O‘zLiDeP депутати питнаклик тадбиркорга ер олишда кўмаклашди

19.09.2019, 14:40

 O‘zLiDeP депутати питнаклик тадбиркорга ер олишда кўмаклашди

Президентимизнинг 2019 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида мазкур соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини оширишни таъминлаш, илғор халқаро тажрибалар асосида замонавий бозор механизмлари ва бошқарув усулларини жорий қилиш, шунингдек, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош ишлаб чиқаришни яратиш асосий мақсад қилиб қўйилган.

Қарорда автомобиллар эҳтиёт қисмлари ва бутловчи буюмларни ўзлаштириш даражасини ошириш ва импорт ҳажмларини пасайтириш имконини берадиган қўшимча ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, бунда айниқса маҳаллий ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилишга эътибор қаратилган.

Ҳазорасп тумани Питнак шаҳри Обод маҳалласида яшовчи Гулмира Матякубова ҳам “BAXTBEK INVEST SANOAT” масъулияти чекланган жамиятини айнан “Uz Auto motors” AJ Хоразм вилоят филиалида ишлаб чиқарилаётган “Дамас” русумли автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш мақсадида ташкил этганди. Фаолиятини 2017 йилда йўлга қўйган Гулмира дастлаб 114 кв. метр ер майдонига эга бинода икки нафар ишчи билан ўз тадбиркорлигини бошлади. Илк даврларда фақатгина уч турдаги автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарган тадбиркор 2019 йилга келиб 12 турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйган бўлса,  яна қўшимча 4 турдаги автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Аммо бинонинг торлиги, ишчилар учун зарур шарт-шароитлар яратилмаганлиги, иш ҳажмининг кўплиги, қўшимча иш ўринлари ташкил этиш лозимлиги сабабли  Гулмира Матякубова қўшимча бино қуриш учун ер майдони олишда бир қатор муаммоларга дуч келди. Бундай муаммоларга ечим топиш мақсадида у халқ депутатлари Ҳазорасп туман Кенгаши O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Гулнора Матмуратовага мурожат қилди. Партиямиз вакили тегиш­ли ташкилотларга сўров чиқаргач, муаммолар қисқа муддатда ижобий ечим топди. Бунинг натижасида тадбиркорга Питнак шаҳрининг Обод маҳалласи ҳудудидан 600 кв. метр ер майдони янги корхона биносини қуриш учун ажратиб берилди. Эндиликда қўшимча 8 та иш ўрни яратилиши билан биргаликда ишлаб чиқариш миқдори йилига 2 млрд. сўмга етади. Бу эса ўз навбатида автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада кенгайтиришга  ҳамда машина таннархининг пасайишига замин яратади.

Мардонбек АБДИРИМОВ,

O‘zLiDeP Ҳазорасп туман

Кенгаши аппарати раҳбари

  • Кўрилди
    801
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+