Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи партиялари ҳамкорлик тўғрисида Келишув имзоладилар

06.09.2019, 22:55

Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи партиялари ҳамкорлик тўғрисида Келишув  имзоладилар

Аввал хабар қилганимиздек, “Единая Россия” Бутунроссия сиёсий партияси раҳбариятининг таклифига кўра, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси делегацияси  шу кунларда Москва шаҳрида бўлиб турибди.

O‘zLiDeP вакилларининг ташрифи доирасида «Единая Россия» партиясидаги  қатор муҳим йўналишлар раҳбарлари ва масъул ходимлари билан ўзаро фикр алмашилди.

Ўзаро манфаатли шерикликнинг қатор истиқболли  йўналишлари ва икки томонлама  қизиқиш уйғотадиган  бошқа масалалар бўйича ўтказилган партиялараро  маслаҳатлардан сўнг O‘zLiDeP ва «Единая Россия» ўртасида  ўзаро ҳамкорлик  қилиш тўғрисида келишув имзоланди. Ушбу ҳужжат  Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси  ўртасидаги  тенг ҳуқуқли ва ишончли  ҳамкорликка  таянган ҳолда, ўзаро ҳурмат, бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик, ишончли ва ўзаро манфаатли шерикчилик тамойилларига асосланади.

Масалан, Келишув доирасида партия қурилиши соҳасида қўшма маслаҳатлар ўтказиш, тажриба алмашиш, экспертлар учрашувларини ташкил этиш ва шу каби бошқа тадбирларни амалга ошириш ишлари  янада фаоллаштирилади. Партиялараро, жумладан  ишбилармон доира вакиллари ўртасидаги алоқаларни минтақавий даражада кенгайтириш, партия шафелиги остида жойлардаги инвестициявий ва бизнес муҳитини намойиш этадиган турли семинарлар, анжуманлар ва “давра суҳбатлари” ўтказишга  алоҳида эътибор қаратилиши режалаштирилган.

Томонлар дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик ва меҳнатсеварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ёшлар ва хотин-қизлар партия  ташкилотлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашадилар.

Келишув Ўзбекистон томонидан O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия  қўмитасининг раис ўринбосари Б.С. Якубов, Россия томонидан «Единая Россия»  Партиясининг  Бош кенгаш Котиби ўринбосари А.А. Климов томонидан имзоланди.

Умуман олганда, мазкур ҳужжат ҳар икки партиянинг партиялараро алоқаларга Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим таркиби сифатида қараб, ушбу ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга кўмаклашишдек хайрли  ниятларининг амалий ифодасидир.

 O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1398
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Асем Сиримбетова 2019-09-09 16:51:44

Икки давлатнинг етакчи партияларининг ўзаро ҳамкорлик келишуви икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.


Даврон Темиров O‘zLiDeP Бўка туман Кенгаши ижрочи котиби2019-09-07 10:38:56

Ўзаро манфаатли шерикликнинг қатор истиқболли йўналишларга асосланган O‘zLiDeP ва «Единая Россия» ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисида имзоланган келишув, партиямизнинг халқаро обрў эътиборини оширишга хизмат қилади.


Ташанов Яздон ЎзЛиДеП Каттақўрғон туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари аппарат раҳбари2019-09-07 09:13:40

Ҳам сиёсий ҳам иқтисодий аҳамиятга эга бўлган тарихий воқеа деб баҳолаш мумкин.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+