Тошкент шаҳар ҳокимлиги сўровимни кўрмадингизми?

19.09.2019, 10:44

Тошкент шаҳар ҳокимлиги сўровимни кўрмадингизми?
Яқинда Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимовдан палата ялпи мажлисида депутат ва сенаторларнинг сўровлари барча идора ва ташкилотларда алоҳида рўйхатга олиниши бўйича тизим жорий қилингани ва биринчи раҳбар томонидан имзоланиб, ўз муддатида жавоб берилиши ҳақида эшитиб хурсанд бўлгандим.
 
Шахсан Бош вазир йиғилишида шундай топшириқ берилиб, сўровларга назорат кучайтирилгани маълум қилинган. Бироқ ҳукуматнинг юқори бўғини бўлган Вазирлар Маҳкамасида бу масалага қараш ўзгарса-да, қуйи бўғин – маҳаллий ижро ҳокимиятларида вазият “эски ҳаммом эски тос”лигича қолаяпти. Бунга Тошкент шаҳар ҳокимиятининг бефарқлиги мисолида яна бир бор амин бўлмоқдамиз.
 
Аслида Тошкент шаҳар ҳокимиятининг депутатларга беписандлигига ўтган даврда “арзон уй-жойлар” мисолида ҳам гувоҳ бўлгандим ва бошқа депутатлардан ҳам кўп бора эшитганман. Бироқ Тошкент ҳам Ўзбекистондаги қонунларга амал қиладиган, республика таркибидаги маъмурий субъект эканлиги учун масъулларнинг сал ерга тушиб, инсофга келишига умид узилмаганди.
 
Энди эса ўша умид ҳам қолмади: шаҳар ҳокимиятида ҳокимдан тортиб унинг меҳнат жамоасигача депутатга, унинг сўровига панжа ортидан қараш ўзгармаган. Олий вакиллик органидаги депутатга шундай муносабат бўлгандан кейин оддий фуқаролар аҳволини тасаввур қилаверинг: туяни шамол олса, эчкини осмонда кўр.
 
Яқинда Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, 4-мавзе, 1-уй, 65-манзилдан “Suil” хусусий фирмаси раҳбари мурожаат қилиб, Тошкент шаҳар хўжалик судининг 12.05.2017 йилдаги ҳал қилув қарорига асосан Тошкент шаҳар ҳамда Чилонзор тумани ҳокимликлари “снос билан боғлиқ масалада” “Suil” хусусий фирмасига 950 миллион 650 минг зарарни ундириб бериши белгиланганлиги, бироқ ҳокимликлар шу кунгача бунга пинагини ҳам бузмаётганлигини баён қилганди.
 
Суд қарорининг ижроси таъминланмаслиги тадбиркорлик субъектининг асоссиз сарсон бўлиши, давлат олдидаги мажбурий тўловлар ва ходимларга иш ҳақи беришда муаммолар пайдо қилган. Қонунга мувофиқ, суднинг қонуний кучга кирган қарори барча давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий бўлиб, республиканинг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт.
 
Бироқ бу талаб ҳам ҳокимиятга бегона кўринади. Шу боис, мазкур ҳолат юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ва суд қарори ижросини таъминлаш талаби билан ҳурматли ҳокимга шу йилнинг 6 августида сўров киритилган эди. Қонунларга асосан депутатлик сўровига 10 кун ичида жавоб берилиши шарт. Бироқ бу сўров ҳам аввалгилари сингари бир бурчакка улоқтирилган, менимча. Сўров ҳам ундаги юзлаб одамлар тақдири бир тийин, дегандек. Аламли жойи шундаки, сўровга жавоб бериш кераклигини, муддат бузилганлигини эслатиб салкам уч ҳафта давомида қайта-қайта ҳокимиятга чиққанимда аҳвол шу.
 
Нима бўлганда ҳам Президентимизнинг қуйидаги талаблари таскин бериб, фуқаролар манфаати йўлида ҳаракат қилиш, керак бўлса курашиш ва тортишига ундаб турибди: “депутат сўрови халқ сўрови сифатида кўрилиши шарт”, “депутатга беписандлик – халққа беписандлик”. Шу сўзларни эслаб туриб, шаҳар ҳокимияти ва бошқа ҳокимлик, идоралар депутат сўрови, талабини ерда қолдирса ҳам давлат раҳбарининг талабини ерда қолдирмаса керак, деган умид яшаяпти менда. Яна билмадим...
 
Расул КУШЕРБАЕВ,
 
Олий Мажлис Қонунчилик
 
палатаси депутати,
 
O'zLiDeP фракцияси аъзоси
  • Кўрилди
    304
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+