Изланишлар янги имкониятлар яратади

08.10.2019, 17:18

Изланишлар янги имкониятлар яратади

ёхуд тадбиркорликка йўл – фаровонлик кафолати

 Бугунги кунда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, бу йўлдаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш мақсадида узоқни кўзлаб олиб борилаётган сиёсат самарасида мазкур соҳа миллий иқтисодиётимизнинг чинакам таянчига айланмоқда. Зеро, тадбиркор бой бўлса, давлат ҳам, халқ ҳам бой бўлади, одамлар бахтли яшайди.

Шундай бўлса-да, жойларда тадбиркорликни ривожлантиришга, бизнесни бошлашга тўсқинлик қилувчи баъзи бир ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Бу эса тадбиркорларда ҳақли равишда норозилик ҳиссини уйғотмоқда.

Гап шундаки, Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай тумани “Бегжап” овулида яшовчи Гавҳар Ережепова “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури доирасида имтиёзли кредит олиб, ўз бизнесини йўлга қўймоқчи эди. Аммо соҳага оид билим ва кўникмага эга эмаслиги сабаб бироз иккиланди. Шу боис у халқ вакили Б.Кидирниязовдан кўмак сўрашни лозим топди. ЎзЛиДеП депутати унинг бу ташаббусини яқиндан қўллаб-қувватлашини билдирди.

–  Депутатимиз Бекберген Досбергенович менга бир қатор тадбиркорлик йўналишлари билан шуғулланишим мумкинлигини тушунтирди, – дейди Гаўҳар Ережепова. – Шундан ўзимга умумий овқатланиш корхонаси (кафе)ни очиш режаси маъқул бўлди. Ўз бизнесимни  йўлга қўйиш учун депутатимиз Шуманай туманидаги Халқ банкидан 67 млн сўм кредит олишимга яқиндан ёрдам кўрсатди. Бугунги кунда  «Гаўҳар Қарабайли» МЧЖ ташкил этиб, фаолиятимни бошладим.

Қандай оиладан чиққанлигинг, қандай ўқиганлигинг муҳим эмас, муҳими ким бўлмоқчилигинг, ўз ҳаётингни қандай қурмоқчилигинг, кимларнингдир ҳаётини яхшилашга ёрдам бера олишингдир. Изланиш бор экан, ўз-ўзидан янгидан янги имкониятлар ҳам туғилади!

 БАДАВЛАТ БЎЛИШИМИЗ ЙЎЛИДА

елиб-югураётган депутат

Бизнинг ҳаётимиз инъом, ҳар кунимиз совға. Умр қадрини билиш, қадрли бўлиш эса ўз қўлимизда. Бу учун энг аввало саломатлигимизди кўз қорачиғидек асрашимиз зарур. Негаки биз соғлом бўлсакгина ҳақиқий ҳаёт лаззатини, гўзаллигини ҳис қиламиз, буюк марраларни забт этамиз, жамият ва давлат учун фойдамиз тегадиган керакли инсонга айланамиз. Шу боис бугунги кунда соғлиқни сақлаш соҳасига қаратилаётган юксак эътибор ҳар кимни бўлса ҳам қувонтиради. Бу ислоҳатларни изчил давом эттириш, соҳада мавжуд муаммоларни кечиктирмай бартараф этиш эса кун талаби. Бу борада халқ депутатлари ҳам фаоллик кўрсатишяпти. Сўзимизга мисол тариқасида Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи аъзоси М.Бекназарова ишчи гуруҳ вакиллари билан тумандаги аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг бугунги ҳолатини ўрганиш мақсадида туман шифохона ва поликлиникаларида, "Кипчоқ" ОФЙдаги "Йўлдош" хусусий корхонаси ва 20 сонли мактабгача таълим муассасасида бўлганлигини айтиш мумкин.

Ўрганиш жараёнида депутатимиз шифокор ва ҳамшираларнинг ўзига бўлган талабчанликни яна ҳам ошириш, замон билан ҳамнафас яшаш зарурлиги, инсон ҳаёти билан ҳазиллашиб бўлмаслиги, фақат саломатликни тиклаб қолмасдан, халқимизнинг соғлом ҳаёт тарзига амал қилиб яшашини таъминлаши, бу борада тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, халқимизга хос меҳир-оқибат, одамгарчилик, ёрдамга муҳтожларга кўмак бериш, ғамхўрлик кўрсатиш каби олижаноб хислатларни қадрлаш ва давом эттириш, ҳеч бир инсон эътибордан четта қолмаслиги кераклигини ҳам эътироф этди. "Кўкчи" маҳалласида истиқомат қилувчи 1964 йили туғилган 1гуруҳ ногирони С.Жуматованинг ҳолидан хабар олиниб, даволанишга муҳтожлиги аниқланиб, амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди.

Шу куни ишчи гуруҳ вакиллари тумандаги самарали фаолият кўрсатиб келаётган "Йўлдош" хусусий клиникасида ҳам бўлишди. Бу ерда даволанаётган кишиларнинг кўплиги, кам таъминланган фуқароларга бепул хизмат кўрсатилиши мақтовга сазовор иш бўлса ҳам, тозалик масаласига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги тушунтирилди. Шунингдек, 20 сонли МТМ даги тиббий хизмат сифати, кичкинтойларнинг кўнгилдагидек таълим-тарбия олиши йўлида яратилган шарт-шароитлар ҳам ўрганилди.

­– Касалликни даволагандан, олдини олган яхши, – дейди 20 сонли МТМ ҳамшираси М.Казакова. – Шу боис доим тозаликка эътибор қаратамиз. Иккинчидан, соғлом бўлиш учун тўғри овқатланиш, спорт билан шуғулланиш  муҳим. Қувонарлиси, бугун депутатларимиз келиб, муассасамизни тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласини кўриб чиқди, қатор таклифларини билдирди.

Соғлиги яхши инсон – ўзи бу ҳақида билмаса ҳам, энг бадавлат инсондир, дейди донишмандлар. Бадавлат бўлиб яшашимиз йўлида елиб-югураётган жонкуярлар бор бўлсин!

МУАММОЛАРДАН ҚОЧИБ ЭМАС

ечиб қутуласан

Қай ерда муаммо мавжуд бўлса, шу ерга эътибор қаратиш зарур. Негаки, муваффақият – муаммоларни ўз вақтида бартараф этишдан бошланади. “Кичкина деманг бизни” деганидек, кичикнинг каттага айланиши бир зумда. Катта муаммонинг юзага келиши оёққа тушов бўлади. О­ғир юк билан эса узоққа бориб бўлмаслиги кундек равшан.

Шу боис халқ орасида бўлиб, уларнинг дарди, муаммоларини, талаб ва таклифларини ўрганиш, порлоқ келажак сари йўл очиб бериш муҳим аҳамият касб этади. Ўз орзу-истакларининг амалга оширишда халқ ҳар доим ўз вакиллари бўлмиш депутатларга суянишини назардан қочирмаслик керак. Бугун депутатлар зиммасидаги бурч, вазифа кечадиган салмоқли, кечагидан юксак. Улар биринчи навбатдан халқ ишончини оқлаш йўлида ёниши шарт!

Ҳисобот бериш – оддий қоғозбозлик. Ҳар қандай иш натижаси амалиётта намоён бўлади. Айниқса ҳозирги даврда ҳамма эшитганидан кўра кўз билан кўрганига ишонишади. Шу боис депутатларимиз сўздан амалга ўтса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ким халққа қулоқ тутса, халқ ҳам уни эшитади, унга эргашади, асосийси унга ишонишади. Халқ депутатлари Тахиатош тумани Кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик груҳи аъзоси Я.Ходжамов “Қушчилик” МФЙ аҳолиси билан учрашар экан, бу сафари ҳам кўплаб масалалар ўз ечими кутаётганлигига иқрор бўлди. Жумладан, замон талабларига мос ҳудудда кичкинтойлар учун янги мактабгача таълим муассасаси, кутубхона, болалар майдончаси, мини футбол стадионини қуриш, халқ саломатлиги йўлида арзон ва сифатли дорихона, шифокорлик пунктини ишга тушириш, ичимлик суви сифатини, томорқа ерларини суғориш тизимини яхшилаш зарурлигини аниқлаб, мазкур масалаларни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда қонун доирасида қисқа фурсат ичида кўриб чиқишини билдирди.

Дарҳақиқат, депутат биринчи навбатда тегишли ташкилотларга ўз сўзини ўтказа олиши, муаммоннинг туп негизига етиши ва уни ҳал қилиш йўлларини билиши, кўрсатиши керак. Чуқур ўрганилса доно боболаримиз таъкидлаганидек, “иложсиз ишнинг ўзи йўқ”. Айтиб ўтиш жоиз, шу кунга қадар “Қушчилик” МФЙ аҳолиси томонидан келиб тушган мурожаатлар бўйича тегишли ташкилотларга 42та депутатлик сўрови юборилган, шунинг 29таси ижобий ҳал қилинган бўлса, 13таси назоратга олинган. Туман кенгаши сессиясига эса 2 та масала киритилган. Депутатимиз Я.Ходжамов эса шу кунга қадар ўзи сайланган ҳудудга ичимлик суви трубаларини таъмирлаш, ободонлаштириш ишларига яқиндан ёрдам кўрсатган. Таъмир талаб аҳволга келиб қолган “Қушчилик” МФЙ биноси ва ҳудуддаги болалар боғчасини қайта таъмирлатиб, ишга туширган.

Албатта, булар хамир учидан патир. Депутатлик аввало, бизга қилган меҳнатларимиз учун эмас, энди қилажак буюк ишларимиз учун бериладиган ишонч ёрлиғидир. Бу учун пулнинг кўп бўлиши эмас, режанинг зўр бўлиши муҳим! Режали иш – муваффақиятни таъминлаб қўймасдан, аҳоли бандлиги асоси, яхшигина даромад манбаи саналади. Шундай экан, она халқимизнинг эртанги бугунидан яхши, кўнгли тўқ бўлиши йўлида енг шимариб, ишга киришаётган депутатларимиз асримизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари бўлишига ишониб қоламиз!

Н.МАМБЕТИРЗАЕВА,

O'zLiDeP фаоли

  • Кўрилди
    950
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Рахманова Гульнара 2019-10-03 08:48:42

Бекберген акамизни хакикий уз ишига масъулият билан ендашадиган дептутат эканлигини маколадаги тадбиркорликни ривожлантиришни максад килган фукорага бир гина амалий ердамидан куришимиз мумкин. Келгуси сайловларда партиямиздан шу каби фаол депутатларимиз сайланади дея умид киламиз


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+