларга уй қуриш ва тўй-ҳашамларини ўтказишга кўмаклашилди.

Миришкор фермернинг меҳнатлари йиллар давомида давлатимиз томонидан муносиб тақдирлаб келинмоқда. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” фахрий унвони берилди. “Эл юрт ҳурмати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари топширилди. Мана, энди Лола Муротова “Ўзбекис­тон Қаҳрамони” деган юксак мукофотга сазовор бўлди.

– Аёлига юксак эҳтиром кўрсатадиган Ватанимизнинг ушбу олий унвони мен каби барча деҳқон хотин-қизлар меҳнатига берилган баҳо деб биламан, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, O‘zLiDeP фаоли Лолахон Муротова. – Шу билан бирга, мазкур мукофот мен учун янада юксак масъулият ҳамдир. Бундан буён ҳам Аллоҳ берган умрни Ватаним равнақи, қишлоқ хўжалигини юксалтириш йўлида бахшида этаман.

Муҳаммаджон ОБИДОВ

  • Кўрилди
    1151
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+