Қашқадарёда O‘zLiDeP ҳудудий ташкилотлари вакиллари учун ўқув-семинар ташкил этилди

13.09.2019, 16:58

Қашқадарёда O‘zLiDeP ҳудудий ташкилотлари вакиллари учун ўқув-семинар ташкил этилди

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши сиёсий таълим маркази партиянинг туман, шаҳар Кенгашлари ходимлари учун “Сайловлар: ғалаба стратегияси ва тактикаси” мавзусида ўқув-семинар ташкил этди.

Тегишли соҳа вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари иштирок этган тадбирда “Демократик жамиятда сайловлар ва сайлов қонунчилиги”, “Сайлов кампанияси стратегияси ва тактикасини ишлаб чиқиш”, “Сиёсий партиялар ва партия қурилиши”, “Партия ва номзодлар имижини шакллантириш” ва бошқа бир қатор мавзуларда маърузалар қилинди.  

O‘zLiDeP Қарши туман Кенгаши аппарат раҳбари Д.Турсуновнинг айтишича, мустақиллик йилларида мамлакатимизда демократик сайловлар ўтказиш том маънода, муҳим ижтимоий-сиёсий анъанага айланди. Президентимиз таъкидлаганидек, “Сайлов жараёнларида барчамизнинг, аввало, дунёқарашимиз, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятимиз, гражданлик позициямиз яна бир бор намоён бўлади”.

Ўқув жараёнлари давомида иштирокчилар партия фаолиятини янада яхшилаш бўйича ўз таклифларини ўртага ташлашди. O‘zLiDeP Қамаши туман Кенгаши ижрочи котиби Б.Турдиевнинг фикрича, партия турли спорт мусобақаларини ўтказишни кенг йўлга қўйиши керак.

“Ўқувлар очиқ ва самимий руҳда ўтмоқда, – дейди Б.Турдиев. – Чунки семинарларда ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олиш билан бирга, таклиф ва тавсиялар ҳам беряпмиз. Масалан, бугун вилоятимизда спортнинг футбол турига қизиқувчи ёшлар кўп. Демак, тегишли ташкилотлар билан биргаликда қўшма дастур ишлаб чиқиб, чекка-чекка қишлоқларда “O‘zLiDeP кубок”ларини ўтказиш энг самарали йўлдир”.

Тадбир cўнггида партия туман, шаҳар Кенгашларида сайловчилар учун ҳам сайловолди семинар тренинглар ташкил этишга келишиб олинди. 

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

Теглар
СТМ
  • Кўрилди
    1153
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+