Косонсойдаги 22-сонли мактабда спорт зали йўқ. Мутасаддилар бундан бехабарми?

21.09.2019, 12:06

Косонсойдаги 22-сонли мактабда спорт зали йўқ. Мутасаддилар бундан бехабарми?

Косонсой тумани “Ровот” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 22-сонли умумий ўрта таълим мактабида 639 нафар ўқувчи таълим олади. Аммо муассасада ёшларни спорт билан шуғулланишлари учун етарли шароит йўқ. Аниқроқ айтганда, мактабда спорт зали мавжуд эмас.

O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши томонидан “Ровот” МФЙда ўтказилган сайёр қабулда айни шу масала ўртага ташланди.  

Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, мактабда нафақат жисмоний тарбия фани машғулотлари ўтказиш, балки мини-футбол, баскетбол, волейбол, қўл тўпи, енгил атлетика тўгаракларига жалб қилиш учун ҳам имконият йўқ. Шу боис мактабга спорт зали, ҳудудга спорт комплекси қуриш  керак.

“Биз ҳам иссиқ ва ёпиқ спорт залида жисмоний тарбия билан шуғулланишни хоҳлаймиз. Аммо бунга шароит йўқ. Бугун бир мен эмас, балки барча ўқувчиларимиз мактабда замонавий спорт зали эртароқ қурилишини сабрсизлик билан кутяпти”, – дейди мазкур мактаб ўқувчиларидан бири.

Шу маҳаллада яшовчи Т.Хусанов ҳудудда кичик ишлаб чиқариш цехи ташкил этиб, ишсиз ёшларни бандлигини таъминламоқчи. Лекин фаолиятини бошлаши зарур билим ва кўникмага эга эмас. Бу масалада партия вакиллари унга тадбиркорлик фаолиятини бошлашига  кўмаклашадиган бўлишди.

“Ровот” МФЙ раиси Д.Пирматов эса маҳалланинг “Мустақиллик” кўчасига атига 6 та электр столбалар ўрнатилгани, электр симлари тартибсиз ҳолатда ўтказилганидан шикоят қилди. Шу билан бирга маҳалланинг асосий ва ички йўллари таъмирталаб аҳволда эканлигини билдирди.

“Жийда” кўчасида яшовчи А.Юсуфжонов аҳолини суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланиш ҳолати яхши эмаслигини куюниб гапирди. Юзма-юз мулоқотдан сўнг фуқароларни газ баллон билан таъминлаш чоралари кўрилди.

Хуллас, қабулда шу каби кўплаб мурожаатлар кўриб чиқилиб, аксарияти жойида ҳал қилинди. Ечими маълум вақт талаб этиладиган мурожаатлар ижроси назоратга олинди.

Юлдуз ЮЛДАШЕВА,

O‘zLiDeP Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    287
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+