Муносиб номзод танланса...

04.10.2019, 16:48

Муносиб номзод танланса...

Оддий савол туғилади: депутатликка номзодларга қандай талаб қўйилади? Энг асосийси, бу унинг ишчанлик қобилияти, нотиқлик маҳорати, муомала маданияти, ўзини кўрсатишдан қўрқмаслик, низоли вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш, бировларни ишонтириш ҳамда ортидан эргаштира олиш хислатлари номзод учун ўта муҳим бўлган мезонлардир. Номзоднинг сайловолди дастури халқчил бўлиши, ҳар бир ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий имкониятларидан келиб чиқиб, аҳолини қийнаётган муаммолар ечимига қаратилса, сайловчилар олдига кириб боришда жуда катта устунликка эришиш мумкин.

Шуни инобатга олган ҳолда, Хоразм вилоятининг барча туманларида муносиб номзодларни саралаб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг сиёсий билимларини ошириш, сайлов жараёнига пухта тайёрлаш мақсадида депутатликка номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, кузатувчилар ҳамда ваколатли вакилларнинг ҳам босқичма-босқич ўқувлари ташкил этилди. Айниқса, амалий машғулотлар, кўргазмали воситалар ҳамда интерфаол  усуллар  орқали уларнинг билим ва маҳоратлари оширилгани ўқувларнинг сифати ва натижадорлигини   таъминлади.

– Сайлов жараёнлари бошланиши олдидан семинар-тренинг ўтказилгани жуда яхши бўлди, – дейди Гурлан тумани “Янгибоғ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Давронбек Вапаев. – Машғулотларда салоҳиятимизни синаб кўришга имконият яратилди. Ҳали эътибор қаратмаган камчиликларимиз борлигини тушуниб олдик.

Сайлов куни яқинлашгани сайин сиёсий кучларнинг фаоллиги тобора ошади, халқ ичига кириб бориш, одамларнинг ишончини қозониш учун тарғибот-ташвиқот ишлари янада кучаяди. Чунки ҳар бир партия кўпроқ депутатлик ўринларини эгаллашга ҳаракат қилади.

Шу муносабат билан O‘zLiDeP ҳам жойларда аҳолининг барча қатламлари билан “Тадбиркорлик келажагимиз пойдевори”, “Менинг сайлов ҳуқуқим”, “Ўзбекистон ёшлари – эртамиз бунёдкорлари”, “Жамият ривожида партияларнинг ўрни ва роли” каби мавзуларда учрашувлар, давра суҳбатлари, тарғибот акцияларини ўтказиб келмоқда. Бу тадбирларда партиянинг мақсад ва вазифалари, сайловолди дастури, амалга оширган ишлари ҳаётий мисоллар орқали очиб берилмоқда.

Хоразм вилоятининг барча туманларида O‘zLiDeP ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган “Қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ва сотиш уйғунлиги” мавзусидаги амалий семинарларда ҳам юқоридаги жиҳатлар устунлик қилди. Унда илғор фермерлар тажрибаси ўрганилиб, фермер ҳўжаликлари фаолиятини оммалаштириш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича соҳа мутахассисларининг тегишли тавсиялари кўриб чиқилди.

– Фаолиятимнинг илк кунларидан бошлаб O‘zLiDeP билан алоқани йўлга қўйганман, – дейди Урганч туманидаги “Фаррух” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёр Мадраимов. – Партия кўмагида ишимни кенгайтирдим. Биз каби деҳқонларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда ушбу сиёсий кучнинг ўрни беқиёс.

Юқорида таъкидланганидек, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ барча масалалар Сайлов кодексида ўз аксини топган. Ҳар бир жараённинг муддатлари ва ким томонидан амалга оширилиши аниқ кўрсатиб берилган. Хоразмлик партиядошларимизнинг бугунги амалий ишлари ҳам айни талаблар ижроси билан бевосита боғлиқ. Модомики, ҳар беш йилликнинг муҳим воқеаси саналган сайловларда уларга омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Теглар
Сайлов 2019
  • Кўрилди
    947
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+