Мулк дахлсизлиги кафолатлари кучайтирилди

12.09.2019, 17:56

Мулк дахлсизлиги  кафолатлари  кучайтирилди

Барчамизга маълумки, тадбиркор ва ишбилармон инсонлар, интеллектуал мулк эгалари ҳуқуқларини ифодалаш ҳамда ишончли муҳофазалаш мақсадида сиёсий майдонга чиққан O‘zLiDeP жамиятнинг ўрта синфига алоқадор ҳар қандай ўзгаришни электорат манфаатларига нечоғлик мослиги нуқтаи назаридан таҳлил қилиб боради.

Ўз навбатида, экспертлар гуруҳи томонидан амалга ошириладиган қиёсий мониторинглар натижалари эса янги-янги ташаббусларни илгари суриш учун мустаҳкам асос бўлади.

Хусусий мулк ҳимояси билан боғлиқ муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича ҳам худди шундай фикр билдириш мумкин. Қатор йиллардан буён партиявий воситалар орқали ўртага ташланаётган таклифлар, иқтисодиётни либераллаштиришга йўналтирилган инновацион ғояларнинг қонун ҳужжатларида у ёки бу шаклда акс этиши фаолият натижадорлигидан далолат беради.

Гап Президентимизнинг яқинда қабул қилган “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”ги фармони O‘zLiDeP электорати учун катта аҳамият касб этаётгани ҳақида кетмоқда.

Сўнгги вақтларда мулк дахлсизлигига соя солаётган ҳолатларда турли даражадаги мансабдор шахслар тез-тез тилга олинаётган эди. Фармоннинг биринчи бандидаёқ бунга муносабат билдирилгани айни муддао бўлди, деб ўйлайман. Зотан, баъзи раҳбарлар турфа важ билан хусусий мулкни, шу жумладан, аввал хусусийлаштирилган мулкни олиб қўйиш, асосли заруратсиз мулкни бузиб юбориш мумкин эмаслигини тўлиқ англаб етмаётганди. Эндиликда Бош прокуратура ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан мулкдорга қасддан номақбул шартларни, шу жумладан, мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишга доир асоссиз талаб­ларни қўйиш, мулк эгасини шахсий мулк ҳуқуқидан воз кечишга мажбур қилишга йўл қўйилмаслиги устидан тизимли назорат ўрнатилгани ҳам бежиз эмас.

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасига “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга мулкдорларнинг хусусий мулк дахлсизлиги, ўзига тегишли мол-мулкка мустақил эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш, мулкдорларга давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер майдонининг бозор қийматида тўлиқ қопланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритиш, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини тайёрлаш вазифалари топширилди. Эътиборли томони, кутилаётган ўзгаришлар  партиямиз электоратига бевосита тааллуқли бўлгани учун парламент қуйи палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари бу жараёнда фаол иштирок этишмоқда.

Муҳим ҳужжатларнинг қисқача шарҳи ҳақида мулоҳаза юритар экан, таниқли сиёсатчи ва нуфузли таҳлилчилар “кенг қамровли” тушунчасини қўллашади. Айтмоқчиманки, юқоридаги фармон том маънода ана шу таърифга мос келади. Унда, ҳақиқатан, кенг қамровли тадбирлар ўрин олган. Масалан, 2020 йилнинг
1 январидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўлган, улар фойдаланаётган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш бўйича ваколатлари тегишли халқ депутатлари кенгашларига берилиши партиямизнинг дастурий мақсадларига мос келишини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Бундан ташқари, 2019 йилнинг 1 октябридан бошлаб тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер участкалари республиканинг барча ҳудудларида фақат “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали тақдим этиладиган бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ ер участкалари бериш ҳоллари бундан мустасно, албатта. Шунингдек, “Микрокредитбанк” АТБ ва “Халқ банки” АТБ оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштирувчи банклар этиб белгилангани эътиборга молик.

Фармон билан 2019-2020 йилларда тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича “йўл харитаси” тасдиқлангани бу борада олдимизда турган барча ишлар аниқ режа асосида мувофиқлаштирилишидан дарак беради. Тегишли идораларга тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан, маълум сабабларга кўра фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектларини ҳисобга олишнинг ягона ёндашувини, тадбиркорлик субъектларининг демографияси, шу жумладан, уларнинг фаолият даври бўйича статистик маълумотлар шакллантирилишини, ҳар ойда Бош вазирнинг Тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарига ўз фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилишини таъминлаш вазифаси юклатилгани ҳам партиямиз электоратига наф келтиради.

Соҳибжон ИСМОИЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги O‘zLiDeP

фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1483
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+