Жомбойлик фермер 3 гектар ерда 60 тонна узум етиштирди

21.09.2019, 12:07

Жомбойлик  фермер 3 гектар ерда 60 тонна узум етиштирди

Жомбойлик  фермер Олимжон Маматқулов 2012 йилдан буён “Ҳусайни”, “Ризамат ота”, “Мерседес”, “Кишмиш” каби узумларнинг харидоргир навларини етиштиради. Дастлаб 3 гектар майдонда бунёд этилган узум боғлари майдони бугунги кунда10 гектарни ташкил этади.

  “Узум жаннат меваси, – дейди фермер. – 2011 йилда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманига борганимда, узумзорларга ҳавас қилиб, ток кўчатларидан олиб келгандим. Айни пайтда дастлаб эккан 3 гектар майдон ҳосилга кирган. Жорий йилда 3 гектарда 60 тонна узум етиштирдик, уларнинг 20 тоннасини маҳаллий экспортчилар кўмагида Россияга экспорт қилдик”.

O‘zLiDeP Жомбой туман Кенгаши томонидан “Гулнигор нурли даласи” фермер хўжалигида ташкил этилган амалий мулоқотда Президентимизнинг жорий йил 14 августдаги “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти тадбиркор ва фермерларга тушунтирилди.

Партия фаолларининг айтишича, мазкур фармон билан тадбиркорлик субъектларини ўзларининг асосий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан, ҳомийлик ва хайрия ёрдами кўрсатиш ишларига, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш тадбирларига ҳамда бошқа ишларга мажбурий жалб қилиш қатъиян тақиқланган. Зеро, ўтган йиллар мобайнида бу каби амалиёт кўплаб кичик бизнес эгаларининг жонига теккан.

Тадбирда шунингдек, фармон орқали тадбиркорлик фаолиятида янада қулайликлар яратувчи, тадбиркорларга эркинлик ва янги имкониятлар берувчи қатор имтиёзлар жорий этилаётгани таъкидланди.

Бахтигул ҚАРШИЕВА,

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    266
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+