O‘zLiDeP сайловолди дастури лойиҳасида миллатлараро ва фуқаролараро ҳамжиҳатлик йўналишидаги вазифаларни белгилаб олди

06.09.2019, 16:05

O‘zLiDeP сайловолди дастури лойиҳасида миллатлараро ва фуқаролараро ҳамжиҳатлик йўналишидаги вазифаларни белгилаб олди

Жорий йилнинг 6 сентябрь куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида “Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги устувор йўналишлар бўйича ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, миллий маданий марказлари билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда партия сайловолди дастури лойиҳасида Миллатлараро ва фуқаролараро ҳамжиҳатлик йўналишида белгилаб олиниши лозим бўлган масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидлангидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш масалалари борасида устувор вазифалар белгилаб олинган. Шундан келиб чиққан ҳолда O‘zLiDeP Сайловолди дастури лойиҳасида ушбу йўналишда қилиниши лозим бўлган вазифаларга ҳам эътибор қаратмоқда.

Тадбирда ҳозирги глобаллашув жараёнида халқ дипломатияси ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ҳамда тотувлик каби умуминсоний қадриятларга асосланган куч сифатида ўзини тобора кенг намоён этаётгани, юртимизнинг бошқа давлатлар билан ўзаро алоқаларини мустаҳкамлашда бу институт алоҳида ўрин тутаётгани таъкидланди. Миллатлараро ҳамда динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг узвий қисми эканлиги ҳам тадбир иштирокчилари томонидан алоҳида қайд этилди. Ана шу саъй-ҳаракатлар натижасида бугун республикамизда 138 та миллий маданий марказлар, 35 та дўстлик жамиятлари, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари мустақиллигимиз, тинч ҳамда фаровон ҳаётимизни асраш, мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшишдек эзгу мақсад йўлида меҳнат қилмоқда.

O‘zLiDePнинг фикрича, бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятининг янада ривожланиши, миллатлараро ва фуқаролараро ўзаро англашнинг мустаҳкамланиши, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, тинчлик ва барқарорлик муҳитини сақлаш давлат ва жамият ривожланишининг энг муҳим ва зарурий шарти деб билади. Шу сабабли партия хорижий давлатлар билан миллатлараро муносабатлар ва дўстлик алоқаларини уйғунлаштириш масалаларини ҳал қилишда парламент ва халқ дипломатияси салоҳиятидан юқори даражада фойдаланишга яқиндан кўмаклашади.

Сўз олганлар мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни, жамиятда фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлаш, барча фуқароларга миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири этиб белгиланганини алоҳида таъкидлашди.

Тадбир доирасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.

  • Кўрилди
    1215
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+