Ўқитувчи — мамлакат тараққиётини ҳаракатлантирувчи куч

30.09.2019, 16:19

Ўқитувчи — мамлакат тараққиётини ҳаракатлантирувчи куч

Ҳар бир инсоннинг сифатли таълим олиши, баркамол шахс бўлиб вояга етиши, жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топишида ўқитувчининг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис, инсоният тараққиёти ва жамият ривожида ўқитувчилик касби ҳал қилувчи ўрин тутиши кўплаб буюк даҳолар, мутафаккирлар, олимлар, шоиру ёзувчилар томонидан эътироф этилган.

Айниқса, Шарқ халқларида ўқитувчилар халқ орасида юксак ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлган. Буни Алишер Навоийнинг ўз қаҳрамонлари бўлмиш Қайс билан Лайлининг устозига берган таърифида ҳам кўришимиз мумкин: «У устоднинг дарс беришда шуҳрати жуда кетган эди. У ажойиб киши қабилада иззат-ҳурматли бўлиб, ҳар ишда қабила аҳлига ёрдамлашгувчи ҳам эди. Зўр шаън-шавкатга эга, мартабасининг юксаклиги кўкка тенг бир шахс эди».

Таъкидлаш жоиз, ўқитувчи олимлар орасидаги энг сара «малак қиёфали» киши бўлиши, яъни соф кўнгилли, пок қалбли, инсофли, карам-мурувватли, одобли, вафоли, қисқача қилиб айтганда, кишиликнинг энг яхши ва олижаноб хислатларини ўзида акс эттирувчи бўлиши кераклиги уқтирилган.

Қаранги, замонлар ўзгариши билан ўқитувчи ва мураббийларга қўйилган талаблар кучайиб борса борадики, лекин ҳеч ҳам пасаймайди.

Бугунги шиддат билан ўзгараётган замонда фарзандларимизга ҳар томонлама чуқур билим бериш, уларни ҳар қандай ўзгаришларга кучли билим ва тафаккури билан жавоб берадиган инсонлар қилиб тарбиялаш ҳақида қайғуришимиз зарурлиги Президентимиз томонидан Ўзбекистон Ўқитувчи ва мураббийларига йўлланган байрам табригида алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг табригида илгари сурилган ҳар бир ғоя таълим тизимининг келгусидаги аниқ стратегик мақсадларини, йўналишларини белгилаб берадиган дастуриламал бўлади, десак муболаға бўлмайди.

Биз депутатлар олдида эса, таълим соҳасида сўнгги уч йилда амалга оширилаётган ислоҳотларни халққа етказиш, мактаб таълимини ривожлантириш мақсадларининг умумхалқ ҳаракатида фаол иштирок этиш, янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонунини қабул қилиш ва ҳаётийлигини таъминлашда фаол қатнашиш асосий вазифамиз бўлиб қолаверади.

Одинахон ЖАМОЛДИНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси 

  • Кўрилди
    1035
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+