Ҳамма депутат шундай бўлсайди...

19.09.2019, 14:41

Ҳамма депутат шундай бўлсайди...

Мустафо Жавлиев 4-Жар сайлов округидан Халқ депутатлари Чироқчи туман кенгаши депутати этиб сайланган. У ҳар якшанбада маҳалла гузарига чиқиб, чойлашиб, дийдорлашиб турган отахонларнинг дуосини олишни канда қилмайди. Суҳбат асносида эл оқсоқоллари депутатга қишлоқ аҳолисини қийнаб келаётган муаммоларни айтиб, бартараф этишда ёрдам сўрайдилар. Ҳар йили ҳамқишлоқларининг юздан ортиқ муаммоларини ижобий ҳал этиб беради.

Депутат тез-тез Жар қишлоғини пиёда айланиб, сайловчиларнинг уйларига кириб, уларнинг ҳолидан хабар олади, турмуш тарзи, оилалар иқтисоди, бандлиги билан қизиқади, томорқадан самарали фойдаланиш ҳақида маслаҳатлар беради. Маблағи йўқ оилаларга ўз ҳисобидан уруғ ва кўчат ҳадя этади. Кундалигидаги қайдларни ўқиб, муаммоларни чуқур ўрганиб, мақбул ечимларини топиш учун мутасаддилар билан учрашади.

– Меҳнат фаолиятимни тумандаги “Ўзбекистон” хўжалигида ишчиликдан бошлаганман, – дейди Мустафо Жавлиев. – Мана шу далаларда чигит экиб,  пахта етиштирганмиз. Ғаллани ўроқ билан ўрган пайтларим ҳам бўлган. Қишлоқ хўжалик институтининг иқтисодиёт факультетини битирганимдан сўнг Йўлларни сақлаш ва таъмирлаш корхонасида ишладим. 1997 йилда “Ватан” аудиторлик фирмамни ташкил этдим. Айни пайт­да масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Xombir audit” аудиторлик ташкилоти директориман. 2018 йилда аҳоли талаб ва истакларини инобатга олиб, автомактаб очдик. Бу ерда 100 киши ҳайдовчилик сирларини ўрганмоқда. Жар қишлоғида қад ростлаган “Осиё” тўйхонамиз мана икки йилдирки, ҳамқишлоқларимизнинг яхши кунларида хизматда. Қурултой қишлоғида 5 гектар лалми майдонда бодомзор барпо этдик. Қиш­лоғимизда 6 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Жорий йилнинг ўзида 30 дан ортиқ ёш тадбиркор ўз фаолиятини йўлга қўйиб, 100 дан ортиқ йигит-қизларнинг бандлигини таъминлади. 20 дан ортиқ иссиқхонадан чиқаётган помидор, бодринг ва цитрус мевалар воҳамиз бозорларини тўкин қилмоқда.

– Қишлоғимиз аҳолиси ичимлик суви таъминоти ёмонлиги учун ташиб ичишга мажбур эди, – дейди маҳалла фахрийси Холмурод Худоёров. – Биз, кексалар депутатимиздан қишлоқда артезиан қудуғи ковлаб, ишга туширишда амалий ёрдам беришини сўрадик. У бир неча бор туман ҳокимлиги ва бошқа ташкилотларга сўровнома билан чиқиб, рухсат олишга эришди. Фирма томонидан ўндан ортиқ ҳамқишлоқларимизга 1 сотих майдонда иссиқхона қуриб берилди. Бунинг эвазига биз “Агробанк”дан 12 млн. сўм кредит олишимиз ва фирмадан қарзимизни узишимиз керак. Аммо банк бизга ҳалигача молиявий кўмак беришни ортга суриб келаяпти. Агарки, маблағни вақтида олиб, иссиқхона харажатини тўламасак, ҳовлимизда қурилган, цитрус мевалар ва помидор, бодринг экилган иссиқхонани фирма ишчилари бузиб, бошқа жойга олиб кетишлари мумкин. Тадбиркорликни давом эттиришимиз учун тезроқ иссиқхона харажатини тўлашимиз лозим.

Мустафо аканинг юзлаб шогирдлари тадбиркорлик билан шуғулланиб, туман иқтисодини юксалтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ишига муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда. Камол Норқулов устознинг кўмаги билан совун, атир совун, кир ювиш содаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Рашид Пардаев хонадонида иссиқхона ташкил этиб, гулчилик билан шуғулланмоқда. У етиштирган анвойи ва нафис гуллар нафақат вилоят, балки Тошкент, Самарқанд шаҳарларидаги бозорларда ҳам харидоргир. Бунёд Жавлиев Китоб туманидан оҳақ тош, қум ва албастер олиб келиб, лак, лак буёқ, шпатлёвка ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

– Мустафо ака ҳам устоз, ҳам қадрдон дўстимиз бўлади, – дейди тадбиркор Эсонмурод Ўсаров. – Жуда кўп мулоқотда бўлиб, янгиликларни амалиётга жорий этиш учун фикрлашамиз. Тумандаги саноат зонасидан жой олишимга яқиндан ёрдам берди. У кишининг таклифи билан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясига аъзо бўлдим. Бир куни тадбирда сомондан қоғоз олиш технологияси ҳақида янгиликлар ҳақида сўз борди. Мустафо ака менга юзланиб, шу лойиҳани сиз амалга оширасиз, мен ёрдам бераман, деди. Хуллас, технология билан яқиндан танишиб, ишни бошлаб юбордик. Анчагина мураккаб лойиҳа экан. Дастлабки маҳсулотни олишга эришдик. Ҳамкорлигимиз натижасида ўндан ортиқ лойиҳалар устида ишлаяпмиз.

Бугун қишлоқда тадбиркорлар сони кун сайин ортмоқда. Чироқчида ноёб кварц қумлари ниҳоятда бисёр. Шодиёр Валиев бу қумдан 12 турдаги плитка ва брусчаткалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Бу брусчаткалар тунлари йўл атрофларини ёритиб, автотранспорт воситаларини бехавотир ҳаракатланиши учун яқиндан ёрдам бераркан.   Алимардон Тўраев ишлаб чиқараётган пеноблокнинг мижозлари бисёр.

Мустафо Жавлиев “Қўли очиқнинг йўли очиқ” деган пурмаъно ҳикматга амал қилиб, кам таъминланган оилалар ва ногиронларга  ёрдам қўлини чўзиб келмоқда. Отабек Хўжанов кам таъминланган оила фарзанди бўлгани учун саломатлигини тиклашда жуда қийналди. Дори-дармоннинг нархи осмонга сапчиган даврда даволанишинг ўзи бўлмайди. Ноилож қолган йигит депутатдан ёрдам сўради.  Мутасаддиларга хат билан чиқилгач, у Тошкентда даволаниб, дўстлари ёнига қайтди. Зарнигор Норқулова ҳам тўшакда михланиб қолганди. Юрагини очай деса бир дардкаш топилмаслигидан хуноб бўлиб ўтирганда, депутат ундан ҳол сўраб келди. Мутасаддилар хаёлидан фаромуш бўлган қизчага депутатнинг елиб-югуриши натижасида  бир неча кундан сўнг  ногиронлик аравачаси топширилди.

– Туман Кенгашида 14 нафар депутатимиз фаолият олиб бормоқда, – дейди O‘zLiDeP Чироқчи туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Фарҳод Элмуродов. – Улар ҳар чоракда сайловчилар билан учрашиб, депутатлик фаолияти ҳақида ҳисобот берадилар. Ўтган давр мобайнида сайловчилар мурожаатлари асосида мутасаддиларга 72 та сўровнома киритилди. 8 та эшитув ташкил этилди. Халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясига 4 масала киритилди. Натижада сайловчиларни қийнаб келаётган элликдан ортиқ долзарб муаммолар ўз ечимини топди. Бугун Мустафо Жавлиев сайланган ҳудудида тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётгани рост. Қисқа фурсатда Жар қишлоғи воҳамизнинг энг обод ва фаровон гўшасига айланганлиги бунинг яққол исботидир. Байрамлар муносабати билан ҳар йили қишлоқдаги кексалар, ногиронлар ва кам таъминланган оилалар фарзандларига озиқ-овқат маҳсулотлари, ўқув қуроллари тарқатиб, элнинг дуосини олади. 

Туманимизда депутатлар ва БПТ раислари ташкилотчилигида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остидаги партиявий байрам тадбирлари юксак кўтаринкилик ва уюшқоқлик билан ўтказилди. Партиядошларимиз ташаббуси ва ҳомийлигида Кўкдала ҳудудидаги қишлоқларда яшаётган 53 нафар чин етим болаларга бошдан оёқ сарпо ва мактаб ўқув қуроллари совға қилинди. Болалар кўзидаги қувончни кўриб, саховат дунёдаги энг эзгу фазилат эканлигига имон келтирасан киши.

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири

  • Кўрилди
    143
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+