Қурилиш соҳасида очиқлик таъминланади

02.10.2019, 14:41

Қурилиш соҳасида очиқлик таъминланади

Мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфасига кўркамлик бахш этиш билан бирга, инсонларнинг ҳаётига ҳам ўзгача маъно-мазмун киритяпти.

Албатта, соҳада эришилаётган ютуқлар билан бирга ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам бор. Хусусан, қурилиш соҳасида бугунги кунда масъул манфаатдор шахслар ва кенг жамоатчилик кўз ўнгида амалга оширилаётган жараёнларни кузатиш имконияти мавжуд эмас. Яъни, ажратилган маблағлардан нотўғри фойдаланиш, объектларни ўз вақтида топширмаслик, қурилишда сифати паст материаллардан фойдаланиш, қурилиш ишларига соҳанинг мутахассиси бўлмаган ходимларни жалб қилиш каби омиллар қурилиш ишларининг сифатсиз бажарилишига олиб келмоқда. Бу, ўз навбатида, республика бюджети маблағлари, мақсадли жамғармалар ва буюртмачиларнинг ортиқча харажатлари, энг асосийси, аҳолимизнинг хавфсизлигини таъминлашни шубҳа остига қўймоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 20 сентябрь куни имзоланган “Қурилиш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айнан юқоридаги камчиликларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мазкур қарор қурилиш соҳасида коррупция ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали қурилиш жараёнларининг барча босқичида жамоатчилик учун шаффофликни таъминлашда муҳим дастуриламал бўлади.

Таъкидлаш жоиз, биргина Жанубий Корея давлатининг тажрибасига қисқача назар соладиган бўлсак, иккинчи жаҳон уришидан кейин қурилиш соҳасини ривожлантириш йўлида қатор жиддий муаммоларга дуч келган. Жумладан, қурилиш сифатининг пастлиги, техник хизмат кўрсатиш тизимининг мавжуд эмаслиги натижасида 1994 йил Сеул шаҳрида Сонсу кўпиригининг қулаши оқибатида 50 киши ҳаётдан кўз юмган. Шунингдек, 1995 йил ердан ноқонуний фойдаланиш ҳамда аниқ ҳисоб-китобларсиз бинони кенгайтириш натижасида “Сампунг” универмаги қулаши 1500 кишининг ҳаётига зомин бўлган. Буларнинг барчасига лоқайдлик, шахсий манфаатдорлик, ўз масъулиятига совуққонлик билан ёндашиш каби салбий ҳолатлар сабаб бўлган. Буларнинг олдини олиш мақсадида Корея давлати ўзининг бор кучини сафарбар қилди. Коррупциянинг олдини олувчи “Шаффоф қурилиш” тизими таклиф этилди. Мазкур тизим қурилиш жараёнларига замонавий ахборот технологияларнинг инновацион индустриясини жорий этишга қаратилди. Натижада қурилиш ишлари жараёнларига раҳбарлик қилиш ва уларни бошқариш ҳамда улар тўғрисидаги маълумотларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида қатор тизимлар яратилди.

Эътиборлиси, мазкур қарор асосида дастлаб Тошкент вилояти, 2021 йил 1 январга қадар мамлакатимизнинг барча ҳудудида реал вақт режимида «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими, 2020 йил 1 мартга қадар эса, давлат шаҳарсозлик кадастрини юритиш ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатлари ва маълумотларини жамоатчиликка онлайн режимда тақдим этиш имконини берувчи «Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри» географик ахборот тизими (геопортал)ни ишлаб чиқиш ва тест режимида ишга тушириш белгилаб қўйилди.

Жорий этилаётган тизим орқали янги қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш объектлари бўйича амалга оширилиши белгиланган манзилли дастурларнинг ким томонидан, қаерда, қачон каби аҳолини қизиқтирадиган саволларга жавоб топиш имконияти яратилади.

Шунингдек, қурилиш объектлари бўйича буюртмачи, лойиҳа ва экспертиза ташкилотлари, пудратчи ҳамда назорат қилувчи органлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар тўла электрон базага киритилиши таъминланади. Ушбу жараёнлар давомида пайдо бўладиган камчиликлар тезда бартараф этилишининг имкони яратилади. 

Қутлимурод БАБАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    844
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+