Бирлашсак, албатта ўзамиз!

12.09.2019, 18:48

Бирлашсак, албатта ўзамиз!

Кейинги уч йил давомида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самарасида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи юксалиб бораётгани,  Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон катта ютуқларга эришаётганини барчамиз кўриб-билиб турибмиз. Бунда асосий эътибор фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва аҳоли манфаатларини амалда  таъминлашга қаратилаётгани муҳим омил бўлмоқда.

“Одамлар келажакда эмас – бугун яхши яшаши керак”, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши зарур”, деган эзгу ғоя­лар янги Ўзбекистон тараққиётини белгиловчи миллий ғоя­нинг ўқ илдизини ташкил қилганини жаҳон жамоатчилиги бот-бот эътироф этаётир. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидаги долзарб вазифалар ўз ижросини топаётгани қувонарлидир. Айниқса, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг жойларда изчил бажарилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Тадбиркорлик – ҳар қандай жамиятнинг тараққиётини таъминловчи ўзига хос локомотив экани бугун ҳеч кимга сир эмас. Бунда давлатнинг барқарорлиги унинг иқтисодий ривожланиши йўлидаги муаммоларни нечоғлик еча олишига бевосита боғлиқлиги назарда тутилмоқда. Модомики, инновацион ғоялар орқали янгилик­ларга интилиб, фан-техника ютуқларини амалиётга татбиқ этиш мақсадга мувофиқлиги кўпгина мамлакатлар тажрибасида синовдан ўтган жараён.

Албатта, ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмагани каби ҳар қандай жамият муаммосиз бўлмаслиги табиий. Тараққиёт, ривожланиш йўлида турли тўсиқ ва муаммолар, катта-кичик масалаларга ечим топиш осон кечмайди.

Юқори технологиялар, илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларига асосланган техника ва асбоб-ускуналарни мамлакатимизга олиб келиш ва жорий этиш учун муносиб шароитлар яратилаётгани, ҳатто тадбиркорларимизга хориждаги етакчи компания ва ташкилотларда тажриба орттириш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш имкони берилаётгани O‘zLiDePнинг дастурий мақсадлари ҳаётга жорий этилаётганидан далолатдир.

Шу ўринда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарни ривожлантиришга кўмаклашиш, улар томонидан тайёрланаётган жаҳон андозаларига мос сифатли маҳсулотларни нафақат ички, балки ташқи бозорда сотишга ёрдамлашиш замон талаби эканини ҳам унутмаслик керак. Афсуски, жойларда миллий маҳсулот ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари ўз ҳолига ташлаб қўйилгани билан боғлиқ мисоллар ҳам учраб турибди.

Ҳар йили четдан мамлакатимизга кўплаб тайёр маҳсулотлар кириб келмоқда. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолиятига салбий таъсир кўрсатяпти. Масалан, мебель соҳасини оладиган бўлсак, бу борада юртимизнинг  ички бозорини тайёр маҳсулот билан юз фоизга таъминлаш имконияти мавжуд. Бундай фикрни чарм-пойабзал, тўқимачилик соҳалари мисолида ҳам айтиш мумкин.

Мухтасар айтганда, маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарининг ривожлантирилиши – ички бозор ўзимизнинг маҳсулотлар билан тўлдирилиши баробарида янги иш ўринлари яратилиши деганидир. Ваҳоланки, четдан кириб келаётган тайёр маҳулотларга айрим чекловларни жорий этиш вақти келди, назаримда. Ишбилармон инсонлар манфаатини ифодаловчи O‘zLiDePнинг ҳудудий ташкилоти раҳбари сифатида пойтахтлик тадбиркорларни қийнаётган турли муаммолар, дарду ташвишларини эшитар эканман, шу фикр қайта-қайта хаёлимни банд қилаверади. Ва доно халқимизнинг “Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар” деган ажойиб нақли нақадар топиб айтилганига амин бўламан.

Тўрабек НАЗАРОВ,

O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар

Кенгашидаги партия депутатлик

гуруҳи раҳбари

  • Кўрилди
    99
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+