Сайловолди дастурига ҳаётий ва асосли таклиф-мулоҳазалар билдириляпти

07.10.2019, 11:01

Сайловолди дастурига ҳаётий ва асосли таклиф-мулоҳазалар билдириляпти

Сайловларнинг аҳамияти шундаки, бу жараёнда одамларнинг хоҳиш-иродаси, орзу-умидлари, ижтимоий кайфияти яққол намоён бўлади. Шу боис юртимизда сайловларни очиқ, ошкора ва шаффоф ўтказишга алоҳида эътибор қаратилади.

Жорий йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларнинг илк бор яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига мувофиқ ўтказилиши бу борадаги ишлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганидан далолат беради.

Мамлакатимиздаги бошқа сиёсий кучлар қатори Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам сайловда муваффақият қозониш учун амалий ишларни тобора кучайтирмоқда. Энг аввало, партиянинг Сайловолди платформаси пухта ишлаб чиқилиб, ҳудудларда унинг муҳокамасига бағишланган дебатлар ташкил этилди. Билдирилган таклифлар асосида ло­йиҳа янада такомиллаштирилди.

Хоразм вилоятида ўтказилган муҳокамаларда ҳам партиянинг янгиланган дастури ва Сайловолди платформасига киритилаётган қўшимча ва ўзгартишлар таҳлил қилиниб, 20 дан ортиқ таклифлар илгари сурилди.

– Партиянинг янгиланган дастурида электоратимиз манфаатларини ҳар томонлама муҳофазалашга қаратилган янгиликлар кўп. Аммо уни айнан фермерларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга йўналтирилган бандлар билан тўлдириш керак, – дейди  “Ҳамкорбанк”нинг Урганч халқаро бизнес маркази раҳбари Эгамберган Бобожонов. – Жумладан, фермерларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги имкониятлар яратувчи қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифасини киритиш лозим.

– Давлатимиз раҳбари  жойларда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкин, лекин маҳсулотнинг харидорини топиш ва бозорда муносиб ўрин эгаллаш тадбиркор учун азоб, дея бир неча маротаба таъкидлаганлари бежиз эмас, – дейди Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Илёс Абдуллаев. – Бу борада чет элларда тармоқли маркетинглар йўлга қўйилган. Бундай тизим бизга ҳам кириб келган, аммо улар норасмий фаолият олиб бормоқда. Таклифим шуки, тармоқли маркетингни қонун доирасида киритиш керак. Яна бир гап: илгари олий таълим тизимида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик асослари фани ўқитилар эди. Кейинчалик бу фан ўқув дастуридан олиб ташланди. Бугун тадбиркорлик жадал ривожланаётган бир пайтда ёшларга, бўлғуси ишбилармонларга мазкур фан асосларини чуқур ўқитсак, ўйлайманки, кутилган натижаларга аввалроқ эришамиз.

Янгиланган дастур ва кейинги беш йилликка мўлжалланган сиёсий платформа ло­йиҳалари Хоразм вилоятининг барча туман ва шаҳарларида муҳокамалардан ўтказилгани эътиборга лойиқ. Хусусан, Хонқа туманидаги мулоқотда депутатлар ва партия фаоллари ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишида жўяли таклифлар бердилар.

– Ҳар икки ҳужжатнинг Ҳаракатлар стратегиясига ҳамоҳанг ишлаб чиқилганлиги диққатга сазовордир, – дейди Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Қаҳрамон Абдуллаев. – Масала моҳиятига бундай ёндашув белгиланган вазифаларнинг ижросида уйғунликни таъминлайди.

Партиянинг Янгибозор туман Кенгаши томонидан уюштирилган очиқ мулоқотда вояга етмаганлар тарбияси устуворлик касб этиб, ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этилишига имкон берадиган сабаблар ўрганилди. Қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтган муҳокамаларда мактабгача таълим муассасаларининг бугунги кундаги ҳолатини яхшилаш йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳам кўриб чиқилди.

– Маҳаллалар қошида камида беш йиллик тажрибага эга психологлар фаолиятини йўлга қўйишни таклиф қиламан, – дейди Гурлан туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, партиямиз фаоли Нурхон Бобожонова. – Шу орқали маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга, нотинч оилалар билан индивидуал шуғулланишга, ажримларнинг олдини олишга, жиноятлар сонининг сезиларли даражада пасайишига эришган бўлар эдик.

Ҳазорасп туманида асосан автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришда тадбиркорларга енгилликлар яратиш зарурлиги, бу эса ўз навбатида маҳсулотлар таннархининг арзонлашуви ва янги иш ўринлари яратилишига олиб келиши айтилди.

Хивалик фаолларимиз лойиҳаларга таълим соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ўз таклифларини билдирдилар. Бунда асосий эътибор мактабларда 1 синфда 40 нафар ўқувчи икки сменада таҳсил олаётгани, амалий машғулотларга жой ва вақтнинг етишмаслиги, спорт майдончалари ва тўгаракларни кўпайтириш, қўшимча мактаб бинолари қуриш зарурлигига  қаратилди.

Теглар
Сайлов 2019
  • Кўрилди
    1072
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+