Тадбиркорлар қонун берган имкониятдан қачон тўлиқ фойдаланади?

02.10.2019, 10:08

Тадбиркорлар қонун берган имкониятдан қачон тўлиқ фойдаланади?

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишда муҳим омилдир. Шу боис ҳам кейинги уч йил ичида Президентимизнинг мазкур соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган элликдан ортиқ Фармон ва қарорлари қабул қилинди. Ана шу ҳужжатларга мувофиқ, тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказиш, турли рухсатномалар олиш ва бошқа кўплаб хизматлар тартиб-қоидалари соддалаштирилди.

Бироқ жойларда ўтказилган учрашувлар, тадбиркорлар билан мулоқотлар мобайнида улар фаолиятида ҳанузгача кўплаб муаммоларга дуч келаётгани маълум бўлди. Масалан, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар муддатларини кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш учун рухсат олишдаги муаммолар кўплаб тадбиркорларнинг ҳақиқий бошоғрига айланган.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 54-моддасида, инсофли солиқ тўловчиларга солиқ таътиллари, шунингдек, солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Ҳукумат ёки у ваколат берган орган томонидан берилиши белгиланган.

Ягона солиқ тўловини тўловчиларга солиқ таътиллари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда давлат солиқ хизмати органлари томонидан берилиши назарда тутилган.

Мазкур нормалар солиқ кодексига 2017 йил 30 декабрида тегишли қонунга асосан киритилган бўлса-да, ҳозирги кунгача инсофли солиқ тўловчиларга солиқ таътиллари, шунингдек, солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлашнинг белгиланган тартиби ишлаб чиқилмаган.

Бу эса, ўз навбатида, инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини тўлиқ таъминланмасдан қолишига, айрим вақтларда уларнинг молиявий муаммолар туфайли банкротлик ҳолатига тушиб қолишига ҳамда мавжуд иш ўринларини йўқотишига сабаб бўлиши мумкин.

Шу ўринда бир ҳақли савол туғилади: қонун берган имкониятлардан тадбиркорлар қачон тўлиқ фойдаланади?

Бу саволга жавоб аниқ: инсофли солиқ тўловчиларга солиқ таътиллари, шунингдек солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлашнинг тартибини қисқа муддатларда ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ.

Шу билан бирга, тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида инсофли солиқ тўловчиларга солиқ таътиллари, шунингдек, солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлашни йирик солиқ тўловчилар учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги таклифлари асосида, бошқа солиқ тўловчилар учун эса, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ҳудудий солиқ бошқармалари ҳамда молия бошқармаларининг таклифлари асосида берилишини таклиф этган бўлардик.

Комилжон ЭРНАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    858
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+