O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши мажлисида сайловолди дастури лойиҳаси муҳокама қилинди (+фотогалерея)

17.09.2019, 16:23

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши мажлисида сайловолди дастури лойиҳаси муҳокама қилинди (+фотогалерея)

Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг XII мажлиси бўлиб ўтди. 

Йиғилишда Президентимизнинг 2018 йил 28 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишга оид давлат Дастури ижросини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган партиянинг комплекс чора-тадбирлар дастури ижроси ҳамда партиянинг Сайловолди дастури лойиҳаси Сиёсий Кенгаш аъзолари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Хаитов очиб берди ҳамда кун тартибидаги биринчи масала юзасидан маъруза қилди.

Таъкидланганидек, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори билан шу йилнинг июнь-июль ойларида ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, жойларда “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” каби ўта муҳим дастурлар ижросини ўрганиш юзасидан электорат вакиллари ва аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар олиб борилди. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан мазкур жараёнда қарийб 82 мингта хонадонга кириб борилди ва юз минглаб инсонлар билан бевосита мулоқотга киришилди.

Ўтган муддат давомида амалга оширилган ишлар натижасида, бошланғич партия ташкилотлари сони 11 810 тадан 12 616 тага етди. Партия аъзоларининг сони 740 минг нафарга ортди ва саккиз ой ичида 126 мингдан ортиқ янги аъзолар қабул қилинди.

Ҳисобот даврида тадбиркорлик, кичик бизнес, инвестицион муҳитни яратиш, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган партиявий лойиҳалар, очиқ мулоқотлар натижасида мингга яқин таклифлар, бир қатор муаммолар аниқланди. Мазкур йўналишда маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан 1169 та мансабдор шахсларнинг эшитуви ўтказилиб, сўровлар юборилди.

Шунингдек фракция аъзоларининг ташаббуси билан 12 та қонун лойиҳаси, 236 та назорат-таҳлил тадбирлари, 184 та депутатлик сўрови, 41 та эшитув, 3 та ҳукумат соати, 4 та парламент эшитуви ташкил этилди.

Мажлисда партия томонидан якка тартибдаги тадбиркорлик, солиқ, рухсат бериш тартиб таомиллари, адвокатура, нодавлат нотариуслар, меҳнат миграцияси юзасидан билдирилган таклифлари давлатимиз раҳбари ва ҳукумат ҳужжатлари, қонунларда ўз ифодасини топганлиги алоҳида эътироф этилди.

Мажлисда шунингдек, Партия сайловолди дастури лойиҳаси Сиёсий Кенгаш аъзолари иштирокида аниқ таклифлари асосида кенг муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, партиянинг сиёсий платформаси Ҳаракатлар стратегиясига ҳамоҳанг тарзда ишлаб чиқилган бўлиб, бешта йўналишни қамраб олган.

Партия давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш йўналишида «Электрон парламент» ва «электрон Халқ кенгаши депутатлари» концепцияларини амалга ошириш, Ўзбекистоннинг давлат бошқаруви сифатининг юқори даражасига эга ривожланган давлатлар қаторига киришини таъминлаш, ахборот-коммуникация ва рақамли технологияларни жорий этиш, иқтисодиётнинг давлат томонидан тартибга солинишини янада қисқартириш, бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш, “Электрон ҳукумат” концепциясини амалга ошириш масалаларига усутувор аҳамият қаратмоқда.

Йиғилишда қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, аҳолининг адолатли судловга ишочини ошириш масалалари ҳам партиянинг диққат марказида эканлиги таъкидлаб ўтилди. Унга кўра суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд тизимини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимояланишини, адолатли судлов кафолатларини такомиллаштириш ҳамда “электрон ва рақамли суд” концепцияси, “халқ судьялари” “ҳакамлик суди” институтларини ташкил қилинишида фаоллик кўрсатади.

Мажлисда партия сайловолди дастурининг Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш йўналишидаги устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Партия қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни яратиш, хусусий мулк ҳуқуқ ва кафолатларининг ишончли ҳимояланишини таъминлаш, тадбиркорлик ривожланиши йўлидаги барча тўсиқ ва чекловларни олиб ташлаш, «Бизнесни юритиш», глобал рақобатбардошлик, инновациялар, саноатнинг рақобатбардошлиги индекслари бўйича дунёнинг етакчи 50 та мамлакати қаторидан Ўзбекистоннинг муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш ва етакчи халқаро ва хорижий молия институтлари билан алоқаларни кенгайтиришнинг истиқболларига қаратилган аниқ вазифаларни қамраб олган. Зеро, O‘zLiDeP Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибардорлигини ошириш – бу мамлакатнинг жадал ва барқарор ривожланиши, иқтисодиётни рақобатбардошлигининг энг муҳим ва зарур шарти эканига ишонади.

Аҳамиятлиси, шу кунга қадар тадбиркорлик соҳасини тартибга солувчи юзлаб қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Партия миллий қонунчилигимиз ва халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда маҳаллий тадбиркорлар ва инвесторлар учун тушунарли бўлган ягона Инвестиция ва Тадбиркорлик кодексларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ғоясини илгари сурмоқда.

O‘zLiDeP сиёсий платформасида ўз аксини топаётган масалалардан бири 2020 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатиш (сервис) иқтисодиётини ривожлантириш Стратегиясини ишлаб чиқишдир. Айни соҳадаги муҳим йўналиш Ўзбекистонни жозибали жаҳон туризми марказига айлантириш, мамлакатни дунёнинг сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган 10 та давлатлари қаторига киритишдан иборат.

Мажлисда шунингдек, партия сайловолди дастурининг ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишидаги вазифалар хусусида ҳам сўз юритилди. Бу борада соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида хусусий секторни жадал ривожлантириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли учун арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш масалаларига эътибор қаратилган.

Йиғилишда партия сайловолди дастурини янада такомиллаштириш, уни давр талабларини акс эттирган ҳолда халқчил дастурга айлантириш бўйича партия Сиёсий Кенгаш аъзолари томонидан таклиф ва тавсиялар билдирилди ва бўлажак сайловларга қизғин тайёргарлик кўриш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда партия Сиёсий Кенгаши таркибига янги аъзоларни киритиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

ФОТОГАЛЕРЕЯ

  • Кўрилди
    272
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Собир2019-09-17 18:24:45

Мени кўпроқ, "Электрон Халқ кенгаши депутатлари" ва “Электрон ва рақамли суд” концепциялар лойиҳалари эътиборимни тортмоқда!...


Бахтигул Каршиева O'zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби2019-09-17 17:00:26

O‘zLiDeP сайловолди дастуридан ўрин олаётган, 2020 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатиш (сервис) иқтисодиётини ривожлантириш Стратегиясини ишлаб чиқилиши -Ўзбекистонни жозибали жаҳон туризми марказига айланишига, мамлакатмиз сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган давлатлардан бирига айланишига ишонаман. Бизда тарихий шаҳарларимиздан ташқари, ЭКОТУРИЗМни ривожлантириш учун ҳам имкониятлар мавжуд. Хизмат кўрсатиш (сервис) иқтисодиёти ривожланса, янги янги ишчи ўринлари ва тадбиркорлик субъктлари барпо этилади.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+