O‘zLiDePнинг сайловолди тарғибот тадбири Қарши шаҳрида ташкил этилди (ФОТО)

01.10.2019, 18:40

O‘zLiDePнинг сайловолди тарғибот тадбири Қарши шаҳрида ташкил этилди (ФОТО)

Қарши шаҳридаги Амфитеатр олдидаги катта майдонда O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши томонидан партиянинг ғоя ва мақсадларини аҳоли онгига сингдириш, сайловолди дастурини кенг тарғиб қилиш мақсадида “Янги даврга янгича қарашлар билан” деб номланган байрам тадбири ташкил этилди.

Шу кеча мустақил Ўзбекистон, сайловга оид паннолар, “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!”, “O‘zLiDeP кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун масъулиятни ўз зиммасига олган ягона сиёсий кучдир”, “Биргаликда биз кучмиз” деган шиорлар билан безатилган майдон узра ўзгача шукуҳ, шодумонлик ва кўтаринкилик ҳукмрон эди. Партия рамзи туширилган майка ва кепкаларни кийиб олиб, бўйинларига шарфлар ўраб, байроқчаларни ҳилпиратиб юрган ёшлар, шифокор, ўқитувчи, фермеру тадбиркорларга барча ҳавасу ҳайрат ила қарамоқда. 

Тадбирда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳаитов сўз олиб, барча анжуман иштирокчиларини партиянинг дастурий мақсадларини қўллаб-қувватлаб, байрам тадбирига қимматли вақтини аямай ташриф буюрганликлари  учун чуқур миннатдорчилик билдирди. Яқинлашиб келаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга жиддий эътибор қаратилиб, пухта ҳозирлик кўрилаётганлигини таъкидлаб, сайловларда партиянинг муносиб номзодлари учун овоз беришга чақирди. Шунингдек, тадбирда вилоят кенгаши раиси Шуҳрат Турсунов, Китоб туманидаги 37-мактаб директори Лобар Раҳимова ва бошқалар сўзга чиқиб, O‘zLiDeP “Давлат ҳам, ислоҳотлар ҳам авало инсонга хизмат қилиши керак” деган ғоя билан сиёсий майдонга чиқаётганлиги, эркинлик, эркин ривожланиш инсон салоҳиятининг янги қирралари, имкониятларини рўёбга чиқаришнинг бош омили бўлиб¸ бу жараёнларнинг бош ижрочиси ва локомотиви тадбиркор ва ишбилармонлар эканлигини алоҳида таъкидладилар.

- Мен мана шу ойдин оқшомда ажойиб байрам тадбирида сиз билан учрашиб турганлигимдан мамнунман, - деди самбо бўйича жаҳон чемпиони Жўрабек Қобилов. – Мен шу партия аъзоси бўлганлигимдан фахрланаман. O‘zLiDeP мен ишонган ягона сиёсий кучдир. Чунки партиямиз ёш авлоднинг жисмонан соғлом ва баркамол инсонлар бўлиб камол топиши учун эътибор қаратиб, уларни спорт билан шуғулланишлари учун доимо ғамхўрлик кўрсатиб, турли мусобақалар ташкил этишда бош-қош бўлаётганлиги бунинг исботидир.

- Партиямизнинг дастурий мақсадлари бугун амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанглиги билан аҳолининг диққат эътиборини ўзига жалб этмоқда, - дейди тадбиркор Санжар Бўриев. – Биз одамларни ҳаётдан рози қилиш, тадбиркорликка йўналтириш орқали турмуш фаровонлигини ошириш, инновацион ғоялар ва ишланмаларни амалиётга татбиқ этиб, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш орқали экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида муттасил изланаяпмиз. Тадбиркор бой бўлса, жамият ҳаёти кундан-кун фаровонлашиб, гўзал бўлиб бораверади. Бугунги тадбирда мен ана шундай эзгу ниятлар билан умргузаронлик қилаётган шижоаткор, изланувчан ва юртсевар сафдошларимиз билан мулоқот  қилиб, ойдин йўлда эканлигимиздан мамнун бўлдим.

Байрам тадбирида “O‘zLiDeP билимдони” викторинаси ҳам ўтказилиб, партия тарихи ва дастурий мақсадларига оид саволларга зукколик билан жавоб берган ёшларга китоблар совға қилинди.

- Сайловлар мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг бардавомлиги, юрт тараққиёти, эл фаровонлиги йулидаги стратегик вазифаларни амалга оширишда улкан аҳамият касб этади, - дейди O‘zLiDeP вилоят кенгаши ташкилий-партиявий ишлар бўлими мудири Сарвар Бекмуродов. – Кескин рақобат, янги қарашлар, замонавий сиёсий технологиялар асосида бўлиб ўтадиган бу йилги сайловларда ғалаба қозониш осон бўлмайди. Шунинг учун бу йилги сайловолди ташвиқотларини юксак даражада ўтказишга ҳаракат қилишимиз талаб этилмоқда. Биз мамлакатимиздаги халқимиз ишонган ягона сиёсий куч эканлигимизни амалда исбот эта олишимиз керак. Муттасил равишда маҳалла ва қишлоқларда бўлиб, халқнинг қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаб, уларни бартараф этиш чораларини кўряпмиз. Зеро,  муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек: “Ҳар қандай  партия замон билан ҳамнафас бўлиб,  унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади”.

Тадбир давомида воҳанинг эл ардоғидаги хушовоз хонандалари ва бошқаларнинг чиқишларини байрам тадбири қатнашчилари гулдурос қарсаклар ва олқишлар билан қарши олишди. Дилрабо куй-қўшиқлар рақсларга уланиб кетди. Қашқадарёда O‘zLiDePнинг сайловолди дастури тарғиботи доирасидаги тадбирлар вилоятнинг туман ва шаҳарларида ҳам давом этмоқда.   

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири

  • Кўрилди
    1394
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+