O‘zLiDeP вакили Нуриддин Муродов: Одил судлов қачон таъминланади?

26.09.2019, 10:03

O‘zLiDeP вакили Нуриддин Муродов: Одил судлов қачон таъминланади?

Барчамиз яхши билган ва минг йил илгари битилган «Авесто»да барча салбий иллатларга қарши кураш жамиятда адолатни қарор топишига қаратилган эзгу амаллар қанчалик муҳимлиги қайд этилади. Хусусан, “Ҳақ сўздан ўзга ҳеч нарса тўғрисида ўйлама, ҳақ сўздан ўзга ҳеч нарса тўғрисида суҳбатлашма, ҳаққоний амалдан ўзга ҳеч нарса билан шуғулланма”, – деб қайд этилган.

Инсоният яралгандан бери ҳар қайси макон ва замонда адолатга қараб интилган, унга суянган ҳамда адолат таъминланадиган жойларга талпинган. Зеро, адолат ҳам маънавий, ҳам ижтимоий ва албатта энг аввало табиий эҳтиёждир. Дастлаб жамиятда урф бўлган анъана ва одоб-ахлоқ қоидалари асосида мезонланадиган адолат ҳар қачон ҳам жамият аъзоларини ўз ортидан эргаштирган. Бугун эса, унчалик ҳам идеал таъриф эмасдир-ку балки, аммо қонунлар ва уларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш жараёнига биз адолат, деб қарамоқдамиз. Бизнингча, адолатни таъминловчи олий маскан эса суд ва у амалга оширадиган одил судловдир.

Давлатимиз раҳбари томонидан “Асосий мақсадимиз, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришдан иборатдир. Адолат ва маънавият – ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалар экани, маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмаслиги, айнан маънавий фазилатларнинг етишмаслиги туфайли айрим судьялар ўртасида қонунга зид ҳаракатлар содир этиш, нопоклик, таъмагирлик, одамларнинг дарду ташвишларига лоқайд қараш, адолат мезонларига хилоф равишда қарорлар қабул қилиш ҳолатлари учраб келаётгани” таъкидланган эди.

Демакки, аввало суд тизими олдида турган дастлабки масала тизимга маънавиятни фаол сингдириш, Судьялар олий мактабида судьялик лавозимларига номзодларни бир йиллик магистратура таълим дастури бўйича тайёрлашда маънавият фанини алоҳида дарс сифатида киритиш, адолат ва маънавиятни дастуриламал қилиб олиш долзарб вазифадир.

Кейинги асосий вазифалардан бирини қайд этишдан аввал бир мисолни келтирсак. “Протагор шогирди Эватл билан шартнома тузади. Бу шартномага мувофиқ Эватл ўзи олиб борган суд жараёнида ғолиб чиқса, Протагорга пул бериши лозим эди. Лекин шогирд бирор суд жараёнини бошлашга шошилмайди. Тоқати тоқ бўлган устоз шогирдига: «Сени судга бераман», — деб пўписа қилади. Эватл эса ҳали битта ҳам суд жараёнида ғолиб чиқмаганини рўкач қилиб, пул беришдан бош тортади. Шунда Протагор: У ҳолда судга мурожаат қиламиз. Агар ажрим менинг фойдамга ҳал бўлса, сен менга пул берасан. Борди-ю, сен ғолиб чиққан тақдирингда ҳам мендан қарздор бўлиб қоласан. Чунки аввал шундай шартлашганмиз, — дейди. Ўз устозига муносиб шогирд бўлган Эватл Протагорни мана бу жавоб билан лол қолдиради: Агар судда мен мағлуб бўлсам, сизга пул бермаслигим аниқ. Чунки келишувимизга мувофиқ мен ғолиб бўлсамгина тўлов тўлашим лозим. Суд жараёнида ғолиб чиқсам ҳам пул бермайман. Чунки мен ғалаба қозонган бўламан”.

Ушбу мисолни келтирилишидан муддао шуки, мисолда қайд қилинганидек, келишув, яъни шартнома (шундай шартнома тузишга йўл қўювчи қонунчилик) судда адолатни таъминлаш жараёнига ўз таъсирини ўтказмай қўймайди. Демоқчимизки, одил судловни таъминлаш учун аввало норма ижодкорлиги, ҳуқуқ – қонун ҳужжатларининг мукаммалиги асосий омиллардан биридир. Чунки, суд қабул қилаётган ҳужжатлар у ёки бу қонунларга асосланади. Жиноят ишлари бўйича суд ҳужжатлари жиноят ҳуқуқига оид қонунчилик, Фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича судларда эса шу соҳа асосий қонунлари билан бир қаторда, ижро ҳокимиятининг ҳужжатлари ҳам кенг қўлланади.

Агар таҳлилларга эътибор қилсак, амалдаги қонун ҳужжатларида нормалар тарқоқлиги ва бир-бирини инкор этувчи хусусиятлар ҳамда алоҳида соҳаларни тартибга солувчи яхлит, тизимли, бир йўла, тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳуқуқий асоси ҳар доим ҳам таъминланмаётгани, ҳавола ва қолип нормаларнинг салмоғи анча юқорилигини кўрсатади. Яна бир муҳим жиҳат — норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий юки, яъни юридик кучи белгилаб қўйилган бўлса-да, яхлит қонунларнинг ўрни бошқа қонун ҳужжатлари билан таққослаганда, ҳар қачон ҳам устун мавқе касб этмайди. Мавжуд қонунлардаги нормаларнинг мақсад қилинганидек тўғридан-тўғри амалга кира олмаётганидан ҳамда судлар томонидан етарлича қўлланмаётганидан далолатдир. Бир сўз билан айтганда, одил судловни таъминлаш учун аввало, мавжуд ҳуқуқий асосларни тизимлаштириш, ҳуқуқий жиҳатдан ечимини кутаётган қонунлар нормаларидаги ҳамда қонун ҳужжатларидаги ўзаро зиддиятларни жиддий қайта кўриб чиқиб, энг қисқа муддатларда бартараф этиш зарур.

Зеро, қонунларнинг суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига таъсирини кучайтиришга йўналтирилган қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш, белгиланган кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши маълум даражада ўтган йилларда шаклланган қонунчилик базасига, шунингдек, норма ижодкорлиги жараёни сифатига боғлиқ. Ушбу вазифа ҳуқуқий тартибга солишнинг салбий амалиёти давом этишига олиб келмоқда, бу эса ҳуқуқий коллизиялар, ҳуқуқни қўллашда турлича талқин қилиш ва мураккабликлар юзага келишига сабаб бўлмоқда. Албатта, бу ҳолат судлар фаолиятига ижобий таъсир этмайди. Натижада аҳолининг судлар фаолиятига ишончи ортмайди.

Шу учун ҳам мукаммал қонунлар одил судловнинг асосини ташкил этади. Судлар процессуал қонунчилигида, масалан:

Жиноят процессуал кодексининг 11-моддасида судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи, ҳимоячи, шунингдек жиноят ишини юритишда иштирок этувчи барча шахслар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ушбу Кодекс ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига аниқ риоя этишлари ва уларнинг талабларини бажаришлари шарт;

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 15-моддасида суд маъмурий ишларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал қилади;

Фуқаролик процессуал кодексининг 14-моддасида суд ишларни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари асосида ҳал қилиши шарт. Суд, агар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига зид бўлмаса, бошқа қонун ҳужжатларини ҳам қўллайди;

Иқтисодий процессуал кодекснинг 13-моддасида суд ишларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал қилади, деб белгиланган.

Шунингдек, ушбу кодексларда низоли муносабатни тартибга солувчи ҳуқуқ нормалари мавжуд бўлмаган тақдирда, суд шунга ўхшаш муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқ нормаларини қўллайди, бундай нормалар ҳам мавжуд бўлмаганда эса низони қонунларнинг умумий асослари ва мазмунидан келиб чиқиб ҳал қилади, деган ҳавола норманинг мавжудлигиёқ судларда одил судловни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашда ҳали ечимини кутаётган қатор масалалар борлигини англатади.

Яна бир муҳим масала судьялик лавозими захирасини шакллантиришда ҳали ҳамон ҳуқуқни муҳофазаа қилиш органлари ходимларига кўпроқ урғу берилаётганидир. Ваҳоланки, энг илғор давлатлар тажрибаси бу борада адвокатура ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи бошқа институт вакиллари орасидан шакллантирилган судьялик корпуси энг аввало инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда унинг манфаатларига таянган одил судловни таъминлашда ўзини оқлаётганини кўрсатмоқда.

Адолат тамойили ва одил судловни таъминлашдаги яна бир муҳим жиҳат, яъни прокуратура тизимининг суд ҳужжатларига, хусусан, фуқаролик ва иқтисодий судлар ҳужжатларига нисбатан протест институтининг кенг қўлланилаётганидадир. Бу ҳолат эса айнан ушбу судлар кўрилаётган аксарият низолар учун белгилаб қўйилган “суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилади. Ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган далилларни ишда иштирок этувчи бошқа шахслар олдида, суд мажлиси бошлангунига қадар ёки суд белгилаган муддат доирасида очиб бериши лозим”лиги ҳақидаги нормаларга ҳам мутаносиб эмас. Шу боисдан ҳам фуқаролик ва иқтисодий ҳуқуқ соҳалари ривожланган тараққий этган давлатларда суд процессларида прокуратура органлари (прокурорлар) ҳам процессларнинг тенг ҳуқуқли аъзолари ҳисобланади. Яъни протест бермайди балки, шикоят ва эътироз ҳуқуқидан кенг фойдаланади. Албатта, тажрибада исботланган ушбу амалиётнинг юртимиз суд-процессуал қонунчилигига киритилиши, босқичма-босқич прокурор протести институтининг фуқаролик ва иқтисодий низолардан олиб ташланиши судларнинг мустақиллигини янада оширишга, суд процессларида тортишув ва тенг ҳуқуқлилик принципларини, алал оқибат одил судловни таъминлашга хизмат қилади.

Яна бир кун долзарб масала – ҳали ҳамон судьяларни одил судловга таъсир ўтказадиган омиллардан тўла ҳимояланмаганлиги, тергов ва суд ишига аралашиш, “Хабеас корпус” институтини амалда кенг жорий этиш ва дастлабки терговни эмас, балки тергов олиб боришда суд назоратини лозим даражада кучайтириш борасидаги ишлар тизимли ташкил этилмаганида яққол намоён бўлади. Агар халқаро ҳуқуқ, бу борадаги илғор тажриба нуқтаи назаридан таҳлил этсак, биз ҳозирги кунда жиноят деб талқин этаётган қатор қилмишларни аллақачон жиноятлар тоифасидан чиқариш ва либераллаштириш, жиноий жазоларни инсонпарварлик нуқтаи назаридан ўзгартириш, ҳибсда сақлаш чораси ўрнига гаров институтини қўллашга алоҳида эътибор қаратиш муҳим.

Хулоса қилиш мумкинки, одил судловни таъминлаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган қатор ишлар, энг аввало судья кадрларни танлашнинг энг муносиб тизими ва услубларини жорий этиш, ўқитиш, уқтириш борасидаги малакали мутахассислар корпусини шакллантириш билан бирга, судьялар захирасини шакллантиришда ҳуқуқий ҳимоя институтлари вакилларига асосий эътибор қаратиш, захирадаги номзодларга маънавиятни алоҳида талаб сифатида киритиш, бугунги кун талабига жавоб бермайдиган норма ижодкорлигини яъни, одил судлов фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан узлуксиз ва тизимли таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасида норма ижодкорлиги самарасини жиддий ошириш мақсадга мувофиқ. Суд амалиёти умумлашмаларидан кенг фойдаланиш, қонун ости ҳужжатларининг судлар фаолиятига таъсиридан босқичма-босқич воз кечиш, ижро ва бошқа ҳокимият органларининг судларга ҳар қандай таъсирига йўл қўймаслик каби вазифаларни амалга ошириш даркор. Зеро, ҳар қандай ислоҳотга ишонч, уни амалга ошириш самарадорлиги, аввало, аҳолининг судларга, одил судловга ишончининг ортиб бориши билан чамбарчас боғлиқдир.

Нуриддин МУРОДОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси

котибият мудири, ҳуқуқшунос

  • Кўрилди
    2012
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Абдулазиз2019-09-26 10:39:54

Албатта 100% кушилман. Содда килиб айтганда Хар вактда узини Козиси яьни хак бн нохакни ажративчиси булгар, бунда хох у гадо, хох бой, хох мансабдор хох оддий дехкон, хох у ваколатли хох оддий булсин, конунда курсатилган ва хакикий далиллар асосида одил хукм килувчи булиши шарт. Негакий агар ундай булмаса халкни ишончи, борар жойи йук. Суд алохида мустаккил хукм чиказувчи булиши кк эмас шарт, буни конун талаб килади.


Samidillo2019-09-26 10:27:33

"“Ҳақ сўздан ўзга ҳеч нарса тўғрисида ўйлама, ҳақ сўздан ўзга ҳеч нарса тўғрисида суҳбатлашма, ҳаққоний амалдан ўзга ҳеч нарса билан шуғулланма”" Айни пайтда, Бош Қомусимизда келтирилган "Суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир." нормаси ижросида мамлакат тақдири ётибди, деб айтсак муболаға қилмаган бўлар эдик...


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+