Халқ вакили ҳамиша изланишда

19.09.2019, 14:22

Халқ вакили ҳамиша изланишда

Бугун ҳаёт шиддат билан ўзгариб, кундан-кунга ол­димизга янги талаблар қўймоқда. Ана шундай бир вазиятда халқ вакили бўлган депутат ҳаётни зийрак бўлиб кузатиб бориши, ўйлаши, аҳолини ташвишлантириб келаёт­ган масалаларни ҳал этиш чораларини доимий излаши керак. Агар депутат фаолиятида “Бу муаммо бўйича ҳеч ким мурожаат қилмадику, кимдир мурожаат қилсагина масалани ҳал этишга кўмаклашаман”, деган қараш бўлса, одамларга нафи тегмайди. Аксинча номига депутат бўлиб юраверади.

Халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгашидаги O`zLiDeP депутатлари шу йилнинг сентябрь ҳолатига кўра, тегишли ташкилотларга 20 та депутатлик сўрови юборилди, халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясига 3 та масала киритилди. Депутатларга 50 га яқин мурожаатлар келиб тушган бўлса, барчаси ижобий ҳал этилди. Сайёр қабуллар ва очиқ мулоқотларда ҳам фаол иштирок этиб келаяпмиз.

Ҳар қандай муаммонинг ечимини топса бўлади. Буни биз амалда кўрдик. Кўпчилик яхши билади 2016 йилда Ўзбекистон ҳукумати порталида Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси очилди. Ҳукумат раҳбари билан оддий одамлар ўртасида ҳеч қандай воситачиларсиз тўғридан-тўғри мулоқот йўлга қўйилди. Шу боис ҳам мазкур виртуал қабулхона ишга тушган куниёқ мамлакатимизнинг турли жойларидан мингга яқин ариза, шикоят ва таклифлар келиб тушди. Кўп ўтмай, барчамиз гувоҳ бўлдикки, аксарият муаммоларни нисбатан қисқа вақт ичида самарали, энг муҳими, қонун доирасида ҳал қилса бўлар экан. Бунинг учун хоҳиш ва ирода, ҳаётдаги ўткир муаммоларга тик қарай олиш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан йўлларини топиш талаб қилинади.  

Халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгашидаги O`zLiDeP депутатлари фақатгина “депутатлик сўрови юбордим бўлди-да” қабилида эмас, балки йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларга ечим излаяпти. Тегишли ташкилотга депутатлик сўрови жўнатилгандан сўнг масала қанча вақтда ҳал бўлиши бўйича аниқ жавоб талаб қилинаяпти. Мисол учун тумандаги “Гўзал” маҳалласи сув қувурлари ўта таъмирталаблиги бўйича аҳолидан мурожаат тушган эди. Масалани ўргандим ва “Сувсоз”нинг Яшнобод туман бўлимига депутатлик сўрови юборганимдан сўнг неча кунда ҳаракат бошланишини сўрадим. Орадан 10 кун ўтгач ишга киришилди ва эски қувурлар тўла алмаштирилди. Тўғри ҳар доим ҳам иш силлиқ кечавермайди. Айрим муаммолар босқичма-босқич ҳал этилади. Ана шу жараёнда депутат одамларга буни тўғри тушунтира олиши ва саъй-ҳаракатларни қадамма-қадам етказиб туриши керак.

Ҳаёт бор экан, инсон бор экан, муаммолар ҳам бўлиши табиий. Шундай экан мурожаатлар билан ишлаш ҳеч қачон кун тартибидан тушмаслиги лозим. Албатта, ҳаммани тўла рози қилиш имконсиз. Бироқ сайловчиларимиз, бизга ҳамфикр бўлса, муаммоларга тик қараб, уларни бир четдан ҳал қилишга депутатга кўмаклашса, уни қўллаб-қувватласа, ишонинг, ҳар қандай муаммога ижобий ечим топиш мумкин.

 Шозафар ШОАҲМЕДОВ,

Халқ депутатлари Яшнобод

туман Кенгашидаги

O‘zLiDeP депутатлик

гуруҳи аъзоси

  • Кўрилди
    1661
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+