O‘zLiDeP аралашгач когонлик тадбиркорнинг муаммоси ҳал бўлди

28.09.2019, 16:10

O‘zLiDeP аралашгач когонлик тадбиркорнинг муаммоси ҳал бўлди

Қачон одамнинг қўли ишга бормайди? Пешона тери билан рўзғорига 4-5 сўм фойда келтиришга ҳам истак-хоҳиши бўлмайди? Кимдир уни алдаса. Масалан, буюртмачи ташкилот вакили қоғозда мўмайгина даромад ваъда қилса-ю амалда...

Когон шаҳрида яшовчи тадбиркор Асалхон Мамаюсупова билан ҳам шундай бўлди. Асалхон опа бундан деярли бир йил муқаддам эзгу ишга қўл урди. Ўз шаҳрида “Малика текстил” МЧЖ негизида тикув цехини ишга туширди. Дастлаб бу ерда 27 нафар кишининг бандлиги таъминланди. Бугунга келиб, ишчи-ходимлар сони 36 нафарга етди. Демак бир тадбиркор аёлнинг ташаббуси, серғайратлилиги боис, шунча инсоннинг оилавий бюджетига даромад қўшиляпти.

Хўш, унда муаммо нимада? Гап шундаки, бундан 7 ой муқаддам Когон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси вакили опанинг олдига келиб, бошқарманинг ишчи-ходимлари учун 97 дона қишки иш кийимларини қисқа муддатда тайёрлаб беришни илтимос қилди. Сарф-харажатлар хомчўт қилиниб, меҳнат ҳаққи 50 миллион 756 минг сўм бўлиши айтилди. Бошқарма вакили келишилган пулни белгиланган муддатда тўлаб бераман мазмунидаги кафолат хати ҳам ёзиб бериб, “заказ”ни иложи борича тезроқ тайёрлаб беришни қайта-қайта таъкидлади.

Асалхон опа буюртмани кўнгилдагидек бажарди-ю бироқ келишувда айтилган маблағ 7 ой “туя гўшти еди”. Бу вақт оралиғида МЧЖ раҳбари 1-2 та юқори ташкилотга “дард”ини айтиб ҳам кўрди, бўлмади. Шунда O‘zLiDeP  Бухоро вилоят Кенгашига мурожаат қилди. Муаммони рўйи рост айтди. Партия фаоллари мазкур ҳолатни атрофлича ўргандилар.  Мурожаатчи  ҳақ бўлиб чиқди. Адолат қарор топиши учун тегишли ташкилотларга сўровлар юборилди.

“Партиянинг вилоят Кенгашига қилган мурожаатим бесамар кетмади, — дейди Асалхон опа. — Мана, ҳозирча буюртмачи ташкилот томонидан менинг ҳисоб рақамимга 33 миллион 600 сўм маблағ келиб тушди. Билганимда халқ манфаатини, айниқса, тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи O‘zLiDeP фаолларига аввалроқ мурожаат қилган бўлардим. Ўшанда ўз пулимни оламан деб шунча пайт мобайнида сарсон юрмаган бўлардим, албатта”.

Обид ҚЎЛДОШОВ,

O‘zLiDeP Бухоро вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1249
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+