Тадбиркор халқ – фаровон ҳаёт кафолатидир!

04.10.2019, 10:57

Тадбиркор халқ – фаровон ҳаёт кафолатидир!
Жорий йил сиёсий партиялар учун янада масъулиятли йил ҳисобланади. Боиси Парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар бўлиб ўтади. 
 
Сайловлар ҳар бир юртдошларимизнинг давлат бошқарувидаги иштирокини таъминловчи, ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси эканлигини ифодаловчи жараёндир. 
 
Бугунги кунда муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида “Одамлар эртага, узоқ келажакда эмас, балки бугун бахтли яшаши керак”, деган эзгу ғояни рўёбга чиқариш учун барча соҳа ва тармоқларда улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Албатта, бу йўлдаги ташаббусларнинг ижросида OʻzLiDeP ҳам янги ғоя ва улкан мақсадлар, аниқ вазифалар билан фаолият олиб бормоқда.
 
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Фарғона вилояти Кенгаши томонидан Ислом Каримов номидаги театр-концерт саройининг очиқ осмон остидаги майдонида “Тадбиркор халқ – фаровон ҳаёт кафолатидир!” шиори остида тарғибот тадбири ўтказилди. 
 
Тадбиркор халқ – фаровон ҳаёт кафолатидир!
 
Тадбирни OʻzLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳаитов ва OʻzLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши раиси Раҳматулло Камоловлар кириш сўзи билан очиб, сайлов кампанияси сиёсий партиялар учун энг масъулиятли жараён ва муҳим синов эканлигини таъкидлади.
 
“Бу йилги сайловга партиямиз “Давлат ҳам, ислоҳотлар ҳам, аввало инсонга хизмат қилиши керак”, деган ғоя билан ўртага чиқмоқда. Жорий йилги сайловларнинг янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси асосида ўтказилаётгани сайловларнинг демократик тамойиллар асосида, очиқлик, ошкоралик ва шаффоф тарзда ўтиши билан бирга, сиёсий партиялар олдига ҳам долзарб вазифаларни қўяётгани билан янада аҳамиятлидир. Сайловчилар ишончини қозониш амалий ишларимизга ҳам боғлиқ. Ўтган вақт мобайнида депутатларимиз аҳоли хонадонларида юриб, уларнинг дарду ташвишларини ўзларининг муаммолари деб билиб, уларнинг оқилона ечимини топишга, бугундан рози бўлиб, эртанги кунга ишонч билан яшашларига ҳаракат қилдилар” дейди А.Ҳаитов. 
 
Маълумки, кундан-кун ривожланиб бораётган юртимизда тадбиркорлар қатлами муҳим ўрин тутади. Президентимиз таъбири билан айтганда, тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади. Қайд этиш керак, партия фаолиятининг асосий мақсадларидан бири ҳам фуқароларни бой қилишдан иборат. Маросимда нутқ сўзлаганлар томонидан партиянинг мақсад ва вазифалари, янгиланаётган сайловолди дастури ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
 
Тарғибот тадбири доирасида “Янги Ўзбекистоннинг ёрқин тараққиёти учун бирлашайлик!” шиори остида ёшлар ўртасида юриш марафони ҳам бўлиб ўтди. Шунингдек, вилоятдаги фермер ва ҳунармандлар маҳсулотлари намойиши асосида кўргазмалар ҳам ташкил этилди.
 
“Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал - демократик партияси ўзининг сайловолди дастурида таъкидланганидек, партия кичик бизнес ва фермерлар учун ягона солиқ тўлови бўйича ставкани пасайтириш бўйича сиёсатни давом эттириш зарур, деб ҳисоблайди. Бу эса хўжалик юритувчи субъектлар ихтиёрида айланма маблағларни тўлдириш, инвестицияларни киритиш учун қўшимча маблағлар қолишини, ўз даромадларининг реал даражасини яширувчи корхоналар сонини камайишини таъминлайди. Шунингдек, биз фермер ва деҳқон хўжаликлари учун ҳуқуқий асосларни ва зарур шарт-шароитларни такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда уларнинг етакчи кучга айланиши тарафдоримиз” дейди биз билан суҳбатда Фарғона вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Зоҳиджон Икрамов. 
 
IMG_8643.JPG
 
Тадбирда сўз олган партия фаоллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, шунингдек, бокс бўйича жаҳон чемпиони Миразизбек Мирзаҳалилов, тадбиркор Авазбек Пайгамовлар OʻzLiDeP ташаббускор партия эканлигини эътироф этдилар. 
 
“Юртимиз тараққиёти учун ўз ҳиссасини қўшишга шай фарзанд сифатида шуни айтаманки, биз, ёшлар ўз олдимизга улуғ мақсадларни қўйганмиз. Бу йўлда Президентимизнинг ғамхўрлиги ҳамда OʻzLiDePнинг қўллаб-қувватлашлари натижасида ўз тадбиркорлигимни бошлаб, ўнлаб ёш тенгдошларимни иш билан таъминлаганман” дейди ёш тадбиркор Дилшод Мусаев.
 
Ўн мингдан ортиқ фарғоналиклар иштирок этган тадбирда бутун ўйингоҳ узра олқишлар, “OʻzLiDeP, OʻzLiDeP, OʻzLiDeP”, “Бу менинг партиям, бу менинг танловим” деган хитоблар янгради. 
 
Тарғибот тадбирида водий юлдузлари, таниқли хонандалар томонидан куйланган истиқлолни, тинчлик ва шукроналикни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар барча йиғилганларни ўйин-кулгига чорлади, кўнгилларни шукроналик чулғади. 
 
Бундай тарғибот тадбирлари вилоятнинг барча туман-шаҳарларида ўтказилиши белгиланган.
 
Шоҳсултон Тўхтаматов,
 
OʻzLiDeP Фарғона вилояти 
 
Кенгаши матбуот котиби
Теглар
Сайлов 2019
  • Кўрилди
    1408
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+