Томорқа – бебаҳо хазина

19.09.2019, 14:42

Томорқа – бебаҳо хазина

O‘zLiDeP Cирдарё вилоят Кенгаши ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши ҳамкорлигида Сардоба туманидаги “Фарғона” ва “Соҳибкор” фермер хўжаликларида “Тўқсонбости экинлар экиш, томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш” мавзусига бағишланган кўргазмали семинар ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари республика, вилоят, туман кенгашлари мутахассислари, 2-сектор раҳбарлари, 70 дан зиёд фермер хўжаликлари бошлиқлари, элликка яқин корхона ва ташкилот вакиллари иштирок этди.

Экин майдонларидан самарали ва унумли фойдаланиш бир майдондан йил давомида бир неча маротаба ҳосил олиш имконини беради. Бунинг учун, аввало, ҳар бир экиннинг хусусиятларини билиш, экиш муддатларини аниқлаш, агротехник тадбирларни вақтида ўтказишни таъминлаш ниҳоятда зарур. Хусусан, бошоқли дон экинларини экиш муддатларини тўғри белгилаш келгуси йил ҳосили тақдирини ҳал қилади. Кузги буғдой уруғи ҳар бир минтақада тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиқиб, мақбул муддатларда сочилади. Уруғни бир текис ундириб олиш майсаларнинг меъёрида қишлаши ва юқори ҳосил беришига замин тайёрлайди. Бугун қишлоқ хўжалиги экинларини ўз вақтида ва сифатли экиш фермерларнинг олдида турган муҳим вазифалардан саналади.

Тадбирда таъкидланганидек, Сардоба туманида деҳқон хўжалик­лари ва томорқа ер эгалари кенгаши тасарруфида 1 274 гектар ер мавжуд. Деҳқон хўжаликлари ва томорқачилар томонидан куз фаслида тўқсонбости экинлар сифатида пиёз, саримсоқпиёз каби турли хил экинлар ҳамда кўкатлар экилиши режалаштирилган.

Иштирокчиларга “Фарғона” фермер хўжалиги даласида ерни ғаллага тайёрлаш, уруғни ерга сифатли қадаш ва ундириб олишгача бўлган жараёнлар хусусида мутахассислар томонидан тўлиқ маълумотлар берилди. Қатнашчилар ерни тозалаш, ҳайдаш, экинни сифатли, бир текис ундириб олиш, парваришлаш ва мўл ҳосил етиштиришгача бўлган мавсум оралиғидаги ишларни ўз вақтида унумли ва сифатли адо этиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар олдилар.

Кўргазмали семинар туманнинг “Соҳибкор” фермер хўжалиги даласида давом этди. Иштирокчилар боғ қатор ораларига ўртаки экин экишнинг афзалликларига бағишланган амалий машғулотларда қатнашишди. Уларга янги экилган боғ қатор ораларига ўртаки экинлар (масалан, булғор қалампири) экиш ва бу ҳосил йиғиштириб олингандан сўнг тўқсонбости экинлари – пиёз, саримсоқпиёз ва бошқа экинлар экишнинг фойдаси, ундан олинадиган даромад хусусида мутахассислар томонидан атрофлича маълумот берилди.

Халқимизнинг тоза ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаби тобора ортиб бормоқда. Янги ташкил этилган боғ ва токзорлар орасида уч-беш йилгача оралиқ экинлар ва тўқсонбости экинлари экиш ердан янада самарали фойдаланиш имконини яратади. Халқимиз дастурхонининг тўкин бўлишига, уларни сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади.

Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими Абдуазим Хидиров, туман прокурори Азиз Уралов, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари республика кенгаши бош мутахассиси Умрзоқ Раҳматов ва бошқалар мавзу юзасидан фикр- мулоҳазаларини билдиришди.

Дилором ЭСОНОВА,

 O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Теглар
Томорқа
  • Кўрилди
    122
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+