Жорий йилда Сардобада 145 та хонадонда иссиқхона ташкил этилди

12.09.2019, 17:17

Жорий йилда Сардобада 145 та хонадонда иссиқхона ташкил этилди

Сардоба туманидаги “Фарғона” ва “Соҳибкор” фермер хўжаликларида “Тўқсонбости экинлар экиш, томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш” мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари республика, вилоят, туман Кенгаши вакиллари, ҳудудда фаолият олиб бораётган 70 дан ортиқ фермер хўжаликлари раислари ҳамда корхона ва ташкилот раҳбарлари иштирок этди. 

Мутахасисларнинг айтишича, мавжуд экин майдонларидан самарали фойдаланиш бир майдондан йил давомида бир неча маротаба ҳосил олишнинг ҳажмини ошириш имконини беради. Бунинг учун аввало ҳар бир экиннинг биологиясини билиш, экиш муддатларини аниқлаш, ҳар бир агротехник тадбирни вақтида ўтказишни таъминлаш зарур. Зеро, бошоқли дон экинларини экиш муддатларини тўғри белгилаш келгуси йил ҳосили тақдирини ҳал қилади.

“Кузги буғдой уруғини экиш ҳар бир минтақада тупроқ иқлим шароитидан келиб чиқиб мақбул муддатларда экилади. Уруғни бир текис ундириб олиш, ҳосилнинг меъёрида қишлаши ва юқори ҳосил беришига замин тайёрлайди. Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги экинларини ўз вақтида ва сифатли экиш фермерларнинг олдида турган муҳим вазифалардан биридир”, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Б.Бойбўсинов.

Унинг таъкидлашича, Сардоба туманида деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига 1274 гектар ер бириктирилган. Деҳқон хўжаликлари ва томорқачилар томонидан куз фаслида тўқсонбости экинлар сифатида бу ерларга пиёз, саримсоқпиёз ва турли кўкатлар экилиши режалаштирилган. Шунингдек, 400 та хонадонда арзон, ихчам 1,-5-2 сотихли иссиқхона қуриш орқали янги иш ўринлари яратиш белгиланган. Ҳозирга қадар эса 145 та хонадонда 2,9 гектар ерда иссиқхона ташкил этилган.

Семинар давомида иштирокчиларга “Фарғона” фермер хўжалиги даласида 2020 йил ҳосили учун ғалла экиш учун ерни тайёрлаш,уруғни  ерга сифатли қадаш ва уни ундириб олишгача бўлган жараёнлар ҳақида зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди. Иштирокчилар ерни тозалаш, ҳайдаш, экинни сифатли,  бир текис ундириб олиш, ниҳолларни парваришлаш ва мўл ҳосил етиштиришгача бўлган мавсум оралиғидаги ишларни ўз вақтида унумли ва сифатли адо этиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар олдилар.

Шундан сўнг семинар иштирокчилари тумандаги “Соҳибкор” фермер хўжалиги даласида ҳам бўлишди. Боғ қатор ораларига ўртаки экин экишнинг афзалликлари тўғрисидаги амалий машғулотларда қатнашишди. Уларга янги экилган боғ қатор ораларига  ўртаки экинлар (масалан булғор қалампири) экиш ва бу ҳосил йиғиштириб олингандан сўнг  тўқсонбости экинлари – пиёз, саримсоқпиёз ва бошқа экинлар экишнинг фойдаси, ундан олинадиган даромад хусусида мутахассислар томонидан атрофлича маълумот берилди.

Қайд этилишича, халқимизнинг тоза ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаби тобора ортиб бормоқда. Ернинг умрини ўтказмай ундан самарали ва оқилона фойдаланиш, янги ташкил этилган боғ ва токзорлар орасида 3-5 йилгача оралиқ экинлар  ва тўқсонбости экинлари экиш ерлардан янада самарали фойдаланиш имконини беради. Хусусан, ҳалқимиз дастурхонининг тўкин бўлишига, уларни сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади.

Тадбирда туман ҳокими А.Хидиров, туман прокурори А.Уралов ҳамда  Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари республика Кенгаши бош мутахассиси У.Раҳматовлар мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 Дилором ЭСОНОВА,

O`zLiDeP Cирдарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1633
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+