Имзо йиғиш ихтиёрий

03.10.2019, 18:51

Имзо йиғиш ихтиёрий

Амалдаги қонунларга биноан сиёсий партия ўзининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида 40 000 сайловчининг имзосини тўплаган тақдирдагина депутатликка номзодлар кўрсатиши мумкин. Шу боис мамлакатимизнинг барча ҳудудларида имзо йиғиш ишлари бошланган. Маъмурий-ҳудудий тузилмалардан биттасида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри) сиёсий партия имзолар умумий миқдорининг кўпи билан саккиз фоизини тўплаши лозим бўлади.

 O‘zLiDeP  Самарқанд вилоят Кенгашининг 1200 дан зиёд корхона, ташкилот ва муассасаларда қуйи бўғинлари мавжуд бўлиб, улар 100 мингдан ортиқ аъзони бирлаштирган. Имзо тўплаш жараёнида бошланғич ташкилотлар фаол иштирок этмоқда. Имзоларни ўз вақтида тўплаш белгиланган талабларга мувофиқ равишда самарали ташкил этилмоқда. Бунда сайловчиларга имзо варақаларини тўлдириш тартиб-таомиллари аниқ-равшан тушунтирилмоқда. Шунингдек,  партия ҳудудий ташкилоти масъул ходимлари томонидан имзо варақаларининг тегишли шахслар ва муайян ҳудуддаги партия туман (шаҳар) тузилмалари раҳбарлари томонидан тасдиқланиши устидан назорат ўрнатилган.

– Мамнуният билан қайд этиш керакки, имзо тўплаш жараёни тегишли қонунларга тўла риоя этилган ҳолда ўтяпти, – дейди O‘zLiDeP вилоят ташкилоти бўлим мудири Насиба Мўминова. – Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан имзо тўплаш жараёнини ҳар жиҳатдан мукаммал ўтказиш, варақалар тўғри тўлдирилиши устидан назоратни йўлга қўйиш бўйи­ча аниқ топшириқлар берилди. Мазкур тадбирларни уюшқоқлик билан ўтказиш учун шаҳар ва туман партия кенгашлари ҳамда бошланғич партия ташкилотлари имкониятларидан самарали фойдаланиш масаласига жиддий эътибор бериляпти. Жумладан, Сиёсий таълим маркази кўмагида имзоларни тўплашда иштирок этаётган сафдошларимиз билан зарур машғулотлар ўтказдик. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, сайловчилар имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек, ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа жойларда олиб борилмоқда. Имзо тўплаётган шахс томонидан сайловчиларни мажбур қилиш ва уларни ўзига оғдириб олишга йўл қўйилмаяпти. Имзо йиғиш тадбирлари мобайнида сайловчиларнинг онгу тафаккури янада юксалгани, уларнинг сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишга интилаётгани шоҳиди бўляпмиз. 

Бўлажак сайлов арафасида 20 миллиондан ортиқ сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, шулардан 2 миллиондан зиёд ёш илк бор  овоз беради. Қайд этиш керакки, Самарқанд вилоя­тида сайловчилар сони  2 миллион 373 минг 738 кишини ташкил этмоқда.

Имзо тўплаш жараёнларида Самарқанд ветеринария медицина инс­титути, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси, Самарқанд шаҳар мактабгача таълим бошқармаси ва “Экопланет” хусусий корхонасида фаолият юритаётган таянч тузилмалар, айниқса,  фаол қатнашяпти.

– “Давлат ҳам, ислоҳотлар ҳам аввало инсонга хизмат қилиш керак”. O‘zLiDeP сайловолди кампаниясида мана шу ғоя билан сиёсий майдонга чиқяпти. Инсон манфаати, унинг ҳуқуқи эркинлик шароитидагина таъминланади. Эркинлик, эркин ривож­ланиш инсоннинг салоҳияти,  имкониятлари рўёбга чиқишининг бош омилидир. Бугун юртимизда бу жараёнларнинг локомотиви сифатида ўртага чиққан қатлам  тадбиркорлардир. Мен бўлажак сайловда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясини қўллаб-қувватлайман, – дейди Марказий банк Самарқанд вилояти филиали раҳбари Қаюм Собиров.  

– Имзо жамлаш тадбирлари ҳам мамлакатимизда том маънодаги ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти шаклланаётганидан далолат беради, – дейди партия шаҳар ташкилотида ишлаётган сайлов­олди штаби аъзоси Ҳасан Хўжақулов. – Хайрихоҳларимиз хусусий секторни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш тарафдори эканини билдириб, варақаларга имзо чекаяптилар.

– Сиёсий кампанияга пухта тайёргарлик билан кириб бораяпмиз, – деди “Экопланет” МЧЖдаги БПТ аъзоси Орзигул Бўриева.  – Жумладан, имзо тўплаш ишларига аъзоларимиз масъу­лият билан ёндашяптилар. Бу тадбирга тааллуқли барча масалаларга жиддий эътибор қаратиляпти. Тегиш­ли тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилинган ҳолда фаолларимиз 300 га яқин имзо йиғдилар. Қайд этиш керакки, уюшқоқлик билан ўтказилаётган имзо тўплаш жараёнида одамларнинг O‘zLiDeP дастурий ғояларига бефарқ эмаслигига, партиямиз, айниқса, ўрта қатлам вакиллари  томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланаётганига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик.

Фармон ОЧИЛОВ,

O‘zLiDeP Самарқанд шаҳар

Кенгаши раиси

Теглар
Сайлов 2019
  • Кўрилди
    963
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+