«Ёнимиздаги қувурдан газ ўтса-ю биз тезакда ўтирсак?!» O‘zLiDeP вакиллари шофирконлик фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларга ечим излади

20.09.2019, 10:19

«Ёнимиздаги қувурдан газ ўтса-ю биз тезакда ўтирсак?!» O‘zLiDeP вакиллари шофирконлик фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларга ечим излади

Саврак қишлоғи Шофиркон тумани марказидан 1,5 км узоқликда жойлашган. 2016 йилнинг май ойида қувурлар таъмирланиши важи билан қишлоқдаги 958 та хонадон табиий газ тармоғидан узиб қўйилди. Мана, орадан уч йил ўтди, бироқ ҳамон қувурлар тармоққа уланганича йўқ. Бу орада қишлоқдаги 810 хонадон ҳашар йўли билан алоҳида, янги тармоқ ётқизиб, табиий газ хизматидан фойдаланиш имкониятини қилди. Айни вақтда эса 187 хонадон (қишлоқ аҳолисининг 4/1 қисми), шунингдек, 180 ўринли «Тинчлик» мактабгача таълим муассасаси ҳамда 640 ўринли 12-умумий ўрта таълим мактаби тармоқдан узилганича қолмоқда.

«Пул  ҳавога учадими?..»

Мутасаддилар ваъдадан нарига ўтавермагач,  қишлоқнинг қолган аҳолиси ўзлари ҳаракатга тушди. Аввалига қишлоқнинг газсиз қолган қисмига ҳашар йўли билан (2,4 км масофага!) табиий газ қувури тармоғи ётқизиш учун «Тинчлик» МФЙда йиғилиш ўтказилди. Унда қувурларини алмаштириш, керакли жиҳозларни сотиб олиш, пайвандчиларнинг хизмат ҳақи ва ҳоказо чиқимларни қоплаш мақсадида ҳомийлар топиш, етмаганига аҳолидан ихтиёрий пул йиғиш муҳокама этилди. Шу тариқа иш бошланди. Барча сарф-харажатлар ҳисобга олинган ҳолда ҳар бир хонадондан ихтиёрий равишда 700 000 (етти юз минг) сўмдан пул йиғилди. Бухоро вилоят ҳудудий газ таъминоти бўлимининг 2018 йилдаги 207-сонли хатига кўра, аҳоли томонидан лойиҳа асосида газ қувурлари тортилган. Табиий газга уланишга  ўн кунлар қолганда туманлараро 6-сонли газ участка бошлиғи Ҳамза Муқимов  МИБга бориб, олдинги қарздорликларни тўлаш лозимлиги ҳақида хабар келтиради. Бу масала ҳам аҳоли томонидан икки кунда ҳал этилади. Бироқ...

«Қувурдан газ ўтса-ю  биз тезакда ўтирсак...»

Қишлоқнинг тармоқдан узилиши ва қайта уланишларга тўсиқ бўлаётган ҳолатларга ойдинлик киритиш мақсадида халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари ҳамда партия туман Кенгаши вакиллари билан биргаликда ҳудудга бориб, маҳаллий фуқаро билан суҳбатлашдик.

«Барча ишлар амалга оширилгач, қишлоқнинг қолган 4/1 қисмини табиий газга улашга икки кун қолганда ҳаммаси бекор қилинди. Сабабини сўраганимизда, биз хабардор бўлмаганмиз, ўзбошимчалик билан қилинган, деган важларни кўрсата бошлашди. Ишни бошлашимиздан олдин  «Бухорогаз» ҲГТ филиали раҳбари Ўктам Абдиев шахсан хонадонимизга бир неча бор келди, аҳоли билан учрашди. Халқнинг олдида эски ва носоз қувурларни ҳашар йўли билан таъмирлаш ва созлаш, шунингдек, ҳисоблагичларни ҳам янги, тежамкорига алмаштириш лозимлигини ҳам айтди. Бундан ташқари, Шофиркон-Вобкент 6-сонли газ таъминлаш участкаси раҳбари Ҳамза Муқимов ҳам «рухсат олдим, фақат энди газ линияси проектларини мутахассислар билан биргаликда тайёрлаш керак. Шунга озгина вақт кетади, кутиб туринглар» деди. Бунга ҳам кўндик. Орадан олти ой  ўтди. Аммо натижа бўлмади. Шундоқ ёнгинамиздаги трубадан табиий газ ўтса-ю биз ўтин ва тезакда ўтирсак?!» — дейди савраклик Юнус Шукуров. 

Эътибор беринг: табиий газга қайта уланиш учун аҳоли ҳашар йўли билан 130 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфлаган. Шунча пул, шунча меҳнатга қарамай хонадонлар тармоққа улангани йўқ. Бир неча нафар қишлоқ аҳолиси шу йил вилоят ҳокими томонидан  ўтказилган сайёр қабулларга шикоят билан боришган. Ўктам Абдиев эса ҳар икки ҳолатда ҳам аҳоли вакиллари олдида ўзи чиқиб, уларни тинчлантириш мақсадида «тез орада муаммолари ҳал этилиши» ваъдасини берган. Аммо...

«...Аммо қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб қайтарди. Қабулига борганимизда эса «Ишдан кетсам кетаману, лекин сенларга газ бермайман, қаерга мурожаат қилсанг қилаверларинг...» дея пўписа қилди. Саволларимизга «ишлар сметасиз қилинган», деган жавоб билан кифояланмоқда. Аҳолидан ҳашар орқали пул йиғилганидан ҳамма хабардор, металл трубалар ўлчами, уларнинг ётқизилиши, қандай тартибда ўрнатилишига йўл-йўриқ беришди, энди ҳужжатлаштиришга келганда, ҳеч ким кўмаклашмаяпти. Оғзаки рухсат ва йўл-йўриқ кўрсатилган, фақат улаш жойи қолганда, биз хабар топдик, деган иддаодан нарига ўтишмаяпти, — дея қўшимча қилди Ю.Шукуров. — Қувурлар уланиши чоғида лойиҳалаш институтидан вакил келиб, проект ҳам чизилди.  Тўғри, пул йиғилишида маҳалла ишига аралашилмаган, аммо ҳолатдан хабардор ва ўзлари маслаҳат бериб туришганди».

«Мутасаддилар хабардор. Ҳужжатлар тайёр эмас...»

«Ўзтрансгаз» АЖ «Бухорогаз» ҲГТ филиали, Шофиркон-Вобкент 6-сон участка бошлиғи Ҳамза Муқимов икки ойча илгари техник шартнома ва проектни лойиҳалаш институтига топширганини, лекин негадир, оқсаётганини билдирди: «Мен бу ерга раҳбар бўлиб келганимда 2 километру 400 метр газ трубалари ётқизилган эди. Пул йиғилгани ва ишлар бажарилаётгани ҳақида раҳбариятни ўз вақтида хабардор қилган эдим. Биз топшириқ бажарадиган ташкилот бўлсак. Ҳали қоғоз-қаламлар тайёр эмас. Бундан ташқари, техник шартнома ҳам, лойиҳа ҳам йўқ. Аслида, мен аҳоли номидан вакиллар боришганда, улардан ўшанда пул йиғмасликни ва газ трубаларини тортмасликни сўраганман. Тўғриси, шу масалада ўзим ҳам қийналдим».

«Бухорогазтаъминот» филиали  бошлиғи Сирожиддин Авезов эса аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан газқувурлари ўтказилгач, уланиш масаласи муаммога айланганини билдирди: «Қишнинг совуқ кунлари келиши билан хонадонларда табиий газга бўлган талабнинг ошиши натижасида, унинг таъминоти билан боғлиқ муаммолар юзага чиқа бошлайди. Қуйи Савракда эса газ қувури ўтказиш бўйича ҳеч қандай ҳужжатлар тайёрланмаган. Техник шартнома берилмаган. Куз-қиш мавсумида эса аҳолини кафолатланган ёқилғи, яъни суюлтирилган газ билан таъминлаш белгиланган. Вилоятнинг 50 фоизи аҳолиси табиий газдан фойдаланаётган бўлса, 50 фоизи суюлтирилган газ билан таъминланган. Ҳудудий газ идоралари ўз ихтиёри билан бирорта ҳудудни табиий газга улаб ҳам беролмайди, узиб ҳам қўя олмайди. Хўш, биз қайси ҳужжат билан бу ҳудудни табиий газга улаб беришимиз мумкин. Агар ушбу ҳудудни улаб берсак, ўз-ўзидан бошқа ҳудудлар ҳам табиий газ тармоғига улаб бериш талаби билан чиқа бошлашади. Ҳақиқий босим ва таъминлаш имконияти, соатлик сарфи ҳисобланган ҳолда имконияти бўлса рухсат беради, йўқса, рухсат берилмайди!»

Моли борлар тезак ёқади, қолганлар-чи?!

Аҳоли билан суҳбатлашар эканмиз, улар қишни резина калиш, турли чиқиндилар ва тезак ёқиб ўтказишларини айтишди. Билдирилишича, қишлоқда одамлар томорқаларида мевали-мевасиз дарахтлар тугаб бормоқда. Ҳатто, иложсизликдан ҳудуд яқинидаги «Гаворапўшон» қабристони атрофидаги дарахтларни ҳам кесиб, ўғирлаб кетишган.

“Ўтган йил қишда ўтинимиз тугаб қолди. Мол-ҳоли борлар тезак  ёқишади. Эрим вафот этган. Мен икки боламни отасиз ўстиряпман. Рўзғорни зўрға тортаман. Молим йўқ. Хўш, мен нима қилай? Ўтган йил қишда қўшниларнинг иккита гужум дарахтини аёл бошим билан кесиб, уйимни иситишга мажбур бўлдим. Болаларимиз кўрпага ўралиб олиб, дарс қилишади. Ногирон ва кексалар сандалда ўтиришади. Ҳоким ҳам, муовинлар ҳам билади буни, кўриб туришибди, лекин эътибор ҳам, кўмак ҳам йўқ. Тасаввур қилинг, биттагина ариқдан ҳатлаб ўтгудек томонда яшаётган аҳоли газдан бемалол фойдаланиб, иссиқ уйда истиқомат қилишмоқда. Бу томондаги хонадондаги аҳвол эса ачинарли даражада”, – дейди Меҳринисо Болтаева. 

Мактабга ўқувчилар ўтин билан келади. Боғчада ўчоқда овқат пишади

Ҳудуддаги 12-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари қиш-қировли кунларда дарсларга ўтин, тараша  кўтариб келар экан. Етказилаётган кўмирлар сифатсиз... Ўқувчилар дарсларни қалин кийимларда, совқотиб ўтказишади.

Ҳудуддаги 7-сонли мактабгача таълим муассасаси ҳамшираси Феруза Кенжаева ҳам ачинарли аҳволдан сўзлади: «...Жорий йилда ҳомийлар томонидан мактабгача таълим муассасамиз имкониятлари яхшиланди. Ҳашар йўли кўмаги билан табиий газ трубалари ўрнатилди. Аммо натижа йўқ. Муассаса 8 та гуруҳдан иборат. Қишда хоналарни иситиш учун карнайли печлардан фойдаланамиз. Барибир, фойдасиз, хоналар исимайди. Техник қоидаларга қанчалик риоя қилсак-да, карнай уланиш жойларидан тутун чиқиб, болалар кўзини ачиштириб ташлайди. Ёзда ўчоқда овқат пиширамизга  тўғри келади».

Энг қизиғи, қишлоқнинг бир нечта хонадонлари ҳалигача суюлтирилган газ билан таъминланмагани ва улар ушбу масалада ҳам сарсон бўлишаётир.  Аҳоли қиш-қировли кунларда «буржуйка» печкаларидан фойдаланилади. Қишлоқ болалари шамоллаб қолаяпти, уйлар  ўтин ва тезакда иситилиб, ўтинда овқат пиширилаяпти. Ўтин ва тезак ёнаётган печкалар ёнида қишда исиниб ўтирган қуйи савракликлар «Ёшларимиз Россияда, пул ишлагани кетишган. Кўринишидан, энди қишлоқда эркак зоти қолмайдиганга ўхшайди, ҳамма тирикчилик деб кетади, бошқа йўли йўқ», — дейишди.

Шофиркон туман ҳокими ўринбосари Ф.Мирзаев табиий газга уланиш ортида халқни ташвишлантираётган катта муаммо ётганини, тез орада унинг ижобий ечими бўйича чора белгиланишини маълум қилди.

Кўрамиз. Ва мавзуга қайтамиз.

 Лайло Ҳайитова

  • Кўрилди
    534
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+