Депутатлар йўлларни таъмирлаш бўйича манзилли рўйхатларни амалга оширилишини қониқарсиз деб топишди

07.09.2019, 18:01

Депутатлар йўлларни таъмирлаш бўйича манзилли рўйхатларни амалга оширилишини  қониқарсиз деб топишди

Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашидаги  O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда  Наманган шаҳар Халқ таълими бўлими мудири, Наманган шаҳар Молия бўлими бошлиғи, Наманган вилоят автомобил йўллари ҳудудий бош бошқармаси вакили ҳамда Наманган шаҳар ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари ҳисоботлари эшитилди ва депутатлик гуруҳи томонидан атрофлича муҳокама этилди.                       

Дастлаб депутатлар Наманган шаҳридаги умумтаълим мактаб муассасаларини моддий техник жиҳатдан молиялаштириш бўйича шаҳар Халқ таълими бўлими мудири Зиёвиддин Джамаловнинг ҳисоботини тинглади.

- 2019 йил “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дастури асосида Наманган шаҳридаги 60 дан ортиқ мактаблар учун комплект мебель жиҳозлари ажратилди, 37 та мактаб жорий таъмирланди, 12 та мактаб эса капитал таъмирдан чиқарилди, - дейди З.Джамалов. - 35 йил давомида педагог сифатида фаолият юритган бўлсам,  жорий йилда биринчи маротаба шаҳар ҳокимлиги томонидан 37 млрд. сўмлик мебель жиҳозлари ажратилди, 11 та мактабга компютер жиҳозлари билан таъминланди.

Бундан ташқари, йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонуни асосида Наманган шаҳрида автомобил йўллари қуриш,  реконструкция қилиш ва таъмирлаш юзасидан 2019 йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Чиндан ҳам мамлакатимизда халқимиз турмуш тарзини яхшилаш, аҳолига хизмат кўрсатиш, автомобил йўллари қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, мазкур масаланинг нечоғлик долзарб аҳамият касб этишидан  далолат беради.

Режага кўра 2019 йилда Республика бюджетидан Наманган йўл қурилиш ва таъмирлаш унитар корхонаси томонидан шаҳримизнинг 40 та кўчаларида 4.995 млрд сўмлик 14.9 км ички кўчаларни жорий таъмирлаш ишлари бажарилиши белгиланган бўлиб, амалда ҳозирги кунга қадар 3,75 млрд сўмлик 14.7 км йўлларда жорий таъмирлаш ишлари бажарилди. Бундан ташқари, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 17 та кўчаларда 9.7 км узунликдаги жорий таъмирлаш ишлари учун 980.0 млн сўм маблағ, 9 та узунлиги 3.8 км кўчаларни жорий таъмирлаш учун 500.0 млн сўм маблағ сарфланди.

Бироқ депутатлар Наманган вилоят автомобил йўллари ҳудудий бош бошқармасининг Дастурларни шакллантириш бўлими бошлиғи томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонуни асосида Наманган шаҳрида автомобил йўллари қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича 2019 йилги ички ва асосий кўчаларни таъмирлаш юзасидан манзилли рўйхатларни амалга оширилишини қониқарсиз деб топишди. Мазкур масала Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашидаги  доимий комиссияга ҳамда навбатдаги сессияга киритилди.

Йиғилиш якунида Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан Наманган шаҳридаги кичик саноат зоналарида фаолият бошлаган корхоналар билан яқиндан танишиш ва муаммоларини ҳал этилишида амалий ёрдам бериш, йил якунида саноат зоналарини ривожлантириш бўйича ташкил қилинган ишлар натижадорлигини ўрганиб чиқиб, доимий комиссияга масала киритиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Юлдуз Юлдашева

O‘zLiDeP Наманган

вилоят Кенгаши

Матбуот котиби

  • Кўрилди
    1186
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+