O‘zLiDeP депутатлари: Ички ишлар масъулларидан адолатни тан олишларини талаб қиламиз

10.09.2019, 14:47

O‘zLiDeP депутатлари: Ички ишлар масъулларидан адолатни тан олишларини талаб қиламиз

Олий Мажлис Қонунучилика палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари Расул Кушербаев ва Абдурашид Абдуқодиров Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг автомобиллар орқа ён ойналарига парда ўрнатиш бўйича муносабатига жавоб қайтарди. 

"Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг автомобиллар орқа ён ойналарига парда ўрнатиш бўйича муносабати уларнинг яна бир бор жамоатчилик фикрини инобатга олиш ва ҳайдовчиларга қулайлик яратишни истамасликка бўлган позицияда эканликларини намоён этмоқда.

Бундай позицияни улар бир муддат аввал “фара”ларни кучда қолдиришга уриниб, жонбозлик қилганида ҳам кўрсатишганди.

Муносабатга қайтсак.

Судларнинг ҳайдовчилар фойдасига чиқарган қарори Йўл ҳаракати хавфсизлиги масъулларига “фара”лар можаросидан сўнг кутилмаган иккинчи зарба бўлди. Ва бу уларнинг шунча вақтдан буён ҳайдовчиларни автомобилларининг орқа ён ойналарига парда тақишларига таъқиқ қўйиб келгани ва жарима қўллагани нотўғри эканлигини исботлади.

Бундай зиддиятли ҳолатларни давлат органи сифатида асосан ўзларининг фойдасига ҳал этиб, фуқароларнинг ўз соғлиқларини сақламоқчи бўлгани учун қандай қийин вазиятда қолишидан қатъий назар “бир қолип”га ўрганган ҳурматли “ГАИ” масъуллари ушбу мағлубиятни шунчаки тан олмаслиги табиий ҳол. Бироқ унутмайлик: биз демократик, кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлидан бораётган давлатда яшаяпмизми, демак бунда суд ким бўлишидан қатъий назар фақат қонунларга, фактларга суяниб адолатли қарор қабул қилиши шарт. Бунга кўникиш керак.

Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг муносабатини ўқиб табиий савол туғилади: йўловчилар, айниқса болалар ва кексаларнинг жазирама иссик кунларида қуёш нурларидан сақланиши учун парда тутишни ноқонуний дейишнинг ўзи ноқонуний эмасми? Чунки гап аввало соғлиқни сақлаш ҳақида кетмоқда.

Инсонийлик нуқтаи назаридан ҳам одамларнинг офтобдан ҳимояланиши бепул таъминлаш аслида бурчимиз.

Энди ўйлаб кўринг автобусларнинг орқа ва орқа ён ойналарига тутилган пардалар ҳаракатланиш учун хавф туғдирмас экан-у, лекин енгил автомобиллар учун хавф туғдириши қайсидир мантиққа тўғри келадими?

“Тонировка” аҳолини бойлигига қараб табақалаштиришнинг ёрқин намунаси сифатида турган бир пайтда бундай тартибларнинг моҳиятида қандай йўл билан бўлмасин пул ишлаш мақсади ётганлигини тушуниш қийинмас. Айниқса тушган маблағлардан манфаатдор бўлган идораларга.

Йўл ҳаракати қоидаларига диққат билан разм солинса шу вақтга қадар автомобилларнинг орқа эшик ойналарига парда тақишга аниқ таъқиқ бўлмаган, аммо шунга қарамай йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари амалиётда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126-моддасига асосан ҳайдовчиларга автомобилларнинг орқа ойналарига парда тақиб ҳаракатланганлиги учун жарима жазоси тайинлаш билан шуғулланиб келишган. Бироқ ушбу моддада аниқ-тиниқ қилиб қайси ҳолатда жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги келтирилган. Яъни оддий айтганда ҳайдовчи автомобил ойналарини тонировка қилишга рухсат олмасдан тонировка қилса ва ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатса ёки қопламалар суртса жарима солишга сабаб бўлади.

“Ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атроф” деганда айнан нима тушунилиши эса Ўзбекистон Републикасида амалда бўлган давлатлараро стандарт ГОСТ 33988-2016 “Автомобилные транспортные средства. Обзорность с места водителя. Технические требования и методы испытаний”нинг 2.12 бандида кўрсатиб ўтилган. Унга кўра, ҳайдовчи кўзлари ва жами майдонининг остки чегарасини ташкил қиладиган, 180 градус секторда олд кўринишнинг шартли майдони ҳисобланади. Демак автомобилнинг орқа эшик қисмлари ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофга кирмайди. Бу ҳақда ваколатли давлат органи “Ўзстандарт” агентлиги расман маълум қилган.

“Стандартлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан стандартлаштириш ишларини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва таъминлашни халқ хўжалиги тармоқларида "Ўзстандарт" агентлиги амалга оширади. Ички ишлар вазирлигининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси стандартлаштириш соҳасидаги ваколатли идоранинг берган тушунтиришларини инкор қилиб, меъёрий ҳужжат нотўғри қўлланган дейиши, очиқ ҳақиқатни тан олмасликдан бошқа нарса эмас. Ҳар қалай ҳозирча стандартлаштириш соҳасида ИИВ ЙҲХБ ваколатли орган эмас.

Айнан “Ўзстандарт” агентли томонидан берилган тушунтириш ва маълумотлар ҳар бир судда далил сифатида келтирилган ва судлар ушбу далилларни тан олган.

Қонунчилик амалиётини тўғри қўллашда мазкур масаланинг нақадар муҳимлигини инобатга олиб суд барча томонларнинг, шу жумладан ЙҲХБ масулларининг важларини тўлиқ ўрганиб, далилларни кўриб чиқиб адолатли қарор қабул қилганлигига ишонамиз ва ички ишлар масъулларидан буни очиқ тан олишларини талаб қиламиз. Бу олқишга лойиқ иш бўлар эди!

Олий суд эса яқин вақт ичида бу борада ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича алоҳида пленум қарори қабул қилишига умид қиламиз" - дейди депутатлар.

  • Кўрилди
    1664
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Kamoliddin2019-09-14 23:02:43

Сиз ўзингиз айтгандек, суд фақат қонунга риоя қилиши шарт аммо бу холатда суд хато қарор чиқарган. Агар одамларнинг соғлиги хақида жон куйдираётган экансизлар унда қонунларни шунга мослаштирилар. Амалдаги қонун асосида иш кўраётган ДЙХХ ходимларига "Сиз одамларни соғлигини ўйламисла... ва хоказо гапларни гапирмасдан. Сиз ўзингиз шахсан ана шу ГОСТни ўқидингизми? Парда тўғрисиди видеони кўрдим.. Қанаққиб ва қайси актга асосан ЎзСтандарт агентлиги буни қонунийлигини исботлагнини эшиттим, Аммо, Ўзстандарт агентлиги берган хулосаси нотўғрилиги ўзлиги этган, ГОСТ33988-2016 ни ўқиб чиқиб хатолигини, ўзлигига кере жойини этиб, қоганини этишмаганини билдим. Улар фақат ГОСТнинг 2.14 бандини асос қилиб келтиришган: 2.14 передняя обзорность: Обзорность через переднее и боковые окна кабины, ограниченная полем зрения водителя, равным 180°, в горизонтальной плоскости при направлении линии взора с места водителя параллельно средней продольной плоскости ТС. Бундан ташқари 2.13 хам бор: 2.13 обзорность: Конструктивное свойство ТС, характеризующее объективную возможность и условия восприятия водителем визуальной информации, необходимой для безопасного и эффективного управления ТС. Бизани қонунчиликда 2.13 банди ёзилган, 2.14 ула этвотган нарса тўғри кемиди. Хуллас судя хато қилди! Лекин ман инсон сифатида тўғри қарор диб хисоблиман! Яна такрор айтаман, суд амалдаги қонунларга риоя қилиши шарт, кимларнингдур хохиш, иродаларига эмас.


Даврон Темиров O‘zLiDeP Бўка туман Кенгаши ижрочи котиби2019-09-12 09:04:49

Жуда муҳим масалалар кўтарилган.Ҳар ким ўз вазифасини Ўзбекистон қонунларини ҳурмат қилган ҳолда бажаргандагина ҳалқимиз улардан рози бўларди. Бунинг учун уларнинг ўзи қонун ва қарорларни яхши билишлари зарур.


Холмурод Сориев, Халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари2019-09-10 20:03:16

Адолатли суд ҳукмини тан олмаслик-бу демократиянинг ҳар қандай кўринишига қатъиян зиддир. Айниқса, бу ҳолат айнан ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан содир этилиши жамиятда кескин норозилик уйғотади ва ўтказилаётган ислоҳотларга нисбатан кенг ҳалқ оммасида ишончсизлик ҳиссини пайдо қилади. Қабул қилинган қонунларни ҳурмат қиладиган ИИВ ЙҲХБ раҳбариятининг бу борада оқилона йўл тутишига ишонч билдирамиз!


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+