Амалий ишлар билангина ишонч қозониш мумкин

19.09.2019, 14:37

Амалий ишлар билангина ишонч қозониш мумкин

O‘zLiDeP Зарафшон шаҳар Кенгаши томонидан партиямиз нуфузи янада мустаҳкамланишига қаратилган саъй-ҳаракатлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Хусусан, яқинда партия шаҳар бўлими депутатлар билан биргаликда аҳолининг муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш мақсадида юзма-юз мулоқотлар, сайёр учрашувлар ташкил этди. Мазкур тадбирлар жараёнида талай масалалар ҳал қилинишига эришилгани эътиборга молик. Шунингдек, мулоқотлар мобайнида сафдошларимиз ташаб­буси билан муҳтож оилаларга, ногиронлар ҳамда боқувчисини йўқотган фуқароларга моддий ва маънавий ёрдам берилди, бир қанча  ишсизларнинг бандлиги таъминланди.

Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари  ва мулоқотлар, партиявий лойиҳалар ҳамда форум ва фестиваллар сиёсий куч сафининг янада кенгайишига хизмат қилмоқда. Жумладан, “Аёллар қаноти” томонидан  “Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойиҳаси доирасида шаҳардаги  ҳарбий хизматчиларнинг оилалари бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. “Фаровон оила” лойиҳаси доирасида нотинч оилалар иштирокида маданий-маърифий ҳамда спорт тадбирлари, шунингдек, “Биз O‘zLiDePни танлаймиз”, “Мен ҳам етакчи бўламан” каби лойиҳалар юқори савияда ташкил этилмоқда. “Ёш либераллар” клуби ташаббуси билан “Биз гиёҳвандликка қаршимиз” шиори остида ўтказилган семинар-тренинглар, спорт мусобақалари, бизнес-саёҳат ҳамда байрам тадбирлари қатнашчиларда илиқ таассурот қолдирди. 

Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий ҳамда тадбиркорликка оид билим ва кўникмаларини ошириш, уларга мамлакатимизда қабул қилинаётган қонунлар ҳақида маълумот бериш, депутатлар фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида ҳар жума куни “Депутат ва ёшлар” учрашуви, билимлар беллашуви, давра суҳбатлари мунтазам равишда ташкил қилинмоқда.

O‘zLiDeP Зарафшон шаҳар бўлими томонидан “Ўзбек халқига тинчлик ва омонлик керак” шиори остида ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари йил давомида ўтказилаётгани ҳам диққатга сазовор. Партия Зарафшон шаҳар Кенгаши қошидаги “Келажак депутатлари” гуруҳининг фаол аъзоларини рағбатлантириш, машҳур тарихий обидалар билан таништириш мақсадида шаҳар Кенгашидаги партиямиз депутатлик гуруҳи аъзолари ҳомийлигида Нурота туманига саёҳат уюштирилди.

O‘zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан “Ёшлар – келажак бунёдкори” мавзусида ташкил этилган форумда Зарафшон шаҳридаги тадбиркорлар, “Келажак депутатлари” гуруҳи аъзолари ҳам ташаббус ва таклифлари билан фаол қатнашганини алоҳида қайд этиш жоиз. Форум доирасида ўтказилган очиқ мулоқотда “Ёш инновациячи” кўрик-танловининг респуб­лика босқичи совриндори, “Ёш либераллар” клуби раҳбари Тўлқинжон Аҳмадов ўз лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиши учун вилоят ҳокими томонидан 10 миллион сўмлик мукофот пули билан тақдирланди ва ёш ихтирочи шаҳар ҳокими томонидан шаҳар инноватори этиб тайинланди. Шунингдек, партия Зарафшон шаҳар ташкилоти қошидаги “Келажак депутатлари” гуруҳи раҳбари Шаҳризода Райҳонованинг партиямиз сафидаги фаол ёшларни рағбатлантириш хусусидаги таклифи O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси томонидан қўллаб-қувватланганини мамнуният билан таъкидлаш лозим. “Келажак депутатлари” гуруҳининг фаол аъзолари пойтахтимизга сафар қилдилар, кўплаб муҳим партиявий тадбирларда қатнашдилар, маслакдошлари билан фикр алмашдилар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси фаолияти билан яқиндан танишиб, азим пойтахтимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўлдилар.

Партия Зарафшон шаҳар бўлими “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастурларининг ҳаётга татбиқ этилишига муайян ҳисса қўшмоқдалар. Сафдошларимиз кўмаги ва тавсияси билан ўттизга яқин ёш ўз бизнесини йўлга қўйди. Чунончи, Дилором Шабонова тикувчилик, Сундор Муҳаммадов мебель ишлаб чиқариш, Шаҳбоз Равшанов сартарошхона, Зарина Шоимова умумий овқатланиш йўналишларида муваффақиятли иш юритмоқда. Шу билан бирга, 26 нафар ёшга банклардан имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам берилди.

Депутатлар ҳамда партия фаоллари билан биргаликда “Обод маҳалла” дас­тури доирасида тарғибот тадбирлари ҳам амалга оширилди. Ана шу жараёнда фаоллар маҳаллалардаги 400 хонадон соҳиблари билан мулоқотга киришдилар, муаммоларни ўрганиб, ечимини топишга кўмаклашдилар. 

Зарафшон шаҳар Кенгаши депутатлари Маҳмуд Нормаматов, Шуҳрат Холмуродов, Неъмат Очилов  ҳомийлигида шаҳардаги уй-жойга муҳтож  бир оилага уй қуриб берилди. Уч оила яшаётган уйлар эса тўла таъмирланди. Саховатпеша халқ ноиблари кам таъминланган 6 та оила аъзоларининг никоҳ ва хатна тўйларини ўтказиб бердилар. “Шодлик” меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун катта байрамларда тўкин дастурхон ёзилмоқда. Шаҳар кутубхонасини бойитиш мақсадида ўтказилган китоб марафонида партия шаҳар бўлими ҳамда депутатлар томонидан муассаса фондига 100 та китоб  туҳфа қилинди.

O‘zLiDeP Зарафшон шаҳар Кенгаши депутатлар билан ҳамкорликда шаҳардаги таълим ва тиббиёт муассасаларида, корхона ва ташкилотларда депутатлик назоратини мунтазам равишда амалга ошириб келмоқда. Шу йилнинг ўтган даврида партия депутатлик гуруҳи томонидан давлат органлари ва мансабдор шахсларга 35 дан ортиқ депутатлик сўрови юборилган бўлиб, уларда кўтарилган масалалар ўз ечимини топган. Шунингдек, партия депутатлик гуруҳи томонидан шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича олиб борилган назорат-таҳлил фаолияти юзасидан сессияларга таклифлар, масалалар олиб чиқилди ва муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилмоқда.

O‘zLiDeP Навоий вилоят кенгаши

  • Кўрилди
    813
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+