Аёлга эри ёки бошқа яқинлари томонидан тазйиқ ўтказилса, унга ҳимоя ордери очилади

24.09.2019, 19:25

Аёлга эри ёки бошқа яқинлари томонидан тазйиқ ўтказилса, унга ҳимоя ордери очилади

Ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, асосий қаҳрамонлари аёллар,  қизлар бўлган шов-шувли, ачинарли, ғаройиб воқеаларга гувоҳ бўласиз.

Мисол учун, вилоятимизнинг Каттақўрғон туманида ички ишлар ходими томонидан хўрланган аёл, гиёҳванд эри томонидан қаттиқ калтакланган  булунғурлик 10 кунлик келинчак, ёши бир жойга етиб, қуда андали, набирали бўлганида эрининг қўлида ваҳшийларча ўлдирилган ургутлик аёл нозик жинс  вакилалари эди.

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни кенг жамоатчилик, юртимизда истиқомат қилаётган барча фуқаролар учун илиқ кутиб олинди ва барча жойларда қизғин муҳокама этилмоқда.

Самарқанд ветеринария медицинаси институтида O`zLiDeP Самарқанд   вилоят кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан ташкил этилган амалий семинарда бу қонун хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Вилоят ва шаҳар хотин қизлар қўмиталари раислари, ички ишлар, адлия бошқармаларининг масъул ходимлари, Репродуктив саломатлик маркази  мутахассислари иштирок этган семинарда маърузачилар томонидан мазкур қонуннинг бугунги вазият тақозоси эканлигига мисоллар келтирилди.

Аёлни кимдан, нима учун ва қандай йўл билан ҳимоя қилиш керак? Қонунда келтирилганидек, эндиликда оилада аёлга эри томониданми ёки бошқа яқинлари томонидан тазйиқ ўтказилса, унинг мурожаатидан сўнг  унга ҳимоя ордери очилади. Бу ордер аёлга ички ишлар идораси томонидан берилади. Ёки бу масалада аёл судга мурожаат этганда, ундан давлат божи ундирилмайди ва ҳоказо...

Тадбирда хотин-қизлар ўртасидаги тартиббузарликлар,  жиноятчилик, гиёҳвандлик ва суицидларнинг олдини олиш, уларни ўйлантираётган ва оқибатда йўлдан чиқараётган муаммолар мониторингини ўтказиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёлларга тиббий-ижтимоий, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш масалаларига ҳам аҳамият берилди.

Семинарда вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова иштирок этди.

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА

  • Кўрилди
    1399
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+